ПРОКУРАТУРА ОРГАНЛАРИ ТОМОНИДАН ЭКОЛОГИЯ, АТРОФ-МУҲИТНИ МУҲОФАЗА ҚИЛИШ ВА ЎРМОН ХЎЖАЛИГИ СОҲАСИДАГИ ҚОНУНБУЗИЛИШИ ҲОЛАТЛАРИ АЛОҲИДА НАЗОРАТГА ОЛИНИБ, УЛАР БЎЙИЧА КЕСКИН ВА МУРОСАСИЗ ЧОРАЛАР КЎРИБ БОРИЛИШИ ҚАТЪИЙ ТАЪМИНЛАНМОҚДА
Қоровулбозор тумани чўл ҳудудида Она табиатда ноёб тур ҳисобланган, Қизил Китобга киритилган Жайрон кийиги браконерлар томонидан овланаётганлигини кўриб, унинг жиноий фаолиятини тўхтатиш ва қонуний чора кўриш учун ўз хизмат вазифаси бажараётганида браконер С.Ў. ов милтиғидан М.Ҳожиевга қарата ўқ узиб, унга тан жароҳати етказган ва ҳодиса жойидан қочиб кетган.
Ушбу жиноий ҳодиса алоҳида назоратга олиниб, туман прокуратураси томонидан С.Ў. Жиноят кодексининг 25, 202-моддаси ва 219-моддаси билан жиноят иши қўзғатилиб, унга нисбатан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилган.
Бундан ташқари, Бекобод шаҳридаги чиқиндихонада содир бўлган ёнғинни бартараф қилаётган шаҳар Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш инспекцияси бошлиғи М.Фазиловга фуқаро У.Х. пичоқ билан қасддан баданига оғир тан жароҳати етказган.
Мазкур ҳолат юзасидан ҳам фуқаро У.Х.га нисбатан Жиноят кодексининг 104-моддаси билан жиноят иши қўзғатилиб, қамоққа олиш тарзидаги эхтиёт чораси қўлланилди.
Бош прокуратура томонидан хизмат вазифасини бажараётган ҳокимият вакилининг қонуний фаолиятига ёки фуқаровий бурчини бажараётган шахсга фаол қаршилик кўрсатиш, уларга бўйсунмаслик ҳолатларига нисбатан ҳам қатъий ва муросасиз муносабат билдирилмоқда.
Она табиатга нисбатан тажовузкорона муносабатда бўлган браконерлар Ш.А., Р.Б. ва И.Ж.лар Қорақалпоғистон Республикасидаги “Қўйи Амударё” давлат биосфера резерватининг алоҳида муҳофаза этиладиган ҳудудида икки бош Бухоро буғусини темир симлар ва трослардан ясалган қопқон орқали ўта шавқатсиз усулларда овланиб, нобуд қилган ва табиатга 198 млн. сўм зарар етказилганлиги аниқланди.
Ҳолат юзасидан Беруний тумани прокуратураси томонидан Жиноят кодексининг 202-моддаси билан жиноят иши қўзғатилиб, Ш.А., Р.Б. ва И.Ж.ларга нисбатан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилди.
Худди шундай, браконерлар Ф.Қ. ва Ш.Қ.лар Конимех тумани чўл худудларида Қизил китобга киритилган она-бола жайронни ноқонуний равишда овлаб, нобуд қилганликлари ҳолати юзасидан Жиноят кодексининг 202-моддаси билан жиноят иши қўзғатилиб, жиноят ташкилотчиси Ф.Қ.га нисбатан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилиши таъминланди.
Она табиатни авайлаб асраш, ҳар бир фуқаронинг конституциявий бурчидир.