Madaniyat

Денов тумани кадастрининг айби билан бир оила яшайдиган 2 сотих томорқа аукцион орқали тадбиркорга сотиб юборилди

Денов тумани “Чоргул” маҳалласидаги собиқ «Ҳозорбоғ» жамоа хўжалигининг нонвойхона  биносига А.Хидиров 1997 йилда кўчиб ўтиб, ушбу жойда ҳозиргача яшаб келмоқда.

А.Хидиров ушбу нонвойхона биноси ва шу бино жойлашган 0,02 га (200 квадрат метр) ер майдони 2007 йил 14 феврал куни «Азиз баҳо»масъулияти чекланган жамият орқали 1.150.000 сўмга сотиб олади ва шу бинонинг қолган қисмини унинг опаси Хидирова Хосият 1.031.607 сўмга сотиб олди.

А.Хидиров 2007 йилда аукцион орқали сотиб олган биносини расмийлаштириш учун туман идораларига бир неча марта мурожаат этган. Унга Денов туман ДСЭНМ бош врачи томонидан 02.06.2018 йилда берилан 122-сонли розилик хати, 18.03.2018 йилда Сурхондарё вилоят ер тузиш ва кўчмас мулк кадастри томонидан юборилган жавоб хати, 27.02.2018 йилдаги Денов тумани Ёнғин хавфсизлиги бошлиғи томонидан берилган жавоб хатлари ҳақиқатан ҳам «Чоргул» маҳалласида яшовчи А.Хидиров тумандаги барча ташкилотларга ўзи 2007  йилда аукцион орқали сотиб олган бинони расмийлаштириш масаласида мурожаат этганлигининг исботидир.

Лекин ушбу ер майдони 29.07.2019 йилда Денов туман ҳокимининг 3950-сонли ер участкасини аукционга чиқариш тўғрисидаги тўғрисидаги қарори билан аукцион савдосига қўйилган.

Шуниси қизиқки, «Бўш ер участкаси» деб кўрсатилган ушбу 0,02 га ер майдони 970.302 сўм 10 тийинга сотилибди!

Ушбу «Бўш ер участкаси»да “Чоргул” МФЙ томонидан 10.01.2019 йилда тақдим этилган 141-сонли маълумотномада 5 киши  яшаётганлиги қайд этилган.

2019 йил 18 сентябр куни Денов тумани прокурори томонидан  фуқаролик ишлари бўйича Денов туманлараро судига «Ўткир-Фаровон-Келажак» хусусий корхонаси манфаатини кўзлаб жавобгар Хидиров Азамат Зиёдуллаевичга нисбатан “Ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган 0,02 га ер майдонини Ў.Ташбаевга тадбиркорлик билан шуғулланиш ва автотранспорт вовиталарига хизмат кўрсатиш нуқтаси қуриш учун ноқонуний барпо қилинган яшаш уйини жавобгар ҳисобидан буздириш ҳақида” даъво ариза келтирибди.

Суд мажлиси 2019 йил 11 декабр куни ўтказилган. Суд мажлисида мутахассис сифатида иштирок этган Сурхондарё вилоят ер тузиш ва кўчмас мулк кадастри давлат корхонаси Денов тумани филиали мутахассиси А.Худойназаров ушбу ер майдонини бўш ер майдонлари деб хатловдан ўтказиб аукцион савдосига қўйганлигини айтган.

Худди шу Сурхондарё вилоят ер тузиш ва кўчмас мулк кадастр давлат корхонаси Денов туман филиали томонидан А.Хидировнинг 12.03.2018 йилдаги №69264-хq/18-сонли мурожаатига «…Ўрганиш жараёнида собиқ «Хазарбоғ» ширкат хўжалигини фермер хўжаликларига айлантириш бўйича махсус комиссиянинг аукцион савдосининг 2007 йил 14 февралдаги №15 сонли баённомаси ҳамда аукцион савдосининг 2007 йил 22 апрелдаги №22 сонли баённомасида аукцион ғолиблари Хидиров Азамат Зиядуллаевич ва Хидирова Хосият Зиядуллаевналар кўрсатилган. Ариза муаллифига бошланғич меъёрий ҳужжатлар (маҳалладан маълумотнома, солиқдан стир) тақдим этилгандан кейин расмийлаштириш мумкинлиги  ариза муаллифига тушунтирилди» деб жавоб берилган. Демак, судда мутахассис сифатида иштирок этган Сурхондарё вилоят ер тузиш ва кўчмас мулк кадастри давлат корхонаси Денов тумани филиали мутахассиси А.Худойназаров «Бўш ер участкаси» деб ҳокимиятга маълумот бераётганда шу «Бўш ер участкаси»да битта оила 1997 йилдан бери яшаб келаётганлигини яхши билган.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 30 июндаги «Тадбиркорлик ва шаҳарсозлик фаолиятини амалга ошириш учун ер участкаларини доимий фойдаланишга беришнинг замонавий ва шаффоф механизмларини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги 493-сонли қарорида аҳоли яшаётган ер майдони «Бўш ер участкаси» деб хатловга олиш кўрсатилмаган.  Чунки, шундан 9 кун аввал яъни 2018 йил 21 июн куни Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Фуқароларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар ҳамда ўзбошимчалик билан қурилган турар жойларга нисбатан мулк ҳуқуқини эътироф этиш бўйича бир марталик умумдавлат акциясини ўтказиш тўғрисида» 2018 йил 20 апрелдаги ПФ-5421-сон Фармони ижросини таъминлаш чора-тадбирлари ҳақида»ги 461-сонли қарори қабул қилинган эди ва А.Хидиров яшаётган уй-жой шу қарор бўйича эгалик қилиш ҳуқуқи давлат рўйхатидан ўтказилиши лозим эди.

Суд қарорида А.Хидировга нисбатан  1997 йилдан бери яшаб келаётган уйини ўз ҳисобидан бузиб, 2 сотих ер майдонини тадбиркорга қайтариш ҳақида ҳал қилув қарори қабул қилган. Суднинг қарори адолатли бўладими, адолатсиз бўладими ИЖРО ЭТИЛАДИ!

Денов тумани «Чоргул» МФЙ раиси билан ушбу ҳолатни ўрганиш жараёнида суҳбатлашиб қайтар эканмиз, раисдан: «А.Хидиров оиласи билан яшаётган уй-жой «Бўш ер участкаси» деб ҳужжатлаштирилишидан бехабармидингиз?»-деб сўраганимизда у киши: «Шу уй масаласида келган ҳамма идора ходимларига бу уйда А.Хидиров оиласи билан яшаши ҳақида айтанман.»-деди.

А.Хидировнинг мурожаатини ўрганар эканмиз, унинг  уй-жойи жойлашган 2 сотих, яъни 200 метр квадрат ер майдонида жойлашган  уйда яшовчи фуқаролар ҳақида маълумот  кўрсатилмасдан, аукцион савдосига қўйилиши кимгадир керак бўлган деган  фикр пайдо бўларкан…

Оловжон

Related Articles

Close