Ўзбекистон

Ички ишлар вазирлигининг кенгайтирилган ҳайъат йиғилишида Президент Шавкат Мирзиёев иштирок этди

Президент Шавкат Мирзиёев Ички ишлар вазирлигининг кенгайтирилган ҳайъат йиғилишида ҳуқуқ-тартибот соҳасидаги ишлар аҳволини таҳлил қилиб, келгусидаги вазифаларни белгилаб бермоқда.

“Биз ислоҳотларимизнинг илк кунлариданоқ инсон қадрини улуғлашни энг олий қадрият сифатида эътироф этдик ва бу борада катта ўзгаришларни бошладик.

Янги Ўзбекистон, бу – ҳуқуқий давлат эканлигини янгиланган Конституциямизда ҳам муҳрлаб қўйдик.

Ягона мақсадимиз – адолат ва қонун устуворлигини таъминлаш орқали халқимизни рози қилишдан иборат”, — деди давлат раҳбари сўзининг аввалида.

Биргина охирги икки йил ичида ҳуқуқ-тартибот фаолиятига оид 10 та қонун, 40 га яқин Президент фармон ва қарорлари, 60 дан ортиқ ҳукумат қарорлари қабул қилингани қайд этилди.

Ҳуқуқ-тартибот органлари, айниқса ички ишлар ходимларининг ойлик маоши кескин оширилди ва кўплаб имтиёзлар берилди.

Бевосита “маҳалладаги бешлик” учун 30 мингдан ортиқ янги штатлар киритилди.

“Аслида ҳам, аҳолининг тинчлигини таъминлаш маҳалладан бошланиши керак.

Лекин маҳаллада жиноятчиликни жиловлаш аҳволидан халқимиз қанчалик рози?”, — дея савол қўйди Президент.

Мисол учун, ўтган олти ойда маҳаллаларда барвақт олдини олиш мумкин бўлган 12 мингга яқин жиноят содир этилган.

Қотиллик ва тан жароҳати билан боғлиқ жиноятларнинг 50 фоизи оилавий-маиший низолар ва мунтазам жанжаллар оқибатида, ўғриликнинг 70 фоизи ишсизлик ва моддий етишмовчилик сабаб, ёшлар ва ўсмирлар жиноятлари, асосан, оиладаги муҳит ва ҳуқуқий саводхонлик етишмаслиги туфайли содир бўлмоқда.

Шунингдек, айрим ҳуқуқ-тартибот идоралари раҳбарлари жиноятчиликни олдини олишда жиловни қўйиб юборган.

«Улар орасида шахсий манфаатларини касбий мажбуриятларидан устун кўраётган, ҳуқуқ-тартибот идораларида ишлашга номуносиб бўлган бир қатор раҳбарлар ҳам бор», — деди давлатимиз раҳбари.

Related Articles

Back to top button