Одам савдосидан жабрланганларга ёрдам кўрсатиш ва уларни ҳимоя қилиш бўйича ихтисослаштирилган муассасалар хусусида

Одам савдосининг олдини олиш, унга қарши самарали курашиш юзасидан мамлакатимизда қатор амалий ишлар амалга ошириб келинмоқда.
Ўзбекистон Республикасининг 2020 йил 17 августдаги “Одам савдосига қарши курашиш тўғрисида”ги қонуни бунга яққол мисол бўла олади.
Бугун биз ушбу Қонундаги одам савдосидан жабрланганларга ёрдам кўрсатиш ва уларни ҳимоя қилиш бўйича ихтисослаштирилган муассасалар ҳақида сўз юритамиз.
Жумладан, Қонуннинг 25-моддаси “Одам савдосидан жабрланганларга ёрдам кўрсатиш ва уларни ҳимоя қилиш бўйича ихтисослаштирилган муассасалар” деб номланган.
Ушбу моддада, “Одам савдосидан жабрланганларга ёрдам кўрсатиш ва уларни ҳимоя қилиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан одам савдосидан жабрланганларга ёрдам кўрсатиш ва уларни ҳимоя қилиш бўйича ихтисослаштирилган муассасалар (бундан буён матнда ихтисослаштирилган муассасалар деб юритилади) ташкил этилади.
Ихтисослаштирилган муассасаларнинг асосий вазифалари қуйидагилардан иборат:
одам савдосидан жабрланганларни, одам савдосидан жабрланган деб тахмин қилинаётганларни қулай яшаш шароитлари ва шахсий гигиена воситалари билан таъминлаш;
одам савдосидан жабрланганларни, одам савдосидан жабрланган деб тахмин қилинаётганларни озиқ-овқат, дори воситалари ва тиббий буюмлар билан таъминлаш;
одам савдосидан жабрланганларга, одам савдосидан жабрланган деб тахмин қилинаётганларга шошилинч тиббий, психологик, ижтимоий, ҳуқуқий ёрдам ва бошқа ёрдам кўрсатиш;
одам савдосидан жабрланганларнинг, одам савдосидан жабрланган деб тахмин қилинаётганларнинг хавфсизлигини таъминлаш;
одам савдосидан жабрланганларнинг, одам савдосидан жабрланган деб тахмин қилинаётганларнинг қариндошлари билан алоқа ўрнатишига кўмаклашиш;
одам савдосидан жабрланганларга, одам савдосидан жабрланган деб тахмин қилинаётганларга ўз ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари ҳақида ахборот тақдим этиш;
одам савдосидан жабрланганларнинг ижтимоий реабилитациясига ва мослашувига кўмаклашиш.
Ихтисослаштирилган муассасалар ўз фаолиятини Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланадиган низомга мувофиқ амалга оширади” деб белгиланган.
Хулоса шуки, одам савдосига қарши курашишда ҳуқуқий билим ва ҳуқуқий маданиятнинг аҳамияти жуда муҳим ҳисобланади.
Сурхондарё вилоят суди жиноят
ишлари бўйича судьяси М.Маликов




