КАСАЛ ДАРАХТЛАРНИ КЕСИШ ЭМАС, БАЛКИ ДАВОЛАШ КЕРАК
Кўпгина дарахтлар, айниқса игнабаргли дарахтлар зараркунандалар ва касалликларга таъсирчан бўлиб, бу уларнинг қуришига олиб келади. Янги майдонларда экилган қарағай ва арчалар доимий парваришга мухтож.
Кейинги пайтларда шаҳар, қишлоқ ва ишлаб чиқариш корхоналари, ижтимоий соҳа объектларини ободонлаштиришга, кўкаламзорлаштиришга катта эътибор қаратилмоқда. Кўкаламзорлаштиришдаги экинзорлар нафақат шаҳар ва аҳоли яшаш жойларининг кўринишини яхшилайди, балки кишиларга эстетик завқ бағишлайди, санитария — гигиеник шароитларини ҳам яхшилаб, ҳавонинг салқинлигини, мусаффолигини таъминлайди. Шу боис ҳар йили жойларда миллионлаб бута ва дарахт турлари экилмоқда. Экилган кўчат ва ниҳолларнинг кўпгина қисми нотўғри танланганлик, экиш ва парваришлашнинг белгиланган технологик тадбирларини амалда қўлланмаслиги оқибатида нобуд бўлмоқда. Шу сабабли ҳам ҳар бир ҳудудга мос келадиган манзарали дарахт-бута турларини тўғри танлаш, мақбул муддатларда ва усулларда экиш, парвалишлаш жуда катта аҳамиятга эга.
Ўсимликлар карантини ва ҳимояси агентлигининг Сурхондарё вилояти бошқармаси ва унинг туман бўлимлари давлат инспекторлари, Шўрчи тумани ҳокимилиги, Ўсимликлар карантини ва ҳимояси илмий тадқиқот институти вилоят бўлими ходимлари томонидан ўтказилган навбатдаги семинарда айнан шу ҳақида сўз борди . Маълумки, асосий заракунанда ва касалликларга қарши кураш чоралари мухим ахамият касб этади Яшил ҳудудларга асосан баргхўр, сўрувчи, тана зараркунандалар ва касалликларда занг, қўнғир доғланиш, ун шудуринг, парша, цитоспороз замбуруғлик касалликлар катта зарар келтирмоқда. Заракунанда ва касалликлар оммавий кўпайиш йилида ўсимликларни нафақат зарар келтирибгина қолмай, балки уларнинг нобуд бўлишига ҳам сабаб бўлмоқда. Ҳозирги кунда тавсия этилаётган кўплаб усуллар ичида кимёвий курашга муқобил вариант сифатида микробиологик кураш усуллари ҳам тавсия этилмоқда. Микроорганизмлар ва улардан тайёрланган биопрепаратларни касаллик ва зараркунандаларга қарши қўллашда инсон организми, иссиққон жонзотлар, чанглатувчи хашоратлар умуман олганда атроф мухит учун безарар усуллардан ҳисобланади.
Тадбир иштирокчиларига манзарали кўчат етиштириш борасида маслаҳат ва тавсиялар берилди. Семинар бевосита амалиётга боғланиб, туман ахолиси хонадонидаги, Шўрчи туманидаги йўл бўйлари ва хиёбонларда экилган манзарали кўчатларнинг ҳолати ўрганилди. Жумладан, манзарали гуллар, қолаверса, арча кўчатларини экиш ойи ва ўз вақтида агротехник тадбирларни амалга оширишнинг афзалликлари юзасидан кўрсатма ва маълумотлар берилди. Қайд этиш керакки, аҳолиси кўп ҳудудларни кўкаламзорлаштириш мақсадида игна баргли дарахтлардан кенг кўламда фойдаланилади. Игна баргли дарахтлар ўзининг иссиқ-совуқ, қурғоқчиликка чидамлилиги билан бошқа манзарали дарахт ва буталардан фарқ қилади. Игна баргли дарахтларнинг яхши ўсиши, кўркам бўлиши учун уларни ўз вқтида ўғитлаш, суғориш, зараркунанда ва касалликлардан ҳимоя қилиш муҳим аҳамиятга эга.
Ўсимликлар карантини ва ҳимояси илмий тадқиқот институти ходими З.Нафасов, AKIS Сурхондарё вилояти директори О.Алмардоновлар марказий ва бошқа аҳоли яшаш худудларда парваришланаётган игна ва кенг япроқли дарахтларнинг зарарланиб қуриш ҳолатлари бўйича берилган саволларга атрофлича жавоб берди. Бир сўз билан айтганда, манзарали дарахт кўчатларини яхши ўсиши ва ривожланиши учун вегетация давомида тупроққа ишлов бериш, суғориш, ўғитлаш, дарахтларнинг шох-шаббасига шакл бериш, бегона ўсимликларни олиб ташлаш, зараркунанда ва касалликларга қарши кураш тадбирларини ўз вақтида олиб бориш лозим бўлади.
Акрам Абсаматов,
Сурхондарё вилоят Ўсимликлар карантини ва ҳимояси бошқармаси бошлиғи ўринбосари