Bu qiziq

Адвокатлик фаолиятида нотиқлик санъати асослари

Нотиқлик санъатини муккамал эгалламасдан ва уни тортишувга асосланган суд процессида моҳирлик билан қўллаш кўникмасига эга бўлмасдан туриб, адвокат ўз вазифасини юқори даражада уддалаши қийин. Аммо кўпчилик адвокатлар судда нутқ сўзлаш санъатини эгаллашга зарур даражада эътибор қилишмайди.

Нотиқлик санъати амалиёт бўлса, риторика унинг назариясидир. Риторика грекча сўз бўлиб, фикрни чиройли ва ишонарли ифода этишни англатади.

Ўзаро муносабатлар соҳасида фикрни ифодаловчи сўзнинг ишончлилиги унинг далилланганлигидан кам аҳамиятга эга эмас. Риторика санъат ва айни вақтда ишонтириш назарияси сифатида ўзининг борлиқни билиш ва ўзгартириш усули риторик усулга эга.

Тадқиқ этишнинг риторик усули – бу ижтимоий борлиқни амалий вазифаларни ҳал этиш мақсадида англаш, бошқаларни ҳам шунга ишонтириш учун амалга ошириладиган фикрлаш усулларининг мажмуисидир.

Суд риторикасини ўрганишда риторик усул далилларни англаб этиш ва унинг моҳиятини бошқаларга ҳам етказишнинг умумий услуби сифатида эътироф қилинади.

Суд риторикаси ёки юридик риторика фан сифатида юридик аҳамиятга эга бўлган фактларни ўрганиш ва ҳуқуқий хусусиятдаги қарорларни қабул қилиш жараёнида юридик фактлар таҳлилини тайёрлаш ва уларни баҳолаш тўғрисидаги хулосаларни ишончли тарзда тақдим этиш билан боғлиқ барча муоммаларни ўрганади. Юридик риториканинг предмети ҳуқуқий муносабатлар соҳасида ишонтиришдир.

Адвокатнинг муваффақиятли фаолият кўрсатиши унинг касб маҳорати, чунончи иш материалларини ўрганиш ва таҳлил қилиш, уларга ҳуқуқий баҳо бериш, сўроқ олиб бориш, саволларни аниқ, тушунарли ва мақсадли шакллантириш қобилиятига боғлиқдир.

Адвокат ўз процессуал функцияларини амалга оширишда юридик риторикадан фойдаланиши кўйидагиларда намоён бўлади:

— суд тергови бошланганга қадар ҳимоянинг ишончли позициясини шакллантириш мақсадида иш материалларини ўрганиш, уларни таҳлил этиш ва баҳолаш;

— ҳимоянинг узил-кесил позициясини аниқлаш мақсадида суд тергови жараёнида иш олиб бориш, судда нутқ сўзлаш учун материаллар тайёрлаш, айблов тараф билан процессуал курашиш ва судни адвокат судланувчи фойдасига келтирган важларни ҳақиқий деб қабул қилишга олдиндан тайёрлаб бориш;

— адвокатнинг процессуал ҳаракатининг якуни сифатида, адвокат томонидан ишни таҳлил этиш натижаси ва шу билан бирга суд томонидан қарор қабул қилиш учун ўз позициясини якка-ю ягона тўғри деб тақдим этадиган, ҳимоя нутқи.

Ҳимоя нутқининг ишончлилиги адвокатнинг жиноят процессидаги барча процессуал фаолиятининг бош мақсади бўлганлиги учун, унга ҳимоя позициясининг қанчалик ишончли эканлигидан далолат берувчи муҳим кўрсаткич ва адвокатнинг касбий лаёқатининг муҳим мезони сифатида қараш мумкин.

Кўпчилик муаллифлар адвокат ҳимоя нутқининг тузилиши деганда, унинг таркибий қисмларини тушунади. Уни кириш, асосий (асослантириш) қисм ҳамда хулосадан иборат деб таърифлаб, ўрганадилар. Бу ёндашувни нотўғри деб бўлмайди, лекин у асосий масалани, яъни адвокат ҳимоя нутқининг ишончлилиги масаласини иккинчи даражага тушириб қўяди. Бизнинг назаримизда, адвокат ҳимоя нутқининг тузилишини ўрганишда унинг коммуникатив хусусиятларига асосий эътиборни қаратиш лозим.

Ўзбекистонда суд ишларини юритиш тортишув принципига асосланган. Тарафларнинг ўзаро тортишувига асосланган суд процессида адвокатнинг нутқи ишонтириш жараёни билан (ҳимоядаги шахснинг ҳақ эканлигини исботлаш, тингловчиларни ўзига жалб этиш ва уларнинг фикрини ишдаги тараф учун зарур бўлган томонга йўналтириш) боғлиқ масалаларни самарали ҳал қилишга кўмаклашадиган муайян коммуникатив сифатларга эга бўлганидагина адвокатга нисбатан ишонч уйғонади. Суд мажлисида сўзлаётган нотиқ нутқининг коммуникатив сифатларини қуйидагилар белгилайди:

  • нутқнинг тушунарлилиги;
  • нутқнинг мантиқийлиги;
  • нутқнинг етарли даражада давом этиши билан бирга, лўндалиги;
  • нутқнинг ҳис-ҳаяжонлилиги;
  • нутқда баён этилаётган фикрларнинг ўз жойидалиги;
  • нутқнинг самимийлиги;
  • нутқда аниқлик.

Адвокатнинг ўз нутқида бошқалар учун тушунарсиз бўлган ёки тушунилиши учун махсус билимлар талаб қилинадиган сўзлар ёхуд ибораларни ишлатиши нутқнинг коммуникатив сифатига акс таъсир кўрсатади.

Сурхондарё вилояти суди судья                                     катта ёрдамчиси Ж.Примов

Related Articles

Back to top button