Madaniyat

Фарзандларингиз хеч қачон тирик етим, кўнгли ўксик, бахти ярим бўлиб қолмасин!

Ўхшаш сурат

Ҳар бир ота онанинг орзуси бўлган  Тўй… Тантана. Орзу ҳавасларга етилган саодатли дамлар… барча ёшларга бахт тилайди. Барчанинг қалби, нияти келин эгнидаги либос каби оқ –  ёмонлик тилашдан жуда-жуда узоқ. Тўйга кўнгли қора одам келмайди. Аммо… дуолар, тилаклар ҳисоби минглардан, миллионлардан ошса ҳам  ёшларнинг ўзида бу бахтга интилиш бўлмаса, унга етолмайдилар. Тўй бир сарой қурилишининг аввалидир, бошланишидир. Икки ёш бирлашиб, ажиб сарой қурмоқчи. Бу саройнинг номи – бахт! Қурганда ҳам пойдеворини мустаҳкам қилиб, турмушнинг зилзилаю дўлларига бардош берадиган тарзда бино қилиш шарт. Демак, «оила» ёшлар қўлига тантана билан тутқазиладиган зарқоғозга ўралган ширинлик эмас. Бу саройнинг пойдевори – иффат, ҳаё, ғиштлари – сабр ва шукр, девори иймон, томи – ақл ва ирода. Безаклари – фаросат, саховат, меҳр…  Одамлар дуо қилиб уларга омад тилашади, ҳалос. Биров  битта ғишт олиб узатмайди. Аксинча, бахт саройини қурилишида кейинчалик ҳалақит берадиганлар топилади. Агар ёшлар умрларини улар билан олишишга сарфласалар сарой қурилиши чала қолади.

Эр-хотиннинг қалби, тан-жони, тили ва ниятлари ҳам бир бўлмоғи лозим. Шундагина, ёстиқдошлар муҳаббат-вафо севинчида ва оилавий ҳузур-ҳаловатда яшашга муяссар бўладилар. Ҳикмат Маълумки, инсон бахтининг олтин тожи, инсоний туйгулар гултожи деб аталмиш муҳаббатнинг муқимлигига никоҳаҳди орқали эришилади. Ва никоҳ остонасидан ўтгандан кейинги ҳаёт оила деб аталади. Яъни, эр-хотинлик ва оила қўрғонига илк қадам ана шу никоҳ кунидан бошланади. Никоҳ икки бошга бир тақцирни инъом этиб, сўқмокдарни катта йўлга олиб чиқади ва ёш эр-хотинлар зиммасига оила деб аталмиш илоҳий, муқаддас маконни бошқариш, обод қилиш ва ривожлантиришнинг шарафли вазифалари юкланади. Янги оилани кўркам бир боғга қиёслайдиган бўлсак, унинг боғбонлари албатта эр-хотиндир. Боғбонлар қанчалик миришкор, меҳрли ва этиборли бўлсалар, боғ шунчалик обод ва кўркам бўлганидек, оиланинг камоли, равнақи ва мустаҳкамлиги ҳам эрхотин ўртасидаги ўзаро муҳаббат, ҳурмат ва вафо, садоқат ва аҳилликдандир. Буларнинг барчаси эр-хотинни инсоний садоқатга муяссар қилувчи кучдир. Эр-хотин — ҳаёт ижодкори. Ҳашаматли айвонни қўш устунсиз тасаввур этиб бўлмаганидек, оилани ҳам ҳақиқий севиб-севилган эр-хотинсиз тасаввур этиб бўлмайди. «Эр-хотиннинг уруши – дока рўмолнинг қуриши» деган мақолни кўпчилик билади. Эр-хотин орасида низо чиқса қисқа муддатда бартараф бўлади, деган маънодаги бу мақол айрим ҳолларда ҳақиқатга айланмай қоляпти. Ёш оилалардаги жанжал «ажралиш» деган фожиа билан якун топяпти. «Фожиа»  бу эркаклар оғзидан  чиқиб кетаётган Талоқ сўзидир.: «Азизим, соатингиз бузилса неча мароталаб бўлса ҳам тузатиш учун устага олиб борасиз. Ҳеч иложи бўлмаса ташлаб юборасиз. Бу фожиа эмас, шунчаки кўнгилсиз ҳол. Лекин оила бузилса, икки ёшни яраштиришга ҳаракат қиламиз, ярашишнинг чораси қолмасаўртада бир бутун оила бузилади.. Лекин бу оилани бузилган соат сингари ташлаб юбормаймиз. Яъни жамиятдан суриб чиқармаймиз. Эр ҳам хотин ҳам бошқа оила қуриб яшайверади. Лекин болалар-чи? Тирик етимларнинг оҳи фожиа эмасми? Қалбларининг парчаланиши фожиа эмасми? Оилани жамиятнинг дурру гавҳари деб улуғлайдилар. Уйимиздаги дур ва гавҳарларни ардоқлаб асраймиз. Оилани-чи?

Тилимизда «оила қурди» ёки «оила барпо этилди» каби иборалар кўп учрайди. Шунинг қаторида «оила бузилди» ёки «оиласи барбод бўлди» деганлари ҳам бор. Оила умр йўлидаги гўзал бир саройга ҳам  ўхшатилади.  Афсуски, айрим бадавлат ота-оналар оилани бошқачароқ тушунадилар ва фарзандларини моддий томондан тўла-тўкис таъминлаб қўйиш билан кифояланиб, «оила қурилди», деб хотиржам бўладилар. Тўғри, оила саройини қуришда ота-онанинг вазифаси ҳам мавжуд. Оилани биз қандай тушунамиз, қандай ҳимоя қиламиз?

Оилани мўъжазгина бир жамиятча деб фараз қилсак, бутун инсоният жамиятининг дахлсизлиги айнан шу «жамиятча»нинг жипслигига боғлиқ. Демак, қайсики жамиятдаги оилалар мустаҳкам эмас экан, бу жамият ҳарбий қудрати ва бойлигидан қатъи назар, ҳалокатга маҳкумдир. Оилавий муҳаббат одамлар орасида кенг тарқалган энг мустаҳкам муҳаббатдир. Шунинг учун ҳам у кишилар ҳаётига таъсир кўрсатиш жиҳатидан одамнинг энг муҳим ва энг ҳаётбаш туйғусидир. Ўз уйида бахтли бўлган кишигина чинакам бахтлидир. Уйида тинчлиги йўқ оила бу бахтсиз оила.Ҳар бир инсоннинг оила олдида, оиланинг жамият олдида масъулияти бор. Бу икки ижтимоий тушунчани бир-биридан айириш қийин. Соддароқ қилиб айтилса, оиласида ҳаловати йўқ одамнинг хизмат жойида ҳам ҳаловати бўлмайди. Демак, ишидан барака кетади, хизматдошлари билан қўпол муомалада бўла бошлайди. Ёки аксинча, ишда омади юришмаган, хўжайинлардан сўкиш эшитган одам уйга қайтганда аламини оила аъзоларидан олади. Агар ҳаётимизнинг барча мақсад-мазмуни оиладаги шахсий бахтимиздан иборат бўлганида, шахсий бахтимиз биргина оиладаги муҳаббатда ўз ифодасини топганида эди, унда ҳаёт деганлари чиндан ҳам қоп-қоронғу саҳрога айланиб қолган бўларди Пайғамбарлар умматларини пок ва ҳалол оила қуришга даъват этганлар.

Минг афсуслар бўлсинки хозирги вақтда  ажримлар кўпайиб кетмоқда.Арзимаган важлар билан тушунмовчиликлар билан оилалар бузилиб кетмоқда албатта бунга сабаб ёшларнинг бир

бирини тушунмаслигидир. Аёлларнинг сабрсизлиги, такаббурлиги, эрларнинг қахр ғазаби оиланинг бузилишига сабаб бўлмоқда.Яна бири оилада учинчи кишининг аралашуви бўлмоқда. Бундай нотинчликлардан бегунох фарзандларнинг қалби озор чекмоқда.

Бир куни хусусий  боғчада ишлайдиган бир танишим қўнғироқ қилиб сизнинг маслахатингиз керак деб қолди. Мени боғчасига таклиф қилди. Боғчага борганимда бир чеккада хаёли паришон, ўксик,  болаларга қўшилмай, тушкунликга тушган  бир беш яшар  болани кўрсатиб;

-Опажон мана уч кундирки бу болани ота онаси эмас бувиси боғчага олиб келиб олиб кетади. Боладаги ўзгаришни кўриб хавотир олиб қолдим. Овқат емайди, хафа, болалар билан ўйнамайди. Аслида эса бу бола жуда ақлли, харакатчан чаққон бола эди. Нима бўлди сенга десам гаплашгиси ҳам келмайди:-деди боғча опаси.

Шу болача билан бир сухбат қиласизми? –деди.

Мен халиги ширингина болани ёнимга чақириб , қўлига ширинлик бериб.  эркалаб алоҳида ўтириб сухбатлашдим. Авал уни мақтаб, ота онасини мақтаб, уни ота онаси жуда яхши куришини айтдим. Шунда бола менга қараб жахл билан; — улар мени ёмон кўришади..Улар хар куни бир бири билан уришади. Энди эса улар ажрашаяпти. Онам мени ташлаб бувимникига кетиб қолдилар -деб уксиб йиғлай бошлади. -Холажон айтинг улар ярашишсин. Мен иккалаларини хам яхши кўраман деб йиғлади. Собир ошнамнинг отаси йўқ менинг хам отам бўлмаслигини хохламайман.Бу боланинг ичи эзилиб йиғлаганини кўриб унга албатта ота онангни яраштираман деб ваъда бердим.

-Болага аввало сен хам менга ваьда берасан овқатингни вақтида еб. болалар билан қўшилиб ўйнаб юрасан мен эса сени илтимоосингни қиламан дедим. У рози бўлиб холажон онам билан отам ажрашмайдия деб яна такрор такрор сўрадида  болаларни ёнига югуриб кетди.

Мен боланинг ота онаси билан сухбатлашдим. Фарзандларининг хозирги холатида ўзгариши, қалби кемтик бўлиб қолмаслигини. ҳар қанча бўлганда ҳам фарзанд учун оилани тиклаш кераклигини тушунтирдим. Рашк туфайли оила барбод бўлишига бир бахя қолган экан. Иккала ёшни яраштириб маслахатлар бердим. Кикина мурғак гўдакнинг илтимоси жуда қийинчилик билан бажардим.

Азизларим, оила деб аталмиш муқаддас даргохингиз  ҳеч қачон бузилмасин. Фарзандларингиз хеч қачон  тирик етим, кўнгли ўксик, бахти ярим бўлиб қолмасин. Ахир фарзандларингиз бахти фақат сизлар билангина  бутун бўла олади.Ўзингизга рахмингиз келмаса норасида гўдакларингизга рахмингиз келсин. Сизларнинг ўрнингизни хеч ким босаолмайди азиз ота оналар!!

Кимнинг оиласида тинчлик-тотувлик йўқ бўлса, эрнинг ҳам хотиннинг ҳам кўнгилларини Қуръон нурлари билан нурлантириб, хонадонларига осойишталик берсин. Меҳр-муҳаббат занжирлари узилай деб турган оилаларни Ўзинг асра. Ўзинг яратган бу муаззам ҳаётда тирик етимларнинг кўз ёшлари тўкилмасин.. Ота-боболаримиздан қолган «Қўша қаринглар» деган хайрли дуо бор, бу дуоларимизни ижобат эт. Ёшларимиз онгига, қалбига оиланинг муқаддас экани ҳақидаги тушунча ва туйғуларни сингдир. Ҳар бир оилани турли балою офатлардан Ўзинг асра.

ЎМИ Сурхондарё вилояти вакилининг хотин -қизлар масалалари бўйича ёрдамчиси Хосият Қосимова

Related Articles

Back to top button