Ўзбекистон

Қарорлар ижросини назорат қилишнинг энг унумли воситаси – жамоатчилик иштироки ва назорати

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 2020 йил 29 декабрдаги Мурожаатномасида ислоҳотлар самарасини ҳар бир инсон ўз ҳаётида ҳис этиши учун ҳужжатлар ижросини ўз вақтида ва самарали таъминлаш лозимлигини таъкидлаган эди. Шу боис Адлия вазирлигига қабул қилинган ҳужжатларни масъулларга етказиш, амалиётда қўллашга кўмаклашиш ва назорат қилиш бўйича янги тизим жорий этиш вазифаси топширилган эди.

Президент ҳузурида бугун ўтказилган йиғилишда амалдаги ҳолат таҳлили ва илғор хорижий тажрибадан келиб чиқиб, самарали ижро тизимини йўлга қўйиш бўйича таклифлар кўриб чиқилди.

Қайд этилганидек, сўнгги 4 йилда 2 мингга яқин фармон ва қарорлар қабул қилинган. Лекин ҳудуд ва ташкилотларда уларнинг бажарилиши қониқарли эмас.

Қарорлар ижросини назорат қилишнинг энг унумли воситаси – жамоатчилик иштироки ва назорати. Шу боис, “жамоатчилик эшитувлари”, “жамоатчилик мониторинги” тизимини жорий қилиш, бу жараёнга фуқаролик жамияти институтлари, оммавий ахборот воситалари ва фуқароларни фаол жалб этиш муҳимлиги таъкидланди. Жисмоний ва юридик шахсларга Президент ҳужжатлари ижроси юзасидан мурожаат қилиш имконини берадиган мобил илова ишга туширилиши белгиланди.

Адлия вазирлигига Нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциацияси, “Ижтимоий фикр” маркази билан бирга аҳоли ўртасида ижтимоий сўровлар ўтказиш, қарорлар ижроси ва бунга халқнинг муносабатини ўрганиш вазифаси қўйилди. Бу мақсадлар учун алоҳида грантлар жорий қилинади.

Шунингдек, давлат идоралари томонидан қарорлар ижроси юзасидан матбуот анжуманлари ташкил қилиб борилади. Бажарилмаган ишларни танқидий муҳокама қилиш билан бирга, ижроси самарали бўлган қарорлар бўйича ижобий тажрибалар ҳам ёритилади.

Related Articles

Back to top button