«Коррупцияга қарши курашиш – давр талаби» мавзусида семинар- трейнинг ташкил этилди

Ўзбекистон Республикасида коррупцияга қарши курашиш соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар сўнгги йилларда мазмунан янги босқичга кўтарилди. Мамлакатимизда давлат бошқарувида бюрократияни қисқартириш, давлат органлари фаолиятини рақамлаштириш орқали коррупцияга имкон бераётган шарт-шароитларни бартараф этиш, шунингдек, давлат хизматларини соддалаштириш бўйича ишлар изчил давом эттирилмоқда. Аҳоли ва тадбиркорларга “халқ хизматидаги давлат” тамойили асосида хизмат кўрсатиш йўлга қўйилди. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 2025 йил 26 декабрь куни Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқига Мурожаатномасида коррупцияга қарши курашда кескин ва қатъий позицияни эълон қилди. Давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, 2026 йил коррупцияга қарши курашда “фавқулодда ҳолат” йили сифатида белгиланди.
Сурхондарё вилояти Ўсимликлар карантини ва ҳимояси бошқармасида мазкур жараёнларда ходимларнинг ҳуқуқий саводхонлигини янада ошириш, давлат раҳбарининг жамиятдаги ҳар бир соҳа вакилларига олдига қўйган масьулиятли топшириқ ва вазифалар ижросини амалга ошириш бўйича йиғилиш ўтказилди. Унда Ўзбекистон Республикаси Коррупцияга қарши курашиш агентлигининг 2026 йил биринчи ярим йиллиги давомида Сурхондарё вилоятида амалга ошириладиган ишлар режаси билан таништирилди. Вилоят Ўсимликлар карантини ва ҳимояси бошқармаси ходимлари, туман ўсимликлар карантини ва ҳимояси бўлимлари ҳамда ЎКЧМ инпекторлари учун “Коррупция қарши курашиш- давр талаби” мавзусида махсус видео конфренсиал алоқа шаклида семинар трейнинг ҳам ташкил этилди.
Жараёнда Сурхондарё вилоят Ўсимликлар карантини ва ҳимояси бошқармаси Коррупцияга қарши курашиш бўйича ички назорат тузилмаси маъсул ходими иштирокида коррупцияни олиб келувчи ҳолатлар, қонунчиликда коррупциявий ҳолатларга қандай жазо белгиланганлиги, коплаенс назорат тизими ҳақида, ушбу тизимни жорий этиш бўйича самарали тажрибага эга мамлакатлар амалиёти ҳақида сўз борди.
Давлат органлари ва ташкилотларнинг ҳисобдорлиги ва фаолиятининг шаффофлигини ошириш, ходимлар томонидан касбий одоб-ахлоқ қоидаларига қатъий риоя этиш ва хизмат вазифаларини бажаришда манфаатлар тўқнашуви ҳақида хабар бериш ва уларни ҳал қилиш масалаларини тартибга солиш, коррупцияга қарши курашиш соҳасида умум эътироф этилган халқаро стандартлар ва чет эл ижобий тажрибасини жорий этиш мавзуларига кенг урғу берилди. Йиғилиш сўнгида бошқарма мутахассислари томонидан берилган саволларга жавоб берилди.
Худойшукур Хурсандов
Сурхондарё вилоят Ўсимликлар карантини ва ҳимояси бошқармаси Коррупцияга қарши курашиш бўйича маьсул ходими






