Bu qiziq

Эмансипация тушунчаси нима?

Эмансипация қадимдан турли хил манбаларда (лотинча сўздан олинган бўлиб) жабр, зулм, қарамлик, тутқинлик, турли бидъатлардан қутилиш маъносини англатади.

Эмансипация институти қадимги Рим ҳуқуқи даврида пайдо бўлган, ҳозирга қадар ер юзасидаги кўплаб ҳуқуқий мактабларда қўлланиб келинаётган институтлардан бири ҳисобланади.

Эмансипация қадимги Римда боланинг отанинг  мутлоқ ҳукмронлигидан озод бўлиш маъносини билдириб, уша даврда ота фарзандлари ҳаёти, мол-мулки устидан тўлиқ ҳукмрон бўлиб, болаларини сотиш, жазолаш, аскарликка жунатиш хатто ўлдириш ҳуқуқига ҳам эга бўлган.

Ўрта асрларда герман ҳуқуқида ўғил болаларнинг маълум бир ёшга етгандан кейин отасининг васийлигидан чиқиб, мустақил касб танлаш, уйланиш ва бошқа ҳуқуқларни қўлга киритишни англатган.

Кейинчалик Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик Кодексининг 28-моддаси билан муҳрланиб, унга кўра ўн олти ёшга тўлган вояга етмаган шахс меҳнат шартномаси бўйича ишлаётган бўлса ёки ота-онаси, фарзандликка олувчилари ёхуд ҳомийсининг розилигига биноан тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланаётган бўлса, у тўла муомалага лаёқатли деб эълон қилиниши мумкин.

Вояга етмаган шахсни тўла муомалага лаёқатли деб эълон қилиш (эмансипация) ота-онанинг, фарзандликка олувчиларнинг ёки ҳомийнинг розилиги билан васийлик ва ҳомийлик органининг қарорига мувофиқ ёхуд, бундай розилик бўлмаган тақдирда, суднинг қарори билан амалга оширилади.

Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик Процессуал Кодексига кўра  шахсни эмансипация  қилиш тўғрисидаги аризалар алоҳида тартибда кўриб чиқилиб, ўн олти ёшга тўлган вояга етмаган шахс ўзи яшаб турган жойдаги судга ўзини тўлиқ муомалага лаёқатли деб эълон қилиш тўғрисидаги ариза билан мурожаат қилади.

Фуқаролик судлари томонидан  бундай мазмундаги аризаларни  қабул қилишда, жойлардаги васийлик ва ҳомийлик органлари вояга етмаган шахсни тўлиқ муомалага лаёқатли деб эълон қилишни рад этганлигини тасдиқловчи далиллар бор ёки йўқлигига эътибор қаратиши лозим.

Суд томонидан 16 ёшга тулган шахс тўлиқ муомала лаёқатли деб топилгандан кейин, у қонунчиликда  муомалага лаёқатли шахс бажариши мумкин бўлган барча ҳаракатларни амалга ошириш ҳуқуқини қўлга киритади.

 

Фуқаролик ишлари бўйича

Сариосиё туманлараро суди судьяси: Қ.Х.Туранов

Related Articles

Back to top button