СУДЬЯЛАР МУСТАҚИЛЛИГИНИ ТАЪМИНЛАШ ОДИЛ СУДЛОВ КАФОЛАТЛАРИДАН БИРИ
Маълумки, судьялар ҳуқуқий мақомини белгиланишида судлар мустақиллиги тамойили муҳим аҳамият касб этиб, бу деярли барча хорижий давлатлар миллий қонунчилигида ўз аксини топган.
2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясида ҳам еттита устувор йўналишлардан бирида айнан судларни мустақиллигини таъминлашга қаратилган алоҳида мақсад белгилаб олинди.
Унга кўра, суд ҳокимиятининг чинакам мустақиллигини таъминлашда судьялар ҳамжамияти органларининг ролини янада ошириш, судьяларнинг ўзини ўзи бошқариш тамойилини кенг жорий этиш ҳамда судьяларга ғайриқонуний тарзда таъсир ўтказишнинг олдини олиш бўйича таъсирчан механизмларини жорий этиш лозим бўлади.
Таъкидлаш жоизки, судьяларнинг мустақил ва фақат қонунга бўйсунган ҳолда иш юритишларининг конституция даражасида кафолатланишини асосий сабабларидан бири – суд ҳокимиятига бошқа ҳеч қайси орган ваколатига тааллуқли бўлмаган ҳуқуқ — одил судловни амалга ошириш ҳуқуқи берилганлиги билан изоҳланади. Зеро, мамлакатимиз ҳаётида, фуқароларимизнинг ҳуқуқ ва эркинликларини тўлиқ таъминланишига эришишда одил судловнинг аҳамияти беқиёсдир.
Шу боис, судьяларнинг мустақиллигини амалда таъминлаш ва улар фаолиятига ҳар қандай бевосита ёки билвосита ташқи таъсирлар, босим ёки аралашишларнинг олдини олиш ва судларни ижро ва қонун чиқарувчи ҳокимият органларидан мустақил ҳолда фаолият олиб бориш имкониятини тўлиқ яратиш лозимлигини замоннинг ўзи тақозо этмоқда.
Бугунги кунда юртимизда суд ҳокимияти ва судьяларнинг мустақиллиги давлат томонидан кафолатланган бўлиб, ушбу кафолатлар юқорида таъкидланганидек, мамлакатимиз Конституцияси, шунингдек, Ўзбекистон Республикасининг “Судлар тўғрисида”ги ва “Судьялар олий кенгаши тўғрисида”ги қонунлари билан тўғридан тўғри тартибга солинган.
Ушбу қонун талабларидан келиб чиқиб, Судьяларнинг одоб-ахлоқ кодексига ушбу қоиданинг дастлабки принцип сифатида киритилиши ҳам бежизга эмас, албатта. Зеро, судьянинг мустақиллиги таъминланмаган бир шароитда одил судловни амалга оширишга, қолаверса, адолатлилик, холислик, ҳалоллик ва поклик каби эзгу фазилатларни рўёбга чиқаришга мунтазам тўсиқлар вужудга келаверади.
Бинобарин, Судьяларнинг одоб-ахлоқ кодексининг 5-моддасига кўра, судьянинг мустақиллиги давлат томонидан унинг фақат қонунга бўйсуниши, лавозимга тайинланиш (сайланиш) тартиби, унинг одил судловни амалга оширишга доир фаолиятига бирон-бир тарзда аралашишга йўл қўйилмаслиги ва бундай аралашув учун жавобгарликка тортиш орқали кафолатланади.
Судья ўз касбий фаолиятини амалга оширишида Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига ва бошқа қонунларга сўзсиз риоя этиши, ҳар қандай ташқи таъсирларнинг олдини олиши, таҳдидлар, босим ва ғайриқонуний таъсир ўтказишга, суд жараёнига бевосита ёки билвосита аралашишга қаршилик кўрсатиши, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари, шаъни, қадр-қиммати ва мулкий манфаатлари, корхоналар, муассасалар ва ташкилотларнинг ҳуқуқлари ҳамда қонун билан қўриқланадиган манфаатлари ҳимоя қилинишини таъминлаши шарт.
Судья одил судловни амалга ошираётганда суд процесси барча иштирокчиларининг процессуал ҳуқуқларини ҳурмат қилган ҳолда, ҳар қандай бевосита ёки билвосита ташқи таъсирлар, ниятлар, босим ёки аралашишлардан қатъи назар мустақил ҳаракат қилиши, фақат фактларни баҳолашдан келиб чиқиши ва ички ишончига асосланиб, қонунга ва ҳуқуқий онгига амал қилиши шарт.
Судья фаолиятининг оммавий муҳокама қилиниши, унинг номига билдирилаётган танқидий фикрлар у чиқарадиган қарорнинг қонунийлиги ва асослилигига таъсир этмаслиги керак.
Хусусан, Бирлашган миллатлар ташкилоти Бош Ассамблеясининг 1985 йил 29 ноябрдаги ва 1985 йил 13 декабрдаги резолюциялари билан тасдиқланган “Суд органлари мустақиллигининг асосий принциплари”да ҳам мустақиллик алоҳида тамойил сифатида ўз аксини топган бўлиб, ушбу ҳужжатга кўра, суд органларининг мустақиллиги давлат томонидан кафолатланиши ва бу мамлакат конституцияси ва қонунларида мустаҳкамлаб қўйилиши, барча давлат органлари уларнинг мустақиллигини ҳурмат қилишлари ва фаолиятига ғайриқонуний тарзда таъсир кўрсатмасликлари лозимлиги қатъий белгилаб берилган.
Одил судловга оид ҳалқаро стандартларда ҳам судьяларнинг мутақилигини таъминлашга оид асосий мезон ва қоидалар белганган.
Буларнинг энг асосийси 2002 йил 26 ноябрда Гаага шаҳрида қабул қилинган “Судьяларнинг одоб ахлоқига оид Бангалор принциплари” ҳисобланади.
Мустақиллик, холислик, ҳалоллик ва поклик, этник нормаларга риоя қилиш, тенглик, компетентлик ва интилувчанлик принциплари бугунги кунда қатор давлатлар каби Ўзбекистон Республикасининг суд-ҳуқуқ соҳасидаги қонунчилигида ҳам ўз ифодасини топган.
Юқорида келтириб ўтилган қонун ҳужжатлари ҳамда халқаро ҳужжатларни амалиётга изчил тадбиқ этиш, шунингдек, мамлакатимизда судьяларнинг чинакам мустақиллигини таъминлаш ва суднинг нуфузини ошириш, судлар фаолиятида одил судловни амалга ошириш бўйича қонунийликни рўёбга чиқариш мақсадида бир қатор қонун ости ҳужжатлар ҳам қабул қилинди. Ушбу ҳужжатларнинг амалдаги ижросини таъминлаш орқали жамиятда судьяларнинг хеч бир тўсиқларсиз касбий фаолиятини амалга оширишлари учун кенг имкониятлар яратилиб келинмоқда.
Сурхондарё вилоят суди судья катта
ёрдамчиси Ж.Х.Примов