Бу қизиқ

ЎЗБЕКИСТОНДA ЯПОНИЯНИНГ ЧОЙ ЎСИМЛИГИ ЕТИШТИРИЛМОҚДA

Республикамизнинг денгиз сатҳидан 600-1500 метр баландликдажойлашган тоғ ва тоғ олди ҳудудлари, жумладан, Сурхондарё, Қашқадарё, Жиззах, Тошкент ва Фарғона водийси вилоятларида чой кўчатлари экилиб, Ўзбекистон тупроқ-иқлим шароитига мослаштириш бўйича олимлар томонидан илмий изланишлар олиб борилмоқда. Ҳозирда синовдаги чой ўсимлиги мамлакатимизда яхши ўсмоқда.

Республикамизда чой етиштириш бўйича ушбу қадам дастлаб Ш.Мирзиёевнинг Японияга ташрифида кунчиқар мамлакат бош вазири билан протокол имзолаб, ўсимликни етиштириш бўйича келишувга эришилганда бошланганди. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018-йил 30-июндаги 490-сонли “Чой етиштиришни ташкил этиш ва аҳолини мамлакатимизда ишлаб чиқарилган сифатли чой ҳамда чой маҳсулотлари билан таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида” қарори қабул қилинди. Ушбу келишув ва қарор ижросини таъминлаш мақсадида Тошкент давлат аграр университети “Деҳқончилик ва мелиорация” кафедраси профессор ўқитувчилари Япония давлатининг Майзуру шаҳри ҳамда Токио қишлоқ хўжалиги ва технологиялари университети билан ҳамкорликда у ерда етиштирилаётган 5 та:“Саямакаори”, “Фукимидори”, “Хокимей”, “Фушин”, “Саямадори” чой навларини интродукция яъни мамлакатимизга “кўчириб келтиришга” киришишди. Aйнан ушбу чой навлари республикамиз ерларида синовдан ўтказилмоқда.

Ушбу ҳамкорликдан мақсад тоғ ва тоғ олди ҳудудларида ўсимликни кўпайтириб, кейинчалик чой экиладиган майдонларини яратишдир. Бу орқали эса халқимизни ўзимизда етиштирилган ва ишлаб чиқилган арзон, сифатли чой ва чой маҳсулотлари билан таъминлаш кўзда тутилган. Дарвоқе, бу ҳамкорликдаги режалар амалга ошса, ҳудудларда кўпчилик аҳоли иш билан таъминланади.

Related Articles

Back to top button