Kasbim-faxrim

Одил судловга эришиш имкониятларини янада кенгайтириш ва судлар фаолияти самарадорлигини ошириш масаласи Президент эътиборида

Аҳолини судга бўлган ишончи йўқлиги, тергов органларида жиноят иши бўйича тергов қилиш жараёнида йўл қўйилаётган хато ва қонунбузилиш ҳолатлари ва коррупцияга қарши курашиш самарадорлиги камлиги ҳамда суд ва ҳуқуқни мухофаза қилувчи ва назорат органлари фаолияти устидан жамоатчилик назорати суст олиб борилаётганлиги Давлатимиз раҳбари томонидан бир неча маротаба танқид қилинган.

Президентнинг «Одил судловга эришиш имкониятларини янада кенгайтириш ва судлар фаолияти самарадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги Фармонида прокурорнинг судда иштирок этишига доир фаолиятини қайта кўриш, бу соҳада судлар фаолияти мустақиллигини ошириш ва тарафлар тортишувчанлиги принципини татбиқ этилишини янада мустаҳкамлашнинг ташкилий асосларини йўлга қўйиш юзасидан қатор чоралар кўзда тутилган.

Ушбу ташкилий-ҳуқуқий чора-тадбирларни шартли равишда:

судларда ишларни кўришда идоравий ахборот алмашинувида рақамлаштириш жараёни сифатини ошириш;

Олий суд судьяларининг иш юкламасини мақбуллаштириш ва қуйи судлар мустақиллигини ошириш;

янги институционал тузилма Ихтисослашган прокурорлар корпуси учун замонавий шарт-шароитларни яратиш йўналишларига ажратиш мумкин.

Демак, судларда ишларни кўришда идоравий ахборот алмашинувида рақамлаштириш жараёни сифатини ошириш йўналишида қуйидаги чора-тадбирлар кўзда тутилмоқда:

Биринчидан, Одил судловни амалга оширишга кўмаклашиш бўйича ихтисослашган прокурорлар корпуси фаолияти учун 2023 йил 1 сентябрга қадар «Судларда прокурор иштироки» ахборот тизимини яратиб, дастлаб синов тарзида ишга тушириш ҳамда 2024 йилдан амалиётга тўлиқ жорий этиш вазифаси белгиланди.

Бунда, Олий суд билан биргаликда 2023 йил 1 июлдан Бош прокуратура ва Олий суд ахборот тизимларини интеграция қилиш йўли билан ўзаро ҳужжат алмашинувини тўлиқ йўлга қўйиш кўзда тутилган.

Иккинчидан, Рақамли технологиялар вазирлиги зиммасига доимий равишда суд ҳокимияти органлари фаолиятини рақамлаштириш бўйича белгиланган вазифаларнинг ўз вақтида ва сифатли ижро этилишига кўмаклашиб бориш юкланди.

Кейинги муҳим вазифалардан бири – бу Олий суд судьяларининг иш юкламасини мақбуллаштириш ва қуйи судлар мустақиллигини ошириш.

Қайд этиш жоиз, ортиқча суд босқичларини бекор қилиш натижасида, ортиқча вақт сарфлаш, давлат идоралари фаолиятида самарасизлик ва унумсизликка сабабчи бўлган бир судда ишларни икки босқичда (биринчи ҳамда апелляция ёки кассация) кўриш амалиётига барҳам берилган эди.

Жумладан, 2019 йилнинг ўзида айни бир вилоят судида биринчи ва апелляция (кассация) инстанциясида кўрилган ишларнинг 13 мингга яқини Олий судда ўзгартирилган ёки бекор қилинган эди.

Президентимизнинг “Одил судлов халқнинг кўз ўнгида, очиқ-ошкора амалга оширилиб, адолат қарор топиши лозим”, деган фикрлари ҳам олдимизга шу талабни қўймоқда.

Одил судлов фаолиятини амалга ошириш учун жалб этилган ресурслардан самарали фойдаланилишини таъминлаш мақсадида қуйидагилар белгиланди:

илғор хорижий тажрибадан келиб чиққан ҳолда айрим тоифадаги фуқаролик, иқтисодий ва маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишларни кўриш ваколатини тегишлилиги бўйича маъмурий органларга ўтказиш;

айрим тоифадаги жиноят, фуқаролик, иқтисодий ва маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишларни қуйи инстанция судларининг ўзида якунлаш тартибини белгилаш;

фуқаролик ва иқтисодий ишлар бўйича тарафларни келиштириш ва медиация институтини кенг жорий этиш.

Хулоса ўрнида айтиш лозимки, Фармоннинг қабул қилиниши суд идораларида одил судловни амалга оширишда адолат устуворлини таъминлаш, малакали ва сифатли суд тизими хизматини кўрсатиш, жумладан суд қарорларини чиқаришда фуқаро ва ташкилотларнинг манфаатларини ҳар томонлама таъминлаш даражасини юксалтириш, судларда прокурор ваколатини таъминлаш фаолиятига оид ташкилий ишларни яхшилаш, асосийси Олий суд судьялари юкламасини мақбуллаштириш ва қуйи судлар мустақиллигини ошириш каби вазифаларни амалга оширишга имкон беради.

Зухриддин Мавлонов

Сурхондарё вилоят суди судьяси

Related Articles

Back to top button