Маъмурий жавобгарликни енгиллаштирувчи ва оғирлаштирувчи ҳолатлар, уларнинг ўзига хос хусусияти

Маъмурий ҳуқуқбузарлик учун жазони қўллаш чоғида содир этилган ҳуқуқбузарлик хусусияти, ҳуқуқбузарнинг шахси, унинг айбдорлик даражаси, мулкий аҳволи, жавобгарликни енгиллаштирувчи ва оғирлаштирувчи ҳолатлар ҳисобга олинади. Ўзбекистон Республикаси МЖтКнинг 31-моддасида қуйидаги ҳолатлар маъмурий жавобгарликни енгиллаштирувчи ҳолатлар ҳисобланади.
— айбдорнинг ўз қилмишидан чин кўнгилдан пушаймон бўлиши;
— айбдорнинг ҳуқуқбузарликнинг зарарли оқибатлари олдини олиши, етказилган зиённи ихтиёрий равишда тўлаши ёки келтирилган зарарни бартараф қилиши;
— ҳуқуқбузарликнинг кучли руҳий ҳаяжон таъсири остида ёки оғир шахсий, оилавий ёхуд бошқа шароитлар юзага келганлиги оқибатида содир этилиши;
— ҳуқуқбузарликнинг таҳдид ёки мажбурлов таъсирида ёхуд хизмат юзасидан, моддий ёки бошқа жиҳатдан қарамлиги таъсири остида содир этилиши;
— ҳуқуқбузарликнинг вояга етмаган шахс томонидан содир этилиши;
— ҳуқуқбузарликнинг ҳомиладор аёл ёки ўн тўрт ёшгача бўлган боласини якка ўзи тарбиялаётган шахс томонидан содир этилиши.
Маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишни кўриб чиқувчи орган (мансабдор шахс) бошқа ҳолатларни ҳам жавобгарликни енгиллаштирувчи ҳолат деб топиши мумкин.
Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси МЖтКнинг 31-моддасида эса маъмурий жавобгарликни оғирлаштирувчи ҳолатлар келтириб ўтилган бўлиб, улар қуйидагилардан иборат:
— ғайриҳуқуқий ҳаракатларни тўхтатиш ваколати бор шахслар томонидан қўйилган талабга қарамай, бундай ҳаракатларни давом эттириш;
— маъмурий жазо чорасига тортилган шахснинг бир йил мобайнида яна ўша хилдаги ҳуқуқбузарликни содир этиши, худди шунингдек ҳуқуқбузарликнинг илгари судланган шахс томонидан содир этилиши;
— вояга етмаган шахсни ҳуқуқбузарликка тортиш;
— ҳуқуқбузарликнинг бир гуруҳ шахслар томонидан содир этилиши;
— ҳуқуқбузарликнинг табиий офат шароитида ёки бошқа фавқулодда ҳолатларда содир этилиши;
— ҳуқуқбузарликнинг мастлик ҳолатида ёки гиёҳвандлик воситалари, уларнинг аналоглари, психотроп ёки шахснинг ақл-идрокига таъсир кўрсатувчи бошқа моддалар таъсири остида содир этилиши.
Маъмурий жазо чорасини қўлланувчи орган (мансабдор шахс) содир этилган маъмурий ҳуқуқбузарликнинг хусусиятига қараб мазкур ҳолатни айбни оғирлаштирувчи ҳолат деб топмаслиги мумкин.
Хулоса сифатида шуни айтиш мумкинки, маъмурий ҳуқуқбузарлик содир этган шахсга нисбатан жазо тайинлашда, маъмурий ҳуқуқбузарликнинг хусусияти, ҳуқуқбузарнинг шахси, ёши, оилавий аҳволи, жавобгарликни енгиллаштирувчи ва оғирлаштирувчи ҳолатлар борлиги, ҳуқуқбузарликни қандай тартибда содир этганлигига алоҳида эътибор қаратиш лозим.
Вилоят судининг
судья катта ёрдамчиси
Б.Нормуродов




