Без рубрики

АДВОКАТУРАНИНГ МАҚОМИ КОНСТИТУЦИЯВИЙ АСОСДА МУСТАҲКАМЛАНДИ

Адвокатура зиммасига жисмоний ва юридик шахсларга малакали юридик ёрдам кўрсатиш, шахснинг қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишдек муҳим конституциявий вазифа юклатилган. Суд жараёнларида ҳимоя ва айблов тарафининг тенглигини таъминлаш одил судловнинг муҳим шартларидан биридир.

Илгари Конституцияда суд процессининг айблов тарафи ҳисобланган прокуратура институтига оид қоидалар алоҳида бобда батафсил берилган, бироқ адвокатурага оид қоидалар бир жумлада келтириб ўтилган эди.

Янги таҳрирдаги Конституцияда эса адвокатуранинг мақоми янада мустаҳкамланиб, ҳужжат “Адвокатура” номли 24-боб билан тўлдирилди Адвокатура соҳасининг прокуратура сингари Конституцияда алоҳида бобда берилиши уларнинг конституциявий мақомини оширди.

Янги таҳрирдаги Конституцияда белгиланган адвокатурага оид қоидаларни таҳлил қиладиган бўлсак, жисмоний ва юридик шахсларга малакали юридик ёрдам кўрсатиш учун адвокатура фаолият кўрсатади.

Адвокатура фаолияти қонунийлик, мустақиллик ва ўзини ўзи бошқариш принципларига асосланади. Адвокатурани ташкил этиш ва унинг фаолияти тартиби қонун билан белгиланади.

Адвокатуранинг фаолияти қонунийлик, мустақиллик ва ўзини ўзи бошқариш тамойилларига асосланиши Конституция даражасида мустаҳкамланди. Бунда, адвокатура фаолиятининг қонунийлиги, деганда адвокатлик фаолияти фақат қонунга қатъий риоя қилган ҳолда амалга оширилиши тушунилади.

“Адвокатлик фаолиятининг кафолатлари ва адвокатларнинг ижтимоий ҳимояси тўғрисида»ги қонуннинг 5-моддасига асосан, адвокатнинг мустақиллиги унга қонунда белгиланган тартибда адвокатлик фаолиятини амалга ошириш учун ижозат бериш, бу фаолиятни тўхтатиб туриш ва тугатиш, адвокатнинг дахлсизлиги, адвокатлик сирини ошкор этишни талаб қилишни ман этиш, адвокат олиб бораётган ишларга аралашганлик ёхуд адвокатнинг дахлсизлигини бузганлик учун жавобгарлик, давлат томонидан унга адвокатлик фаолияти кафолатлари берилиши ҳамда ижтимоий ҳимояланиши орқали таъминланади.

Адвокатуранинг ўзини ўзи бошқариш, деганда, Ўзбекистонда хусусий адвокатлик фаолияти билан шуғулланувчи адвокатлар ўз фаолиятини нодавлат касбий бирлашма орқали бошқариши, уларнинг бошқарувига оид масалаларга давлатнинг аралашувига йўл қўйилмаслиги тушунилади.

Бугунги кунда Адвокатлар палатаси ўзининг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида тузиладиган ҳудудий бошқармалари билан биргаликда адвокатуранинг ягона ўзини ўзи бошқариш тизимини ташкил этади.

Янги таҳрирдаги Конституциянинг 142-моддасига асосан, адвокат ўз касбий вазифаларини амалга ошираётганда унинг фаолиятига аралашишга йўл қўйилмайди. Адвокатга ўз ҳимоясидаги шахс билан тўсиқларсиз ва ҳоли учрашиш, маслаҳатлар бериш учун шарт-шароитлар таъминланади. Адвокат, унинг шаъни, қадр-қиммати ва касбий фаолияти давлат ҳимоясида бўлади ва қонун билан муҳофаза қилинади. Адвокатнинг касбий фаолиятига аралашишга йўл қўйилмаслиги конституциявий даражада мустаҳкамланиши кучли адвокатура тизимини яратишнинг асосий омили бўлиб хизмат қилади.

Ушбу қоида “ҳеч бир идора адвокатларнинг фаолиятига тўсқинлик қилмаслиги шарт”, деган ғоянинг конституциявий ифодасидир. Ушбу норма суд процессида адвокат прокурор билан тенгма-тенг мунозарага киришишини таъминлайди. Иш бўйича далилларни тўплаш ва тақдим этиш фаолиятига аралашмаслик натижасида адвокатуранинг ҳуқуқий ҳолати мустаҳкамланади.

Адвокатлик фаолиятидаги эркинлик ва кафолат уларнинг ишини енгиллаштиради, адвокат ҳимоя қилаётган шахснинг қонуний ҳуқуқ ва манфаатлари ишончли ҳимоя қилинишини таъминлайди.

Жиноят ишлари бўйича

Шўрчи туман судининг

девонхона мудири

З.Ш.Абдимуратов

Back to top button