ФИРИБГАРГА АЛДАНМАНГ!
Ҳозирги кунга келиб бировнинг ҳақидан қўрқмайдиган одамларнинг кўпаяётганлиги ачинарли ҳолдир. Айниқса, одамни алдаб, ишончини суиистеъмол қилиш ҳам катта гуноҳ бирга жиноят ҳамдир.
Фуқароларни олий ўқув юртига ўқишга киритишга ваколати бўлмаса-да, ушбу ноқонуний ишга қўл ураётганлар сони кундан кунга ошмоқда.
Аслида фирибгарлик тўрига илиниш қандай содир бўлади? Шу ҳакда тўхталсак.
Муаммоси бор инсон кўчада ёки транспортда шу ҳакда гап очиб қолади. Ёнидаги киши эса унга рост ёки ёлғондан ҳамдард бўлиб, йўл-йўриқ кўрсата бошлайди. Ташви-шини аритишга ёрдам бермоқчи бўлиб, буни ҳал қиладиган танишлари борлигини гапиради. Муаммоси битаётганидан хурсанд бўлган киши ҳожатбарорнинг оғзини пойлайди ва ўзини фирибгарнинг тузоғига тутиб беради.
М.Э ҳам нотаниш такси машинасида кетаётиб, гап орасида ёнидагиларга миллий университетга кирмоқчи эканлигини айтади. Шу машинада кетаётган йигит қишлоғида ўқишга кирганлар борлигини, улардан сўраб-суриштириши мумкинлигини айтиб, қизнинг телефон номерини олади.
Эртасига ўша йигит телефон қилиб, бир таниш топганлигини, учрашиб, гаплашиб олишни таклиф этади. М.Э фирибгар Ф.Шнинг тузоғига ана шундай ҳолатда тушиб қолади.
Кейин Ф.Ш қизга «бир йил бормаса ҳам бўлаверади, баҳолар қўйилаверади» каби ваъдалар билан ишончига кириб олишга ҳаракат қилади.
Хизмат ҳақини ўн минг АҚШ долларига оширган фирибгарнинг иши келишмай, қизни Ўзбекистон Миллий университетининг иқтисодиёт факультетига етти минг АҚШ доллари эвазига ўқишга киритиб қўйишга ваъда бериб юборди.
Аммо пулни қўлига ушлашга улгурмаёқ “ўзи қазиган чоҳга қулади». Фириб тўри уни суднинг қора курсиси томон етаклади. Жиноятига яраша жазосини олган «ҳожатбарор» энди бировнинг ҳақини ўмараётганда ўйлаб иш кўрса ўзига яхши бўларди.
Зеро, “кўр ҳам ҳассасини бир марта йўқотади”.
Сурхондарё вилоят судининг
судья катта ёрдамчиси А.Саъдуллоев