Мавзу: Қасддан одам ўлдириш жиноятларини тергов қилиш амалиёти
Қотиллик, яъни қасддан инсонни ҳаётдан маҳрум этиш жиноятлари оғир ва тергов услуби анча мураккаб кечадиган ҳодисалардан ҳисобланади.
Криминалистик тергов услубини қўллаш қотиллик жиноятини текширишда жабрланувчининг ўлими сабабини аниқлашга:
у ўз ҳаётига қасд қилдими, ўлими табиий ҳолатда юз бердими, бахтсиз ҳодиса натижасида ёки қотилнинг тажовузидан содир бўлдими, деган ҳолатларни аниқлашга қаратилади. Шунинг учун ҳар қандай ҳолатларда топилган одамнинг мурдаси ёки маълум инсоннинг шубҳали вазиятда бедарак йўқолиш ҳодисаси криминалистик тергов услуби қоидаларига асосланган ҳолда текширилиши лозим.
Қотиллик жиноятларини содир этишда жиноятчилар турли усул ва қуролларни қўллайдилар. Кўп ҳолларда улар ўқ отиш ва совуқ қуроллар, турли уй-рўзғор буюмлари (пичоқ, теша, болта), бирор қаттиқ предмет (темир, тош каби)лар билан жароҳат етказиб қотиллик содир этадилар.
Қотиллик жиноятлари бўғиш, жабрланувчининг нафас олиш йўлларини бекитиш, заҳарлаш, сувда чўктириш, портлатиш ва бошқа усуллар билан ҳам содир этилади.
Жиноятни содир қилиш усуллари, жиноий ҳаракат мотивлари, жойи, вақти, ҳодисанинг оқибати, излар, қуроллар буларнинг барчаси криминалистик тавсифни ташкил қилади. Унинг айрим элементлари эса бир-бирлари билан боғлиқ бўлиб,
бири-иккинчисидан келиб чиқади ва тўлдиради. Айниқса, жиноятнинг субъекти, жабрланувчи, ишлатган қурол ва жиноят жойи каби элементлар ўзаро чамбарчас боғлиқ бўлиб, ҳар қайси элементдан қолган излар (оқибатлар) бошқа элементларда акс этади, бирини кузатиш ва текшириш билан иккинчиси унга боғлиқ бўлган ҳолатнинг хусусиятини келтириб чиқаради.
Жиноятнинг криминалистик тавсифини белгилашда юқорида келтирилган ҳолатларнинг кетма-кетлиги, ҳодиса жойидаги
вазиятларнинг келиб чиқиши, бирининг оқибати иккинчисида маълум изларнинг қолдириши кабиларини аниқлаш тергов дастлабки босқичи-нинг муваффақиятли бўлишига асос ҳисобланади.
Тергов амалиёти тажрибасига асосланган ҳолда шуни айтиш мумкинки, энг кўп тарқалган қотиллик жиноятлари уй-жой
биноларида, жамоат жойларида, кўчаларда содир этилади, бунда
жиноятнинг оқибати, қуроллар, излар яширилмайди, қотилнинг ўзи ҳам баъзида қочмайди, бекинмайди. Бундай жиноятлар кўпинча ғаразлик, ўч олиш, рашқ, безорилик, икки жиноий гуруҳларнинг қарама-қаршилик тўқнашувлари натижасида содир бўлади. Бу ҳолатларда содир этилган қотиллик жиноятларининг очилиши ва тергов жараёни унча-лик қийинчиликни туғдирмайди. Тергов услуби тавсия этган тактик ва методик воситаларни қўллаш ва ҳодиса жойидаги қуроллар, излар, жабрланувчи шахси ва ўлим сабаби ҳақидаги дастлабки маълумотлар асосида версия-тусмолларини ишлаб чиқиш ва терговни тўғри ташкил этиш, яъни ишни тегишли муддатларда очиш-исботлаш мумкин бўлади.
Айрим ҳолларда қотиллик жинояти яширин вазиятда, гувоҳларсиз, кечанинг қоронғулиги, одамнинг йўқлигидан фойдаланиб содир этилади.
Жиноятчи қасдга тайёргарлик кўради, ҳодиса жойидаги изларни йўқотишга, қуролни ўзи билан олиб кетишга, баъзида жабрланувчи марҳумнинг танасини бекитиш-йўқотишга ҳам ҳаракат қилади. Бундай жиноятлар тергов олиб бориш, исботлаш нуқтаи-назаридан мураккаб бўлиб, бирмунча қийинчиликларни келтириб чиқаради. Қотилликнинг бу турини тергов қилишда терговчи ихтисослик маҳоратини ишга солиши, дастлабки суриштирув маълумотларидан тўғри фойдалана олиши, кечиктириб бўлмайдиган тезкор ва тергов ҳаракатларини ўз вақтида ва сифатли қилиб ўтказиши талаб этилади.
Қотиллик жиноятининг изларини ва жабрланувчининг мурдасини йўқотишга қаратилган ҳаракатлар баъзида қотилликка бошқа ҳодиса тусини бериш учун ниқоблаш усулларини ҳам қўллашлик ҳоллари учраб туради. Қотил қурбонини хушсизлантириб ёки оғир жароҳат етказиб, хонанинг
эшикдеразаларини беркитиб ўт қўйиб кетади, тепалик баландликдан итариб юборади, «ўзига ўзи қасд қилган»-ниқоби тусини яратади ва ҳоказо.
Тергов амалиётида нотипик ҳоллар ҳам учраб туради. Қотил қурол билан муомала қилишни яхши билади, ҳарбий хизматда ёки алоҳида машқ асосида отиш ёки совуқ қуролларини қўллашликни эгаллаган бўлиб, жиноятга тайёргарлик кўришни ва содир қилгандан сўнг унинг изларини йўқотишни аввалдан белгилаб қўяди. Бундай вазиятлар терговни дастлабки босқичида бир мунча мураккабликни келтириб чиқаради.
Лекин криминалистик фаолиятнинг қонуниятига биноан ҳеч бир жиноят ўз оқибатини, изларини қолдирмай иложи йўқ, шунинг учун ҳар қандай жиноят, шу жумладан, қотиллик жиноятлари ҳам муваффақиятли текширилиб, фош этилади.
Жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати судья катта ёрдамчиси Ж.Маматалиев