Анор фестивали таассуротларга бой бўлди
Сурхондарё вилояти Шеробод туманида “Ўзбекистон анорчилар куни” республика фестивали бўлиб ўтди. Унда мамлакатимиз анор етиштирувчилари ва соҳа мутахассислари, Туркия, Озарбайжон, Жанубий Корея, Афғонистон, Украина, Тожикистон давлатлари вакиллари иштирок этди.
Европа Иттифоқи комиссияси, Жаҳон банки, Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, вазирлик ҳузуридаги Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги соҳасида стратегик ривожланиш ва тадқиқотлар халқаро маркази, Сурхондарё вилояти ҳокимлиги, Ўзбекистон Анорчилар ассоциацияси ва бошқа ташкилотлар ҳамкорлигида ташкил этилган фестивални Бош вазир ўринбосари З. Маҳкамова очди.
Сурхондарё вилояти ҳокими Т.Боболов фестиваль иштирокчиларини табриклаб, вилоятда анорчиликни ривожлантириш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳақида батафсил маълумот берди.
Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши раиси А. Ҳаитов, Қишлоқ хўжалиги вазири ўринбосари А.Тўраев, Ўзбекистон Анорчилар ассоциацияси раиси М. Сайфутдинова, Ўсимликлар карантини давлат инспекцияси бошлиғи И.Эргашев ва бошқалар мамлакатимизда анорчиликни ривожлантириш, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, жаҳон бозорида рақобатбардош анор етиштириш ва хорижга экспорт қилиш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилаётганини таъкидлади.
Мутахассисларнинг фикрича, мамлакатимизда анорнинг 30 дан ортиқ тури етиштирилаётган бўлса, шерободлик боғбонлар минг дардга даво бўладиган бу меванинг “Гулоби”, “Қозоқи”, “Тошқўрғон”, “Гайзара”, “Қора дона” каби ўнга яқин ширин ва нордон, узоқ муддат сақланадиган ва серҳосил навларини парваришламоқда. Водийнинг “Қува” нави ҳам синовдан ўтказилиб, маҳаллий шароитда етиштириш йўлга қўйилмоқда.
Фестиваль доирасида мамлакатимиз анор етиштирувчилари парваришлаётган табиий меванинг кўргазмаси ҳам ташкил этилди.
– Кўргазма бизда бой таассурот қолдирди,– дейди Уруғчилик ассоциацияси эксперти Чихан Сезайдерли – Ранги тоза. Таъми ширин. Шерободда анорчилик бўйича бой тажриба тўпланганига гувоҳ бўлдик. Боғбонлар билан суҳбатлашдик. Ўзимизнинг таклиф ва тавсияларимизни ҳам билдирдик. Биз инновацион ғоялар асосида анорнинг янги-янги навларини яратмоқдамиз. Бу ерда фестиваль ўтказилишини эшитиб бу ютуқларимизни анор етиштирувчилар ва соҳа мутахассислари билан баҳам кўриш учун келдик.
Тумандаги “Шеробод Анор Импекс” масъулияти чекланган жамияти ҳудудида бўлиб ўтган фестивалда “Ўзбекистонда анорчилик ва унинг истиқболлари” мавзуида семинар ўтказилди. Анжуманда олимлар, соҳа мутахассислари анор етиштирувчиларни юз бераётган янгиликлар ҳамда Ўзбекистонда анорчилик истиқболлари билан яқиндан таништирди.
Иштирокчилар “Шеробод Анор Импекс” масъулияти чекланган жамиятининг қиймати 1 миллион долларлик анорнинг таъмини, рангини, оғирлиги ва анор пўстлоғининг қалин ёки юпқалигини аниқлайдиган ҳамда турларга ажратилгач, экспортбоп қилиб қадоқлайдиган, мевани қайта ишлаб, табиий шарбат ишлаб чиқарадиган замонавий корхонаси, “Ўзагролизинг” компаниясининг техникалар кўргазмаси билан танишди. Туман фермер хўжаликлари ва тадбиркорларнинг анор боғларини кўздан кечирди.
“Энг мазали анор нави”, “Энг катта анор”, “Энг мазали анор шарбати”, “Энг чиройли тозаланган анор” каби номинациялар ғолиблари аниқланиб, фестиваль ташкилотчиларининг қимматбаҳо совғалари, диплом ва фестиваль статуэткалари билан тақдирланди.
Санъаткорларнинг концерт дастури тадбирга ўзгача шукуҳ бағишлади.
Холмўмин Маматрайимов, ЎзА мухбири