Мураккаб солиқ маъмурчилиги, бизнесга ортиқча аралашиш ва тизимдаги коррупция ҳолатларининг барчасидан хабарим бор”, — деди давлатимиз раҳбари
Президент содда солиқ маъмурчилиги ва бюрократиясиз қулай муҳит яратиш борасида муҳим ташаббусларни илгари сурди.
“Сиздек шижоатли, ишбилармон, ташаббускор ва фидойи тадбиркорларимиз сафи карра-карра кенгайишидан барчамиз бирдек манфаатдормиз.
Шу боис биз тадбиркорларга солиқ юкини кўпайтириш эмас, балки уларни қўллаб-қувватлаш орқали солиқ базасини кенгайтириш ҳисобига бюджетга тушумларни ошириш йўлидан бораяпмиз.
Ўтказилган сўровларда 62 фоиз тадбиркорлар солиқ соҳасидаги ислоҳотларни ижобий баҳолаган.
Лекин бизнес вакиллари солиқ тизимидан, солиқчилар фаолиятидан қанчалик рози?
Мураккаб солиқ маъмурчилиги, бизнесга ортиқча аралашиш ва тизимдаги коррупция ҳолатларининг барчасидан хабарим бор”, — деди давлатимиз раҳбари.
Солиқ тизими тубдан ислоҳ қилиниб, солиқ идоралари ходимларининг ёндашувлари бутунлай ўзгартирилиши таъкидланди. Солиқ маъмурчилиги ҳам соддалашади.
Ҳозирги тадбиркорларни хавф гуруҳига киритиш тизими ёпиқ бўлиб, интизомли солиқ тўловчилар ҳам қайсидир ҳамкори қачонлардир хато қилган бўлса, унинг учун ҳам жавоб бермоқда.
Ўтказилган сўровларда қўшилган қиймат солиғи тўловчиларнинг 70 фоизи ушбу солиқни қайтаришда солиқ узилиши коэффициентини қўллаш, яъни “tax gap” тизими адолатсиз эканини билдирган.
Солиқ тизимидаги коррупция билан боғлиқ шикоятлар ҳаддан ташқари кўпайиб кетгани ҳам айнан “tax gap” билан боғлиқ.
Эндиликда, 1 октябрдан бошлаб, қўшилган қиймат солиғини қайтаришда солиқ узилиши коэффициентини қўллаш амалиёти, яъни “tax gap” бекор қилинади.
Шу билан бирга, Савдо-саноат палатаси, Бизнес-омбудсман соҳа вакиллари билан бирга тадбиркорларнинг очиқ-ошкора рейтингини жорий қилади.
Бунда, келгуси йил 1 январдан бошлаб рейтинги юқори корхоналар:
— барча турдаги солиқ текширувларидан озод қилинади;
— уларга қўшилган қиймат солиғининг ортиқча қисми бир кунда қайтариб берилади;
— қўшилган қиймат солиғи тўловчиси гувоҳномасини вақтинчалик тўхтатиб туриш амалиёти бекор қилинади.
Тадбиркорнинг солиқ идоралари билан бўладиган барча низолари маъмурий суд ваколатига ўтказилади. Шунингдек, тадбиркорларнинг тўғридан-тўғри судга шикоят қилишидаги ҳар қандай чекловлар олиб ташланади.
Солиқ бўйича тадбиркорларга нисбатан даъво киритиш муддати ҳозирги 5 йилдан 3 йилга туширилади.
Бундан ташқари, солиқ ёки кредит қарзини ундириш бўйича суд қарори чиқарилганда, пеня ва фоизлар ҳисоблаш тўхтатилади.
Ҳозирги кунда тадбиркорлар 140 дан ортиқ ҳисобот доирасида 8 мингга яқин кўрсаткичларни 16 та давлат идорасига топширишга мажбур. Оқибатда 500 минг тадбиркор ҳар йили бундай турли ҳисоботларни тайёрлашга 300 миллиард сўм сарфламоқда.
Шу боис 2024 йил 1 январдан бошлаб:
— бир-бирини такрорловчи ва эскирган ҳисоботлар тугатилади;
— барча ҳисоботларни ягона электрон тизим орқали тақдим этиш йўлга қўйилиб, уларнинг қоғоз шакли бекор қилинади (ҳозирда 15 фоиз ҳисоботлар қоғозда топширилади).