Hodisalar

Бошқа «форточка» қолмади энди

Сурхондарё вилоятининг Денов тумани марказида ноқонуний кесиб ташланган 109 та дарахт масаласида нима учун жиноят иши қўзғатилмагани юзасидан Ички ишлар вазири ва Бош прокурорга депутатлик сўрови киритган эдик.

Чунки табиатга етказилган зарар 329 млн сўмдан ортиқ бўлиб, бу иш жиноий жавобгарликка сабаб бўлиши керак.

Ички ишлар вазири сўровимизга жавоб берибди.

Унда Деновдаги 109 туп дарахт кесиб ташланганида ҳуқуқбузар етказган зарар (65 млн сўм) кўп миқдорни ташкил этмаганлиги, 329 млн сўм ҳисобланган зарар Ҳукумат қарорига асосан бешга кўпайтириб чиқарилган сумма экани, жиноят иши қўзғатишда бирламчи сумма (65 млн сўм) инобатга олиниши боис, жиноят ишини қўзғатиш рад қилинганини билдирилибди. Зарар миқдори 73 млн сўмдан ошса жиноят ишига тортаркан.

65 млн сўмлик зарарни Экология қўмитасининг Сурхондарё вилояти бошқармаси ҳисоблаб берган экан.

Шундан сўнг 109 та дарахтга 65 млн сўм тўғри келиши асослими, деган савол билан республика Экология қўмитасига мурожаат қилдик.

Қизиғи шундаки, Қўмита жавобида билдирилишича, зарар белгиланган тартибда қайта ҳисоблаб чиқилганида миқдор 65 млн эмас, 995 млн эканлиги маълум бўлган.

Бундан кўриниб турибдики, зарарни камайтириб ҳисоблатишдан мақсад жиноят иши қўзғатмаслик бўлган.

Зарар миқдори қўмитанинг марказий идораси томонидан расман 995 млн сўм эканлиги тасдиқлангач, ҳолат бўйича жиноят иши қўзғатиш масаласида яна бир бор Ички ишлар вазирига мурожаат қилдик.

Ишқилиб Экология қўмитасининг Сурхондарё вилояти бошқармасига босимлар бўлмаган бўлсинда.

Менимча буёғига бошқа «форточка» қолмади. Энди натижа ва ахборотни кутамиз.

Related Articles

Back to top button