Hodisalar

ҚЎШНИНИНГ ҲАҚҚИ…

Доно халқимизда қўшничилик ҳақлари ҳақида ажойиб мақоллар, ҳадис шарифлар борлигини барчамиз яхши биламиз. Масалан, «Ҳовли олма, қўшни ол” каби мақол замирида ҳам қанча маъно яширин. Ҳовли олсангизда қўшнингиз яхши бўлмаса, ҳа деганда жанжал кўтараверса уйингиздан барака, кунглингиздан ҳаловат қочади.

Шу сабабли ҳам муқаддас динимизда қушничилик ҳақларига доир ажру-савоблар муфассал келтириб ўтилган.

Афсуски, ҳозирги тинч-фаровон даврга келиб қўшнилар орасида ҳам меҳр-оқибат, одамгарчилик туйғуларига путур етаётгандек…

Куйида ҳам икки қўшни ҳовли одамлари арзимас майда гап-сўзларни деб адоватлашиб, юз кўрмас бўлиб қолишди. Камига бири жароҳат олди, бири эса қонун олдида жавоб беришига тўғри  келди.

Судланувчи Қаҳҳор Бўтаев (исм-фамилиялар ўзгартирилган) ҳам ўша куни аёллар гапига кириб жаҳлига эрк бермаганда, бироз босиқлик билан воқеага ойдинлик киритганда бунча машмашаю ташвишлар бўлмасди, кунгилсизларнинг олди олинарди.

Ўша куни онаси кўшнининг қизини бироз койигани учун қизчанинг акаси уларнинг дарвозасига икки марта тош отганлигини эшитиб қолган Қаҳҳор жаҳлини жиловлай олмади. Тош отган кўшни йигит Баҳодирни таёқ билан уриб кетди. Уям уйидан пичоқ кўтариб чиққач, воқеа жиддий тус олиб, хар икки томонни қариндошлари йиғилиб жанжал катталашиб кетди.

«Баҳодирни қўлидаги пичоқни оламан дегандим», деб кўрсатма берган Каҳҳор уни жароҳатлаб кўяди. Boқеa жойига етиб келган участка инспектори ва махалла раиси, бошқа қўшнилар уларни ажратиб, ҳушини йўқотган Баҳо­дирни касалхонага олиб кетишди.

«Сўнгги пушаймон, ўзингга душман», деганларидек, жабрланувчи ва гувоҳларнинг кўрсатмаси ҳамда тиббий хулоса асосида Қаҳҳор айбли деб топилиб, унга нисбатан қонуний чора кўрилди.

Аммо, қарс икки қўлдан чиқади, деб бежиз айтишмаган. Баҳодир ҳам қўшнини дарвозасига тош отмасдан, пичоқ кўтариб югурмасдан муомала билан тушунтирса бўлар зди-ку. Ҳар икки томондан содир этилган бу кўнгилсизлик икки оилани бир-бирига адоватли бўлиб қолишига сабаб бўлди.

Шунга айтишса керак, “Ғазабини енгган одам-энг кучлидир» деб. Жаҳлини жи­ловлай олмаганлар эса юқоридагидек ҳолатга тушишлари тайин…

Сурхондарё вилоят судининг

судья катта ёрдамчиси                                                        А.Саъдуллоев

Related Articles

Back to top button