Конституцияда белгиланган сайлов тизими хусусида
2023 йил 30 апрель куни ўтказилган Ўзбекистон Республикаси Референдумида умумхалқ овоз бериш орқали қабул қилинган Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси барча соҳалар бўйича асосий қоидаларни қамраб қолган.
Шундай нормалардан бири Конституциянинг “Сайлов тизими” деб номланган XXII-бобида ҳам акс этган.
Хусусан, Конституциянинг 128-моддасида, “Ўзбекистон Республикасининг фуқаролари давлат ҳокимияти вакиллик органларига сайлаш ва сайланиш ҳуқуқига эгадирлар. Ҳар бир сайловчи бир овозга эга. Овоз бериш ҳуқуқи, ўз хоҳиш-иродасини билдириш тенглиги ва эркинлиги қонун билан кафолатланади” деб белгиланган бўлиб, ушбу асосий қоидалар муҳим аҳамиятга эгадир.
Шунингдек, ушбу моддага кўра, сайловлар умумий, тенг ва тўғридан-тўғри сайлов ҳуқуқи асосида яширин овоз бериш йўли билан ўтказилиши, Ўзбекистон Республикасининг ўн саккиз ёшга тўлган фуқаролари сайлаш ҳуқуқига эгалиги белгилаб қўйилган бўлиб, суд томонидан муомалага лаёқатсиз деб топилган фуқаролар, шунингдек суд ҳукми билан озодликдан маҳрум этиш жойларида сақланаётган шахслар сайланиши мумкин эмас.
Суд томонидан муомалага лаёқатсиз деб топилган фуқаролар, шунингдек оғир ва ўта оғир жиноятлар содир этганлик учун суднинг ҳукмига кўра озодликдан маҳрум этиш жойларида сақланаётган шахслар сайловда иштирок этиш ҳуқуқидан фақат қонунга мувофиқ ҳамда суднинг қарори асосида маҳрум этилиши мумкин. Бошқа ҳар қандай ҳолларда фуқароларнинг сайлов ҳуқуқларини тўғридан-тўғри ёки билвосита чеклашга йўл қўйилмайди.
Бундан ташқари, Конституциянинг 129-моддасига кўра, Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисига, вилоятлар, туманлар, шаҳарлар давлат ҳокимияти вакиллик органларига сайловларни, шунингдек Ўзбекистон Республикасининг референдумини ташкил этиш ва ўтказиш учун Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси томонидан фаолиятининг асосий принциплари мустақиллик, қонунийлик, коллегиаллик, ошкоралик ва адолатлиликдан иборат бўлган Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси тузилиши белгилаб қўйилган.
Хулоса шуки, Конституциямиздаги юқоридаги нормалар сайлов ҳуқуқини амалга оширишнинг кафолатларини таъминлашга қаратилган.
М.Маликов
Сурхондарё вилоят суди
жиноят ишлари бўйича судьяси