Бу қизиқ

Ҳакерлар томонидан ечиб олинаётган пуллар муаммоси менга дуч келмайди

Замонавий технологиялар жадал ривожланиб бораётган, бутун дунё аҳолисини қамраб олаётган бугунги ахборот асрида ҳар бир шахснинг маънавий ҳимояси ҳамон муаммолигича қолмоқда.

Жамиятда ўз касби-кори доирасида фаолият юритаётган инсонлар борки, уларнинг ҳар бири топаётган даромади, пуллари, ойлик-маошлари хавфсизлиги билан боғлиқ эҳтиётсизликларга йўл қўйиши, табиий. Зеро, қаерда ғафлат бўлса, ўша ерда жиноят ҳам мавжуд. Бунга мисол тариқасида ҳозирда оммалашиб бораётган кибержиноятлар, интернет оламида авж олаётган киберҳужум, киберфирибгарликларни алоҳида таъкидлашимиз лозим.

Бугун ижтимоий тармоқларда сохта мукофотлар, сохта моддий ёрдамлар ваъда қилаётган машҳур шахслар, машҳур брендлар ва расмий ташкилотлар номидан фойдаланиш ҳакерлар ўлжасининг осонгина тузоғига айланди.

Бундай киберфитналар қурбони бўлаётган содда одамларнинг аҳволи барчамизни сергаклантириб қўйган бўлса, ажаб эмас. Ахир ким ҳам машаққат чекиб топган меҳнатини бир зумда “кўринмас қўллар”га бой бериб қўйишни истайди?

Бу каби фирибгарликларга дуч келмаслик ва жиноий ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида соҳа мутахассислари томонидан кўрилаётган чора-тадбирлар қаторида, тажрибам мисолида ўз нуқтайи назаримни баён қилишга ҳаракат қиламан.

Биринчидан, ҳар бир шахс ўзига тегишли шахсий маълумотлар (пластик карта рақамлари, идентификацион ҳимоя кодлари, ижтимой тармоқдаги аккаунтлар ҳимояси, телефондаги жойлашув нуқталари, шахсий паспорт, ва ҳ.к)  хавфсизлигини таъминлаши лозим. Сабаби ҳозирда фуқароларнинг деярли барча шахсий маълумотлари онлайн шаклда сақланади. Хавфсизлик талабларига риоя қилишимиз эса шарт.

Иккинчидан, ижтимоий тармоқларда дуч келаётган норасмий эълонларнинг сохта ҳаволасига қизиқиб кирмаслик.
Ишонарли бўлмаган онлайн савдо дўконларида харидни амалга оширмаслик. Сохта иловалардан фойдаланмаслик. Чунки фирибгарлар учун бир хабар матнининг аслига мувофиқ фейк қолип ясаш – ишонтиришнинг энг нозик усулидир.

Учинчидан, келаётган фейк хабарларга жавоб бермаслик, қўнғироқ қилаётган бегона шахслар билан мулоқот қилмаслик. Зеро, ҳар бир хабарноманинг сўнгида сиз, албатта, нимагадир даъват қилинасиз, қўнғироқ қилаётганларнинг уйдирмаларига ишонасиз ва “манфаатли” таклифларини қабул қиласиз.

Хулоса ўрнида таъкидлаш мумкинки, ҳар бир шахс ўз эҳтиёжлари ортидаги беҳуда қизиқувчанлиги, эътиборсизлиги, шахсий маълумотлар ҳимояланмаганлиги, ташқи таъсирларга қарши ҳушёрлик ва ғоявий иммунитетнинг шаклланмаганлиги, шунингдек, виртуал оламдаги кибержиноятлар ҳақида керакли маълумотларга эга бўлмаганлиги сабабли ўз ҳақини фирибгарларга бой бериб қўймоқда. Юқорида келтирилган таҳлилларимнинг якуни сифатида барчангизни шахсан огоҳликка чорлаб қолишни лозим топдим.

Зарнигор Ибрагимова
Ўзбекистон Журналистика ва оммавий коммуникациялар университети
Телерадио журналистикаси йўналиши
2-босқич талабаси

Related Articles

Back to top button