Касбим-фахрим

ҲОСИЛДОРЛИКДА ДЕФОЛИАЦИЯ ҚАЙ ДАРАЖАДА МУҲИМ?

Мутахассис масалаҳати

Етиштирилган пахта ҳосилини кузнинг совуқ ва ёғин-сочинли кунларига қолдирмай, тез ва сифатли йиғиб-териб олишда ғўза дефолиацияси муҳим аҳамиятга эгадир.  Дефолиация қилинадиган майдонларда, ўқарик ва сув ариқлари ҳамда айланиш майдончалари текисланмаган бўлса пуркагичларни далага киритиш таъкиқланади.

Тупроқ намлигининг дефолиация самарадорлигига таъсири жуда катта. Шу сабабли дефолиация даврида тупроқ намлиги чекланган дала нам сиғими (ЧДНС) га нисбатан 60-65% ёки трактор юрганда из қолдирадиган даражада бўлиши лозим. Ўта қуруқ тупроқли далалар дефолиациядан 10-12 кун олдин енгил суғорилади.

Тупроқ намлиги юқори ёки лой ҳамда ўта қуруқ ерларда дефолиация ўтказиш самарасиз ҳисобланади.

Ҳаво ҳарорати дефолиантлар самарадорлигини белгиловчи асосий омиллардан бири ҳисобланади. Ҳар бир дефолиант ўзининг кимёвий хусусияти ва таъсир этиш механизмидан келиб чиқиб ҳароратга турли даражада талабчан бўлади. Ўсимликка юмшоқ таъсир этувчи Авгурон-экстра, Д-экстра, Далрон-супер, Дефолюкс каби дефолиантлар ҳаво ҳарорати ўртача 22-25°С даража бўлганда яхши самара берса, 20°С даражадан пасайса таъсири камаяди.

Дефолиация муддати тупроқ-иқлим шароитлари, ғўза навларининг биологик хусусияти ва етилганлигига қараб танланади. Бунда ғўза навларининг биологик хусусиятларига алоҳида эътибор бериши лозим. Чунки турли ғўза навларига дефолиантлар турлича таьсир этади. Ўртапишар, барг шапалоғи катта, қалин, сербарг ғўза навлари дефолиантларга кам таъсирчан, тезпишар, барг шапалоғи кичик ва юпқа бўлган ғўза навлари таъсирчан бўлади. Шу боис бундай навларга дефолиантлар меъёри камроқ белгиланиши керак.

Дефолиация самарадорлигига ғўза навларининг биологик етилганлиги ҳам сезиларли таъсир кўрсатади. Ўрта толали ғўза навларида 45-50% кўсаклар очилганда ўсимлик биологик етилган ҳисобланади ва дефолиацияни шундай пайтда ўтказиш юқори самара беради.

Эрта муддатларда экиб парваришланган ғўзаларда дефолиацияни 60-65% кўсаклар очилганда ўтказиш лозим. Малакали деҳқонлар тили билан айтганда, ғўза юқори ярусдаги иккинчи кўсаги пичоқ билан кесилганда чигити қорайган бўлса, дефолиацияни бошлаш мумкин.

         Дефолиация ўтказишда ҳудудларнинг иқлим шароитига, ғўза навларининг биологик ҳолатига, тупроқ намлигига, қўлланиладиган кимёвий препаратларга алоҳида эътибор қаратиш лозим. Ташқи ва инсон томонидан бажариладиган омиллар натижасида дефолиантларнинг самарадорлигини ошириш ёки унинг сифатини пасайтириш мумкин. Дефолиация тадбири айнан ғўзанинг пишиш фазасида бажарилиб, баргларни сунъий тўктириш эвазига кўсаклар очилиши тезлашади. Бугунги кунда кўплаб органик ва ноорганик моддалардан ташкил топган дефолиантлар мавжуд. Ушбу дефолиантларнинг мақбул меъёрини қўллаш пахтачиликка ихтисослаштирилган кластер ва фермер хўжаликларига иқтисодий томондан самара олиб келади. Қолаверса, ғўза барглари тўкилишини таъминлаш эвазига қисқа навбатли алмашлаб экишда қўлланилиб келинаётган кузги буғдой экинларини ўз вақтида экиб олиш имкони юзага келади.

Даврон Мирзакулов, Сурхондарё вилоят ўсимликлар карантини ва ҳимояси бошқармаси ички карантин бўлими бошлиғи

 

 

Related Articles

Back to top button