Президент раислигида хизматлар соҳасида амалга оширилаётган ишлар, йил якунига қадар режалар муҳокамасига бағишланган йиғилиш бошланди
Президент раислигида хизматлар соҳасида амалга оширилаётган ишлар, йил якунига қадар режалар муҳокамасига бағишланган йиғилиш бошланди.
2022 йилда хизматлар соҳасида 120 мингдан ортиқ янги лойиҳани ишга тушириш, хизматлар ҳажмини 435 триллион сўмга етказиш (ўтган йили 283 триллион сўм бўлган) ҳамда соҳада 1,5 миллион иш ўрни яратиш режа қилингани таъкидланди.
“Лекин айрим туман ва шаҳар ҳокимлари, уларнинг биринчи ўринбосарлари мавжуд имкониятлардан фойдаланиб, ишларни тўғри ташкил эта олмаяпти.
Мисол учун, хизматлар соҳасида январь-май ойларида 756 минг иш ўрни яратилди. Лекин, иш ўринларининг атиги 232 мингтаси ёки 31 фоизи янги объектларда яратилган.
Қолган 510 мингта иш ўрни ўзини ўзи банд қилганлар ҳиссасига тўғри келмоқда”, деди Президент.
Янги савдо ва хизмат кўрсатиш объектларида иш ўринлари яратиш бўйича Тошкент шаҳри, Самарқанд, Фарғона, Андижон вилоятлари натижа кўрсатгани, Жиззах, Навоий, Хоразм, Қашқадарёдаги ишлар аҳволи эса қониқарсиз экани таъкидланди.
Йиғилишда тадбиркорлар хизматлар соҳасида асосан 3 та масала – ер, бино ва инфратузилма билан боғлиқ муаммоларга дуч келаётгани кўрсатиб ўтилди.
Сўнгги икки ойда 23 мингдан зиёд ер майдонлари савдога чиқарилди, шундан 12 мингтаси ёки 60 фоизи хизмат кўрсатиш жойларини ташкил этиш учун қўйилган.
Бунда, 63 та туман ва шаҳарда аукционга қўйилган ер участкаларининг сони 100 тадан кўп бўлса, 27 та туманда 10 тага ҳам етмайди.
Мисол учун, Навоий, Шаҳрисабз, Қўқон, Хива, Урганч шаҳарлари, Тошкент, Бўстонлиқ, Бекобод, Китоб, Узун туманларида савдога қўйилган ерлар сони 10 тадан ошмайди.
Шу боис, фаолиятида сусткашликка йўл қўйгани учун Навоий, Шаҳрисабз, Қўқон шаҳарлари, Тошкент, Бўстонлиқ, Бекобод, Китоб, Узун туманлари ҳокимларига нисбатан охирги маротаба ҳайфсан бериш, ушбу туман ва шаҳар ҳокимларининг қурилиш бўйича ўринбосарларини лавозимидан озод этишга кўрсатма берилди.
Аукционга таклиф этилган 45 мингта ернинг 3 мингтаси келишиладиган идоралар томонидан қайтарилгани кўрсатиб ўтилди.
Бунга асосий сабаб ҳудудларнинг бош режаси ёки архитектура режалаштириш лойиҳаларининг йўқлигидир.
Шаҳарларнинг бор-йўғи 30 фоизида бош режа, қишлоқларнинг 1 фоизида архитектура режалаштириш лойиҳалари мавжудлиги танқид қилинди.
“Очиқ айтиш керак, шаҳарларнинг бош режасини ишлаб чиқишни давлат лойиҳа институтлари “монополия” қилиб олган.
Инвестиция дастурлари доирасида давлат лойиҳа институтларига ҳар йили катта маблағлар ажратилаяпти, лекин биронта туман ёки шаҳарнинг бош режаси охирига етказилмаган. Нархлар ҳам чет эллик ёки хусусий лойиҳа ташкилотлари нархларига нисбатан бир неча баробар қиммат.
Шу боис, қурилиш соҳасини трансформация қилиш бўйича ҳам алоҳида муҳокама ўтказаман”, — деди давлат раҳбари.
Йиғилишда вилоят ҳокимлари олдига тегишли идора ва ташкилотлар билан бирга сервис ва хизмат кўрсатиш объектларида яратилган доимий янги иш ўринларини ярим йил якуни билан 300 мингтага, йил якунига қадар эса
яна 800 мингтага етказиш вазифаси қўйилди.
Бу кўрсаткичларни уддалаш мумкинлиги Бухоро вилояти мисолида тушунтирилди.
Мисол учун, Бухоро шаҳридаги тадбиркорлар эски шаҳардаги меҳмонхона, ошхона, савдо дўконларининг том қисмида ресторан ва кафетерийлар ташкил этган.
Шу каби шаҳарнинг 8 та марказий кўчасида жойлашган давлат ташкилотларининг 50 га яқин биноларининг 1-қаватида
100 дан зиёд ресторан ва кафетерийлар, сервис жойларини ташкил этиш имкони мавжуд.
Вилоят ҳокимларига Бухоро тажрибасини 28 та шаҳар, барча туман марказлари ҳамда пойтахт туманларида жорий қилиш топширилди.
Иқтисодий тараққиёт вазирлигига республика бўйича давлат идораларининг балансидаги, йўл бўйларида жойлашган
4 мингга яқин маъмурий биноларидан сервис соҳасида самарали фойдаланиш бўйича дастур ишлаб чиқишга кўрсатма берилди.