O`zbekiston

Суд-ҳуқуқ тизимидаги янги ислоҳотлар ва амалий натижалар

Ўзбекистонда 2016 йилнинг иккинчи ярмидан бошлаб янги сиёсий-ҳуқуқий ислоҳотлар йўлга қўйилди. Ижтимоий, ҳуқуқий, демократик ва дунёвий давлатчилик йўлидаги янги босқич сифатида айни жараёнда инсон қадри, манфаати учун хизмат қиладиган ислоҳотлар устувор вазифага айланди. Бу, ўз навбатида, давлатимиз ҳозирги ўта қийин шароитда халқаро муносабат субъектига айланиши, ўз ҳудудий яхлитлиги, суверенитетини ҳимоялашнинг замонавий механизмига эга бўлишини таъминлади. Айниқса суд-ҳуқуқ соҳасидаги ислоҳотлар мутлақ замонавий мезон асосида, жумладан, одил судловда очиқлик, жамоатчилик механизми қўлланиши, суд ҳукми қабул қилинишида инсонпарварлик тамойили намоён  бўлиши кўринишида сиёсий-ҳуқуқий сиёсатнинг кун тартибига айланиб, тобора мунтазамлик касб этмоқда.

Одил судлов натижасида инсоннинг ҳуқуқи ва эркинлиги ҳимояси таъминланмокда. Хусусан, судланувчи томонидан қонун бузилиши ҳолатига йўл қўйилгани тўлиқ исботланиб, муайян муддатга озодликдан маҳрум қилиниши муқаррар бир ҳолатда янги қонунчилигимизнинг инсонпарварлик тамойилига устунлик берилди.

Сиёсий-ҳуқуқий таҳлил натижаси шуни кўрсатадики, давлатимиз рахбарининг асосий диққати суд фаолиятини такомиллаштиришга қаратилган. Зеро, инсон тақдири ижтимоий-иқтисодий ҳаётнинг барча соҳалари ўзаро боғлиқлиги, яъни тизимли фаолият юритишига бевосита дахлдор масала. Мамлакатимизнинг 2022-2026 йиллар учун мўлжалланган Тараққиёт стратегиясида суд жараёнида томонларнинг ҳақиқий тенглик ва тортишув тамойилини рўёбга чиқариш, фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг одил судловга эришиш даражасини ошириш мақсади ҳам белгиланган.

Бу борада Ўзбекистон Президентининг 2022 йил 14 ноябрь куни одил судловни таъминлаш борасидаги устувор вазифалар муҳокамаси юзасидан ўтказилган йиғилишда келтирган маълумотлари,
фикр-мулоҳазалари концептуал-стратегик аҳамиятга эга. 2016 йилдан буён суд мустақиллигини мустаҳкамлаш, жиноий ишларни кўришда холислик, адолат ва қонунийликни таъминлаш мақсадида сиёсий ҳуқуқий ислоҳотнинг сўнгги олти йилида тизимга оид 50 дан ортиқ қонун, фармон ва қарор қабул қилинди.

Шу боис Президент йиғилишда судларда тортишув муҳитини шакллантириш, ҳуқуқ-тартибот идоралари ишини такомиллаштириш бўйича тегишли кўрсатма берди. Давлат раҳбари таҳлилига кўра, ҳар йили ўртача бир миллион беш юз минг аҳоли судга мурожаат қилмоқда.

Судда ишни кўриш чоғида адвокат ўрни сезилмаяпти, айрим ҳолларда тергов паст даражада олиб борилгани эътироз келтириб чиқармоқда.

Ислоҳотларда суд жараёнига аралашувнинг олдини олиш мақсадида судьяларнинг ваколат муддати узайтирилди, маоши кескин оширилди. Судьяларни лавозимга тайинлаш Судьялар олий кенгашига ўтказилгани ҳам янгилик. Шундай бўлса-да, давлат раҳбари фикрича, бу борада ҳалиям айрим бўшлиқлар бор.

Вилоят суди масъулиятини ошириш, жиноят ишини айблов хулосаси ва ҳимоячи фикри билан бирга қабул қилишни назарда тутувчи қонун лойиҳаси ишлаб чиқиш вазифаси қўйилди.

Судьялар олий мактабини тубдан ислоҳ қилиш, туман ва   вилоят судлари учун мол-мулк, оила, солиқ, меҳнат муносабатига ихтисослашган судьялар тайёрлаш муҳимлиги таъкидланди.

Судьялар ҳамжамияти ваколатини кучайтириш, судьялар сонини босқичма-босқич кўпайтириш вазифаси қўйилди. Шунингдек, давлатимиз раҳбари соҳада рақамлаштириш кўламини кенгайтириб, ахборот тизимини уйғунлаштириш, замонавий технология орқали одамларга қўшимча қулайлик яратиш вазифасини қўйди.

Демак, биринчидан, Бухорода кўрилган жиноят ишида айбланувчилар қилмиши тўлиқ исботланди. Очиқ суда айбловчилар, ҳимоячиларнинг ўзаро кескин тортишувига имкон берилгани юртимизда олиб борилаётган “Ҳамма нарса инсон учун, инсон қадри учун” тамойили, кечиримлилик сиёсати намунасидир.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг “2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегияси тўғрисида”ги фармонида ҳам жиноят, жиноят-процессуал ва жиноят ижроия қонунчилигини такомиллаштириш сиёсатини изчил давом эттириш, жазони ижро этиш тизимига инсонпарварлик тамойилини кенг жорий этиш кўрсатиб ўтилган.

Мамлакатимизда амалга оширилаётган суд-ҳуқуқ тизимидаги ислоҳотларнинг дастлабки натижаси яққол намоён бўлди. Энди ислоҳотларни янада чуқурлаштириш, янги даврга мос янги ўзгаришларни амалга ошириш муҳим вазифа бўлиб қолмоқда.

Фикримизча, бу жараён давлатчилигимиз қандай ривожланганини кўрсатиб, жамиятимизни халқаро миқёсда ўзига хос, жиддий синовдан ўтказди. Гап шундаки, Ўзбекистон конструктив, очиқ сиёсати туфайли минтақанинг маъсулиятли давлати сифатида тан олинмоқда. Мамлакатимизда содир бўлаётган ўзгаришлар, воқеалар хорижий мамлакатлар томонидан диққат билан кузатиб борилади. Бу борада ўзига хос муносабат билдирилади. Жумладан, Қорақалпоғистондаги воқеалар бўйича тергов ва суд жараёни ҳам ҳамкор давлатлар, яқин ва узоқ қўшни ҳамда ривожланган давлатлар, халқаро ташкилотлар томонидан алоҳида эътибор билан кузатиб борилди.

Айни жараён давлатимиз ижтимоий-сиёсий вазиятни тўлиқ, хотиржам назорат қилиб боришини кўрсатди. Вазият сиёсийлаштирилишига йўл қўйилмади, суд жараёни устидан жамоатчилик назорати институтини таъминлаш учун шарт-шароит яратилди. Бу давлат ва жамият ўртасидаги сиёсий-ҳуқуқий муносабатнинг янги босқичдаги қиёфасини белгилаб берувчи муҳим омилдир.

Жиноят ишлари бўйича

Шўрчи туман судининг раиси                                         М.Хакимов

Related Articles

Back to top button