МАНФААТЛАР ТЎҚНАШУВИ – НИМА У?
“Манфаатлар тўқнашуви” мураккаб ва кўп қиррали тушунча бўлиб, умумеътироф этилган халқаро ҳужжатларда, хорижий ва миллий қонунчиликка асосан давлат бошқаруви ва корпоратив фаолиятда коррупцияга қарши курашиш туфайли учрайди.
Яқин кунларга қадар “манфаатлар тўқнашуви” атамасига оид ягона тушунча йўқ эди, шу боис унга турлича таърифлар келтирилган эди. Бироқ, манфаатлар тўқнашувига қарши курашишнинг долзарблиги, шунингдек, Ўзбекистоннинг халқаро ташкилотларнинг (БМТ, ИҲТТ ва бошқ.) коррупцияга қарши халқаро ҳужжатларда келтирилган мажбуриятлари ижросини таъминлаш вазифаси, Ўзбекистон Республикасининг 2017-йил
3-январдаги ЎРҚ–419-сон “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги Қонунида, унинг илк бор ҳуқуқий тушунчасини ишлаб чиқишни тақозо этди.
Давлат органи ёки бошқа ташкилот ходимининг манфаатлар тўқнашуви билан боғлиқ муносабатларни тартибга солишнинг долзарблиги сабабли, 2024-йилнинг5-июнь куни “Манфаатлар тўқнашуви тўғрисида”ги
ЎРҚ–931-сон Қонуни Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан имзоланди.
Мазкур Қонунда, манфаатлар тўқнашувининг қуйидаги янги таҳрирдаги тушунчаси қайд этилди:
“Манфаатлар тўқнашуви – шахснинг шахсий (бевосита ёки билвосита) манфаатдорлиги унинг ўз лавозим ёки хизмат мажбуриятларини лозим даражада бажаришига таъсир кўрсатаётган ёхуд таъсир кўрсатиши мумкин бўлган ҳамда шахсий манфаатдорлик билан фуқароларнинг, ташкилотларнинг, жамиятнинг ёки давлатнинг ҳуқуқлари, қонуний манфаатлари ўртасида қарама-қаршилик юзага келаётган (мавжуд манфаатлар тўқнашуви) ёки юзага келиши мумкин бўлган (эҳтимолий манфаатлар тўқнашуви) вазият”.
Манфаатлар тўқнашуви тушунчасини англаш учун унинг кўринишларини таҳлил қилиш аҳамият касб этади. Манфаатлар тўқнашувининг асосан уруғаймоқчилик, маҳаллийчилик, непотизм, шафелик, кронизм ва фаворитизм каби кўринишлари ажратилади. Бунда, уруғ-аймоқчилик деганда, ташкилот ходимининг авлод-аждодлари бир бўлган, бир сулолага мансублик асосида учинчи шахсларга нисбатан субъектив, имтиёзли ва нохолис муносабат шаклидаги шахсий манфаатдорлиги тушунилади.
Маҳаллийчилик – шахсни унинг наслий келиб чиқиши (аслзода ёки машҳур сулола вакили эканлиги ва у жамоатчилик томонидан эътироф этилганлиги) ҳамда яқин қариндошларининг эгаллаб турган хизмат мавқеи сабабли, унинг лавозимга қўйиладиган малака талабларига мос
келиш-келмаслигини ҳисобга олмаган ҳолда ишга қабул қилиш, ротация қилиш ва лавозимга тайинлаш каби ҳолатни англатади.
Непотизмга (таниш-билишчилик) – ўзининг яқин қариндошлари ёки дўстларига ноқонуний имтиёзлар бериш мақсадида ҳокимиятдан фойдаланиш ва (ёки) таъсир ўтказиш, шунингдек, яқин қариндошлари ва (ёки) дўстларига асоссиз мукофотлар хисоблаш, ташкилот манфаатлари зарарига, яқин қариндошлари ва дўстларини ишга қабул қилиш ва лавозимга тайинлашларга айтилади.
Шафелик– ташкилот ходимининг лавозими юқорироқ бўлган бошқа ходим томонидан қулай меҳнат шароитларини яратиб бериш шаклидаги ҳимояси, уни ёқлаб ёнини олиши тушунилади.
Кронизм – дўстлар ёки ишончли шахсларга ноқонуний имтиёзлар тақдим этиш мақсадида ҳокимият (лавозим мавқесидан) ва обрўсидан фойдаланиш намоён бўлади.
Фаворитизм – ташкилот ходими бошқа шахс ва/ёки шахслар гуруҳи манфаатларига қараганда битта шахс ёки шахслар гуруҳи манфаатларига устувор аҳамият қаратиши, ташкилотда кадрларни танлаш ва жойлаштириш, лавозимини кўтариш, мукофот пули бериш ва давлат мукофотларига тавсия этиш, таътил бериш ёки сиҳатгоҳлар ва хорижий сафарларга юбориш, мурожаатлар, шунингдек иш ва навбатчилик жадвалларини кўриб чиқишда кетма-кетликни йўлга қўйиш билан боғлиқ вазиятларда тартибларга риоя қилмаслик тушунилади.
Манфаатлар тўқнашувининг ижтимоий хавфлилиги, унинг айрим кўринишларининг асосида фуқароларнинг ҳуқуқларига ёки қонун билан қўриқланадиган манфаатларига ёхуд давлат ёки жамоат манфаатларига кўп миқдорда зарар ёхуд жиддий зиён етказилишига сабаб бўлишидадир. Бу ўз навбатида коррупцияга оид жиноятлар, масалан, ҳокимиятни ёки мансаб ваколатини суиистеъмол қилиши ёки доирасидан четга чиқиш, ҳокимият ҳаракатсизлиги, мансаб сохтакорлиги учун жавобгарликни келтириб чиқариши мумкин.
Сурхондарё вилоят суди
судья катта ёрдамчиси
З.Ш.Абдимуратов