Kasbim-faxrim

Коррупция-тараққиёт кушандаси

Коррупцияга қарши кураш дунё миқёсида  бугунги кунинг энг долзарб масалаларидан бир бўлиб қолмоқда. Бу иллатга қарши кураш дунёнинг кўплаб мамлакатларини  қамраб олмоқда. Мамлакатимизда ҳам бу борада кенг қамровли ишлар амалга оширилмоқда. Хозирги пайтда республикамизда коррупцияга қарши кураш доирасида бир қатор дастурлар қабул қилиниб, ушбу дастурлар ижроси юзасидан амалий тадбирлар жадал давом этмоқда.

Хўш коррупция нима ўзи, нега бутун дунё шу иллатга қарши курашмоқда?

Коррупция мансаб мавқеидан шахсий мақсадларда фойдаланиш билан боғлиқ бўлган ижтимоий ҳуқуқий ҳодисадир. Маълумки, бу иллат ҳар қандай жамиятнинг сиёсий ва иқтисодий ривожланишига зарар етказади. Жамиятнинг маънавий ахлоқини емиради, қонун устуворлигини кучсизлантиради, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларининг жиддий тарзда бузилишига олиб келади. Шу билан бирга, уюшган жиноятчилик, терроризм ва инсоният хавфсизлигига қарши қаратилган бошқа таҳдидларнинг ўсишига ёрдам беради. Унинг домига илинган амалдор шахсий манфаатини давлат манфаатидан устун қўйиши натижасида, мамлакатнинг сиёсий ва иқтисодий йўлига ҳамда аҳолининг аксарият қисмига тузатиб бўлмайдиган зарар етказади, чет эллик шерикларда ҳам ишончсизлик уйғотади ва уларни ҳамкорликдан қайтаради.

Жамиятни ҳар томонлама ривожлантириш ҳар бир мамлакат олдида турган асосий вазифалардан бири ҳисобланади. Шундай давлатлар борки, уларнинг ҳар бирида коррупцияга қарши кураш бўйича тегишли чора-тадбирлар ва унга қарши курашиш тўғрисида норматив ҳужжатлар қабул қилинган. Ҳақиқатан, коррупция муаммоси бугунги кунда дунё миқёсида ўз ечимини талаб этаётган биринчи масалалардан бири ҳисобланади. Шу боис ҳам, жаҳон ҳамжамияти бу иллатга қарши кескин курашмоқда. Бу йўналишда бир қатор халқаро ҳужжатлар ҳам қабул қилинган бўлиб, БМТ ҳомийлигида қабул қилинган коррупцияга қарши курашиш резолюцияси (1995 й.), Давлат мансабдор шахсларининг халқаро ахлоқ кодекси (1996 й.), Халқаро тижорат ташкилотларида коррупция ва порахўрликка қарши курашиш декларацияси (1997 й.), Миллатлараро уюшган жиноятчиликка қарши конвенцияси (2000 й.), Коррупцияга қарши конвенция (2003 й.) ва бошқалар шулар жумласидандир.

Коррупция ва порахўрлик ҳақида тарихга бир назар ташласак, жаҳон тарихининг турли даврларидаги давлатларда ҳам мансабдор шахслар томонидан коррупцияга оид жиноятлар содир этилгани, коррупцияга қарши қонунлар қабул қилиниб, ўзига хос жазолар тайинланганининг гувоҳи бўламиз.

Жумладан, Соҳибқирон Амир Темур ва темурийлар даврида жиноят ва жазо масалаларини ҳал этишда “Темур тузуклари” алоҳида ўрин эгаллаган. Тузукларда мулкни, хусусан, дав­лат мулкини ўзлаштирганлик учун жавобгарликни белгилашда ўзига хос ёндашув мавжуд бўлган.

Ўша даврда амалдор­лар ишини тартибга солиш мақ­­садида вақти-вақти билан сў­роқ,­ тек­шириш, тафтиш, тергов ўт­казибтурилган. Ўз амалини суиистеъмол қилиш, доимий равишда ичкилик ичиш, маиший бу­зуқлик каби қилмишлар оғир гу­ноҳ ҳисобланган ва қаттиқ жазоланган. Тарихий манбаларда келтирилишича, Амир Темурнинг ўғли Мироншоҳ, неваралари Пир­му­ҳам­мад ва Халил Султонлар юқо­рида зикр этилган меъёрларни бузганликлари учун халқ олдида жазога тортилган.

Диний нуқтаи назардан олиб қарасак ҳам, Аллоҳ таоло инсониятни яратгач, уларни ер юзида ҳалол ризқ талаб қилишга амр этиб, унинг акси бўлмиш ҳаромдан ҳазар қилишга буюради.  Демак, ҳар бир инсон ҳалол ризқ талаб қилиши билан бирга, бировнинг ҳаққидан ҳазар қилиши ва ўзгаларнинг молини ноҳақ йўллар билан ўзлаштирмаслиги ўта муҳимдир.

Ҳаётда ўзгаларнинг ҳаққига тажовуз қиладиган, ўзгалар молини ўзлаштириб оладиган кимсалар, гарчи кўзга “уддабурон кишилар” бўлиб кўринса-да, ночор ва бечора кишилар айнан ўшалардир.

Бу ўринда, бировнинг ҳаққини ноҳақ ейиш ҳамда пора берувчи ва пора олувчи ҳам оғир гуноҳкор бўлишлиги муқаддас манбааларимизда ҳам айтиб ўтилган.

Демак, коррупцияга қарши курашишда инсоннинг диний-маърифий билимларга эга бўлиши ҳам жуда муҳимдир.

Хулоса ўрнида шуни айтиш керакки, коррупция ва порахўрлик жамият барқарорлигининг муҳим асоси бўлган адолатнинг йўқолишига олиб келади. Мамлакатимиз мустаҳкамлиги, халқимиз фаровонлиги, юртнинг ривожи ва гуллаб яшнашини, обод бўлишини истаган ҳар бир фуқаро пора олиш ва бериш иллатидан халос бўлиши, атрофида содир бўлаётган бу каби холатларга бефарқ бўлмаслиги лозим.

Сурхондарё вилоят суди

девонхона катта консультанти М.Маматқориев

Related Articles

Back to top button