Bu qiziq

Қонунчиликдаги янгиликлар

Маълумки, Ўзбекистон Республикасида амалга оширилаётган ислоҳотлар натижасида қонунчилик ҳам такомиллаштирилиб борилмоқда.

Қонунларга киритиб борилаётган ўзгаришлардан хабардор бўлиб бориш ҳар бир фуқарога ўз ҳуқуқларини қонуний амалга оширишида кўмак беради.

Хусусан, 2026 йил 19 май куни “Қўриқлаш фаолияти такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш тўғрисида”ги ЎРҚ-1146-сонли Қонун қабул қилинди.

Мазкур Қонун қўриқлаш фаолияти соҳасидаги давлат сиёсатини такомиллаштиришга, жисмоний ва юридик шахсларнинг мол-мулкини ҳамда бошқа объектларни тажовузлардан ҳимоя қилиш ишлари самарадорлигини янада оширишга хизмат қилади.

Жумладан, Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 248-модданинг иккинчи қисми қуйидаги мазмундаги 2-1-банд билан тўлдирилди:

«2-1) ушбу Кодекснинг 56-1, 63-моддаларида, 72-моддасининг биринчи ва тўртинчи қисмларида (сувларни ифлослантириш ёки булғатиш, сувтўплагич иншоотларда сувни муҳофаза қилиш режимини бузиш, сув объектларига оқова сувларни оқизишга йўл қўйиш шартлари тўғрисидаги талабларни бузишга оид қисмида, бундан ер ости сувларига доир ҳуқуқбузарликлар мустасно), 79-моддасининг биринчи ва тўртинчи қисмларида, 88-моддасида (бундан битум эритиш чоғида атмосфера ҳавосини муҳофаза қилиш талабларига риоя этмаслик мустасно), 90-моддасининг биринчи қисмида, 91-моддасида (саноат чиқиндиларини, маиший чиқиндиларни ва бошқа чиқиндиларни тўплаш, ташиш чоғида табиатни муҳофаза қилиш талабларини бузишга оид қисмида), 91-1-моддасининг биринчи, иккинчи ва учинчи қисмларида, 91-2, 161-моддаларида, 187-моддасининг биринчи қисмида, 188, 188-2, 192-моддаларида назарда тутилган маъмурий ҳуқуқбузарликлар учун — Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги ҳузуридаги Қўриқлаш департаменти бошлиғи ва унинг ўринбосарлари, Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги ҳузуридаги Қўриқлаш департаментининг Давлат органлари объектларини қўриқлаш бўйича бошқармаси бошлиғи ва унинг ўринбосарлари, Қорақалпоғистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги, Тошкент шаҳар ва Тошкент вилояти ички ишлар бош бошқармалари, вилоятлар ички ишлар бошқармалари ҳузуридаги қўриқлаш хизматлари бошлиқлари ва уларнинг ўринбосарлари, туманлар (шаҳарлар) ички ишлар бошқармалари (бўлимлари) ҳузуридаги қўриқлаш хизматлари (бўлинмалари) бошлиқлари ва уларнинг ўринбосарлари»;

тўртинчи қисми қуйидаги мазмундаги бешинчи хатбоши билан тўлдирилди:

«ушбу Кодекснинг 61-моддасида, 79-моддасининг учинчи қисмида, 90-моддасининг иккинчи, учинчи ва тўртинчи қисмларида, 90-1-моддасида, 91-1-моддасининг тўртинчи қисмида, 183, 184-2, 184-3, 185-моддаларида, 185-1-моддасида (бундан божхона тўғрисидаги қонунчиликни бузиш билан боғлиқ ҳуқуқбузарликлар мустасно), 185-2, 185-3, 186-моддаларида, 187-моддасининг иккинчи қисмида, 188-1, 188-3, 189, 189-1, 191, 194, 195, 210-1-моддаларида назарда тутилган маъмурий ҳуқуқбузарликлар аниқланган тақдирда, ички ишлар органлари ҳузуридаги қўриқлаш хизматларининг (бўлинмаларининг) мансабдор шахслари»;

бешинчи хатбошиси олтинчи хатбоши деб ҳисобланди;

2) 248-1-модда иккинчи қисмининг бешинчи — саккизинчи хатбошилари қуйидаги мазмундаги бешинчи, олтинчи ва еттинчи хатбошилар билан алмаштирилди:

«Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардиясининг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри бўйича бошқармалари бошлиқлари, уларнинг ўринбосарлари, суриштирув бўлимлари бошлиқлари;

Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардиясининг Муҳим давлат объектларини қўриқлаш бошқармаси бошлиғи ва унинг ўринбосарлари;

Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардиясининг Муҳим давлат объектларини қўриқлаш бошқармаси батальонлари командирлари ва уларнинг ўринбосарлари»;

3) 284-модданинг тўртинчи қисми қуйидаги таҳрирда баён этилди:

«Юридик шахсларнинг қўриқланадиган объектларига, бошқа мол-мулкига тажовуз қилиш билан боғлиқ ҳуқуқбузарликлар содир этилган тақдирда, ҳуқуқбузар Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардиясининг ҳарбий хизматчилари (ходимлари), ички ишлар органлари ходимлари ёки ҳарбийлаштирилган қўриқлаш бўлинмаси ишчилари ва хизматчилари томонидан ҳуқуқбузарликка барҳам бериш, ҳуқуқбузарнинг шахсини аниқлаш ва ҳуқуқбузарлик тўғрисида баённома тузиш учун Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси бўлинмаларига, ички ишлар органларига ёки ҳарбийлаштирилган қўриқлаш бўлинмасининг хизмат биносига ушлаб келтирилиши мумкин»;

4) 287-модда биринчи қисмининг 1-бандидаги «210» рақами «210-моддаларида, 210-1-моддасининг биринчи қисмида» деган сўзлар билан алмаштирилди.

Ушбу Қонун расмий эълон қилинган кун, 2026 йил 20 майдан эътиборан кучга кирди.

Қонунчиликдаги янгиликлардан хабардор бўлиб бориш қонунларга риоя этган ҳолда яшайдиган ҳар бир фуқаро учун фойдадан ҳоли бўлмайди.

М.Маликов

Сурхондарё вилоят суди

жиноят ишлари бўйича судьяси

Related Articles

Back to top button