Касбим-фахрим

ОЛТИНСОЙ ТУМАНИДАГИ «ҚУРАМА-103» ТЕЗ ТИББИЙ ЁРДАМ ТАЯНЧ ПУНКТИ ЁРДАМГА МУҲТОЖ…

Тиббиёт ходимларининг, айниқса «Тез тиббий ёрдам» бригадасининг меҳнатини ҳар қанча шарафласак ҳам кам.

Тунни  тонгга улаб, қишнинг совуғида ҳам, ёзнинг иссиғида ҳам, ёғин-сочин кунда ҳам ҳар бир чақириққа етиб бориб, биринчи тиббий ёрдам кўрсатиб, зарур бўлганда беморни касалхонага етказиб, унинг ҳаётини сақлаб қолиш учун тиним билмайдиган фидойи инсонлар машаққатли меҳнати учун энг бебаҳо  мукофот нима биласизми?- бу халқимизнинг соғлигидир!

Ана шундай фидойи соғлиқ посбонларининг бир гуруҳи  Олтинсой тумани Мустақиллик 10-йиллиги маҳалласи ҳудудида жойлашган «Қурама-103» Тез тиббий ёрдам таянч пунктида меҳнат қилишади.

Таянч пунктининг аянчли аҳволи тўғрисида шу ерда тиббий ёрдам олган шўрчилик фуқаронинг мурожаатига асосан бориб ҳақиқий вазиятни ўргандик.

«Қурама-103» Тез тиббий ёрдам таянч пунктида навбатчиликда врач, фельдшер ва ҳайдовчилар гуруҳи доимий равишда меҳнат қиларкан. Улар учун шу ердаги қишлоқ оилавий пунктидан тахминан 3х2,5 метр ўлчамдаги битта хона ажратилган. Хона жуда таъмирталаб аҳволда, полга тўшалган линолеум йиртилиб қолган, иккитагина металл кроватнинг биттаси наридан бери пайвандлаб қўйилган, бир дона стол ва бир дона стул, битта тумба, битта стационар телефон мавжуд.

Тез тиббий ёрдам машинаси қишда ҳам, ёзда ҳам ҳовлида тураркан, машина учун гараж қурилмаган. Бир сўз билан айтганда аҳвол ҳақиқатан ҳам аянчли.

Ушбу муаммони туман миқёсида ҳал қилса бўладиган масала, наҳотки тез тиббий ёрдам гуруҳи учун иккита хона билан битта гараж қуриш имкони бўлмаса?…

Олтинсой тумани ҳокимлигидан ва ваколатли тиббиёт соҳаси раҳбариятидан ушбу салбий ҳолатни бартараф этилишида ёрдам беради деб ишонамиз.

Рамазон

Related Articles

Back to top button