Ўзбекистон

“Бир нарсани тўғри тушуниш керак. Биз айрим мамлакатлар каби нефть-газ ресурсларини сотиш ҳисобига юқори иқтисодий ўсишни таъминлай олмаймиз»

Президент янги бозорларга сифатли ва рақобатбардош маҳсулот билан кириш масаласига тўхталди.

“Бир нарсани тўғри тушуниш керак. Биз айрим мамлакатлар каби нефть-газ ресурсларини сотиш ҳисобига юқори иқтисодий ўсишни таъминлай олмаймиз.

Бизнинг “нефтимиз” ҳам, “газимиз” ҳам бу – сиз каби ташаббускор ва ишбилармон тадбиркорлар хом ашёддан яратаётган юқори қийматли ва сифатли маҳсулотлардир”, — деди давлатимиз раҳбари.

Маҳсулотлар ташқи бозорларда сифатли, талабгорлиги юқори ва рақобатбардош бўлиши учун ишлаб чиқаришни мутлақо янги босқичга олиб чиқиб, кескин ўсиш қилиш зарурлиги таъкидланди.

Халқаро майдондаги вазият ҳисобига логистика харажатлари 3-4 баравар ошиб кетганини ҳисобга олиб, давлат экспортчи корхоналарни қўллаб-қувватлашни изчил давом эттиради. Улар учун молиявий имкониятлар янада кенгайтирилади.

Логистика харажатларини компенсация қилишга қўшимча 100 миллион доллар йўналтирилади. Шунингдек, маҳсулотларни хорижда сертификатлаш, халқаро стандартларни жорий қилиш ва бу борада мутахассис тайёрлашга яна 25 миллион доллар ажратилади.

“Янги Ўзбекистон – рақобатбардош маҳсулотлар юрти” дастури жорий йилда ҳам давом эттирилади ва дастур билан қамраб олинадиган корхоналар сони 500 тага етказилади. Улар учун дастурдаги барча имтиёзлар давом эттирилади.

Президентимиз юқори даромадли корхоналарни кўпайтириш мақсадида янги ташаббусни илгари сурди.

Халқаро консультантларни жалб қилган ҳолда электротехника, тўқимачилик, чарм-пойабзал, заргарлик, қурилиш материаллари, мебелсозлик, полимер, кимё ва озиқ-овқат саноати бўйича 140 та тайёр лойиҳа ишлаб чиқилди.

Бугун очиқ мулоқотда иштирок этаётган тадбиркорларга “140 та илғор саноат корхонаси” лойиҳалари тақдимот қилинди.

Ушбу лойиҳаларнинг жами қиймати 10 миллиард долларга тенг бўлиб, уларда 60 мингта иш ўринларини яратиш, йилига 5 миллиард долларлик маҳсулот ишлаб чиқариш ҳамда 2,5 миллиард долларлик экспорт қилиш кўзда тутилган.

Мазкур 140 та лойиҳа электрон платформага қўйилиб, тадбиркорларга очиқ-ошкора шартлар асосида таклиф қилинмоқда.

Давлатимиз раҳбари тадбиркорларни ушбу дастурда иштирок этишга чақирди. Улар қизиқиш билдирса, ҳозирдаёқ шартнома тузилиши мумкинлигини, жойи ҳам, маблағи ҳам, инфратузилмаси ҳам ҳозирнинг ўзида ҳал қилиниши таъкидланди.

Дастурга кирган корхоналарга Саноатни ривожлантириш жамғармаси ҳисобидан 10 йил муддатга паст фоизли кредитлар ажратилади.

Related Articles

Back to top button