Hodisalar

Жиноятга жазо муқаррар

Маънавияти нуқсонли бўлган киши борки, хатти-ҳаракати оқибатини ўйламай иш қилиб, жиноятчи, деган тамғани орттириб олади. Бугун эътиборингизга ҳавола этилаётган жиноят тафсилоти иштирокчи ҳам бир умидвор муштипар онанинг дилбанди, қариганимда суянч бўлади деган умидда улғайтирган отанинг ўғли.

Афсуски, жиноят йўлини танлаган йигит жисмонан соғлом, тоғни урса талқон қиладиган ёшда. Бироқ, у оғирнинг устидан, енгилнинг остидан ўтишни афзал кўрган одам.

Суднинг ҳукмига кўра, Азимов Ислом Турабович (исми шарифи ўзгартирилган) ўзганинг мулкини фирибгарлик йўли билан қўлга киритиш мақсадида, 2023 йилнинг ноябрь ойларида ўзига таниш бўлган Термиз шаҳар “Наврўз” маҳалласи “Ибн Сино” кўчаси 4-уй 21-хонадонда яшовчи фуқаро А.Валиевнинг ишончига кириб, унга яхна ичимлик сувларини оптом арзон нархда келтириб беришини ваъда қилиб, бунинг учун А.Валиевдан жами 196.000.000 сўм пулларни олиб, яхна ичимлик сувларини келтириб бермасдан, пулларни ҳам қайтармасдан ўзининг шахсий эҳтиёжлари учун ишлатиб юборган.

 Судда судланган Азимов Ислом Турабович айбига тўлиқ иқрор ва пушаймонлик билдириб суддан қонуний енгиллик беришни сўраган.

 Ушбу жиноят иши жиноят ишлари бўйича Термиз шаҳар суди томонидан кўриб чиқилиб, иш ҳужжатлари атрофлича ўрганилиб, суднинг 2025 йил 7 май кунидаги ҳукмига кўра, Азимов Ислом Турабовичга нисбатан Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 168-моддаси 3-қисми “а” банди билан ЖКнинг 57-моддасини қўллаб, 5 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган.

Судланувчи Азимов Ислом Турабовичдан жабрланувчи А.Валиев фойдасига етказилган 156.000.000 сўм зарар ундириш белгиланган.

Жиноят иши Сурхондарё вилоят суди жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати апелляция инстанциясида судланган И.Азимовнинг апелляция тартибидаги шикоятига асосан 2025 йил июнь ойининг 27 куни кўриб чиқилиб, жиноят ишлари бўйича Термиз шаҳар судининг 2025 йил 7 май кунидаги ҳукми ўзгаришсиз, шикоят қаноатлантирилмасдан қолдирилган.

            Ҳалқимизда “Саёқ юрсанг таёқ ейсан” деган доно бир ҳикмат бор.

Мана кўза кунда эмас, кунида синадиган кун келди. Қонуннинг қўли узун, нигоҳлари ўткир. Унинг назаридан, қатъий талабидан, қолаверса, жазодан қочиб қутилиб бўлмайди.

Сурхондарё вилоят суди жиноят ишлари бўйича

судлов ҳайъати судьяси

Ж.Худойбердиев

 

Related Articles

Back to top button