Сурхондарё ҳокими олтинсойлик оқсоқоллар билан учрашди
Сурхондарё вилоятининг Олтинсой тумани «Халқобод» маҳалласида 14 февраль куни аҳоли ва ҳокимият вакиллари ўртасида тўқнашув юз бергани ҳақида хабар қилинганди. Олтинсой тумани ҳокимлиги ахборот хизмати ижтимоий тармоқ ва сайтларда тарқалган хабар ва видеоларда акс этган аҳоли ва ИИБ ходимлари ўртасидаги зиддиятли ҳолат юзасидан тушунтириш берди. Бу ҳақда «ДАРЁ» нашри хабар берди.
Ўзбекистон Президентининг ташаббуси билан 2019 йил 1 майга қадар ўзбошимчалик билан қурилган иморатларга «амнистия» эълон қилинган эди. Шу даврда 589 991 нафар фуқарога ўзбошимчалик билан қурилган уй-жойларга мулк ҳуқуқи берилди.
Таъкидланишича, «Халқобод» маҳалласида яшовчи айрим фуқаролар эса «амнистия» муддати тугагандан кейин бу ҳудудда жойлашган фермер хўжалигига тегишли ер майдонига ноқонуний уй-жой қуриб олишган.
«Конституцияда белгиланганидек, ер умуммиллий бойликдир. Ўзбекистонда қишлоқ хўжалигига мўлжалланган 20,2 миллион гектар ернинг атиги 20,7 фоизи суғориладиган ерлар ҳисобланади. Сўнгги 15 йилда аҳоли жон бошига суғориладиган ерлар 24 фоизга (0,23 га дан 0,16 гача) камайган. Бунда айрим шахслар томонидан қонунларни очиқчасига бузган ҳолда ерларни эгаллаб олиш ҳолатларининг ҳам таъсири бор, албатта.
Мамлакат аҳолисининг қарийб 16,4 миллиони (жами аҳолининг 49,4 фоизи) қишлоқ ҳудудларида истиқомат қилишини ҳисобга олсак, бу каби ноқонуний ҳаракатларнинг ҳозир олди олинмаса, қишлоқ аҳолиси бандлигини, мамлакат озиқ-овқат хавфсизлигини таминлашдек стратегик ўта муҳим масалаларда муаммолар юзага келиши табиий ҳолдир.
Шу сабаб «Халқобод» маҳалласида яшовчи 6 нафар фуқаро томонидан ноқонуний равишда эгаллаб олинган «Оқ-олтин манзараси» фермер хўжалигига қарашли пахта ва ғаллага мўлжалланган экин ер майдонининг жами 0,39 гектари қайтарилиб, яшаш имконияти мавжуд бўлмаган 235,35 квадрат метр майдонида қуриб олинган уй-жой бинолари, албатта, бузилади. Аммо бу уларга қишлоқ хўжалигида фойдаланилмайдиган захира майдонлардан ер ажратилиб, уй-жой қуриб олишларига амалий жиҳатдан кўмаклашилгандан кейин амалга оширилади. Ушбу ҳудудга борган комиссия азолари ҳам ўзбошимчалик билан қурилган уйларни буздириш учун эмас, асл ҳолатни ўрганиш учун борган», — дейилади хабарда.
Таъкидланишича, Сурхондарё вилояти ҳокими Тўра Боболов «Халқобод» маҳалласи фуқаролари вакиллари билан учрашиб, вазиятга ойдинлик киритган.
«Аввал булар келишди… Ўзимизнинг ‘участковой’лар, ҳурматли прокуроримиз билан 4-5 киши бўлиб келишди. Шунақа-шунақа, бу ҳокимнинг нимаси (буйруғи — таҳрир.) дейишди. Булар эса ҳокимнинг ўзлари келсинлар, ўзимиз гаплашиб, муросага келамиз деди. Ярим соат ўтганидан кейин булар ‘Бўлди, ҳокимни олдига борамиз. Улар ҳозир селекторда эди, чиқиши билан келади’, дейишди. Орадан 40 дақиқа ўтмасдан булар панадан 30 та машинада кела бошлади. Тепамда Худо турибди, 40-50 та ‘мелиса’ бўлса, қолган яна 40 га яқин формада бўлмаган одамлар… Ҳеч нимадан ҳеч нима йўқ кела бошлади. Ўшалар бирданига ёпишиб кетди. 8, 9-синфда ўқийдиган мактаб болаларининг қўлларини қайириб олиб кета бошлашди. Шундан кейин булар уларнинг орқасидан чопишди…», — дейди қишлоқ оқсоқолларидан бири.