
Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг олтинчи бўлимида вояга етмаганлар жавобгарлигининг хусусиятлари кўрсатилган бўлиб, унга кўра вояга етмаган шахсларга қуйидаги жазо қўлланилади:
Яъни ушбу кодекснинг 81-моддасига мувофиқ, ўн саккиз ёшга тўлмасдан жиноят содир этган шахсларга қуйидаги асосий жазолар қўлланилиши мумкин:
а) жарима;
а1) мажбурий жамоат ишлари;
б) ахлоқ тузатиш ишлари;
в1) озодликни чеклаш;
г) озодликдан маҳрум қилиш.
Ўн саккиз ёшга тўлмасдан жиноят содир этган шахсларга нисбатан қўшимча жазолар тайинланиши мумкин эмас.
Бевосита, ушбу жазоларни миқдорига аниқлик киритилганида жарима базавий ҳисоблаш миқдорининг икки бараваридан йигирма бараваригача миқдорда тайинланади.
Мажбурий жамоат ишлари фақат меҳнатга лаёқатли вояга етмаганларга нисбатан олтмиш соатдан икки юз қирқ соатгача бўлган муддатга тайинланади. Мажбурий жамоат ишлари вояга етмаганларнинг соғлиғига ва маънавий жиҳатдан ривожланишига зарар етказмаслиги, ўқиш жараёнини бузмаслиги лозим.
Ахлоқ тузатиш ишлари фақат меҳнатга лаёқатли вояга етмаганларга нисбатан ўз иш жойида ўташ, айбдор ҳеч қаерда ишламаса, ушбу жазо ижросини назорат қилувчи органлар белгилаб берадиган ўзи яшайдиган ҳудуддаги бошқа жойларда ўташ тариқасида бир ойдан бир йилгача муддатга тайинланади.
Озодликни чеклаш вояга етмаган маҳкумларга нисбатан асосий жазо чораси сифатида бир ойдан икки йилгача муддатга тайинланади.
Вояга етмаганларга нисбатан озодликдан маҳрум қилиш жазоси бир ойдан ўн йилгача муддатга тайинланади, ушбу Кодекс 86-моддасининг иккинчи, учинчи ва тўртинчи қисмларида назарда тутилган ҳоллар бундан мустасно.
Озодликдан маҳрум қилиш жиноят содир этиш пайтида ўн тўрт ёшдан ўн олти ёшгача бўлган шахсларга нисбатан:
б) оғир жиноят учун — олти йилгача;
в) ўта оғир жиноят учун — ўн йилгача муддатга тайинланади.
Озодликдан маҳрум қилиш жиноят содир этиш пайтида ўн олти ёшдан ўн саккиз ёшгача бўлган шахсларга нисбатан:
б) оғир жиноят учун — етти йилгача;
в) ўта оғир жиноят учун — ўн йилгача муддатга тайинланади.
Вояга етмай туриб ижтимоий хавфи катта бўлмаган жиноят содир этган, эҳтиётсизлик оқибатида жиноят содир этган ёхуд қасддан унча оғир бўлмаган жиноят содир этган шахсларга нисбатан озодликдан маҳрум қилиш тариқасидаги жазо тайинланмайди.
Ҳукм чиқариш пайтида ўн саккиз ёшга тўлмаган шахсларга нисбатан озодликдан маҳрум қилиш жазосини тарбия колонияларида ўташ тайинланади.
Хулоса ўрнида шуни таъкидлаш лозимки, суд вояга етмаганларга жазо тайинлашда жазо тайинлашнинг умумий асосларига амал қилиб, вояга етмаганнинг ривожланганлик даражаси, турмуш шароити ва тарбиясини, соғлиғини, содир этган жиноятининг сабабини, мотивини ва бошқа ҳолатларнинг унинг шахсига таъсирини ҳисобга олади.
Вилоят судининг
судья катта ёрдамчиси
Б.Нормуродов



