O`zbekiston

Самарқандлик сайловчилар билан учрашув кўтаринки руҳда ўтди

Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партиясидан Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод Шавкат Мирзиёев 24 сентябрь куни Самарқанд шаҳрида вилоят сайловчилари билан учрашув ўтказди.

Тадбирни номзоднинг Самарқанд вилояти бўйича ишончли вакили Рустам Холмуродов очди. Сўз Шавкат Мирзиёевга берилди.

— Самарқанд миллий давлатчилигимиз пойдевори яратилган, қадимий пойтахт мақомига эга бўлган йирик тарихий ва маданий марказларимиздан бири. Бу кўҳна ва бетакрор шаҳар Ўзбекистон тарихида, бугунги ижтимоий-иқтисодий ҳаётимизда алоҳида ўрин тутади, — деди Шавкат Мирзиёев.

Номзод ўзининг сайловолди дастури юзасидан маъруза қилди. Бу дастур иқтисодиёт, тадбиркорлик, қишлоқ хўжалиги, таълим, тиббиёт, ҳудудлар ривожи, давлат бошқаруви, қонун устуворлиги, ташқи сиёсат, маданият соҳаларига оид ўнта устувор йўналишни қамраб олган.

Самарқанд вилоятини ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришга қаратилган режалар маълум қилинди. Жумладан, 450 мингта иш ўрни яратиш орқали камбағалликни 2 баробарга қисқартириш мақсад қилинган. Келгуси беш йилда вилоятда 8 миллиард долларлик 5 минг 500 дан зиёд катта-кичик инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш мўлжалланган.

Ташқи савдо ҳажмини ошириш мақсадида Самарқанд аэропорти ёнида халқаро карго маркази,
Жомбой, Пахтачи, Оқдарё ва Самарқанд туманларида 6 та агрологистика маркази ташкил қилинади. 600 дан ортиқ янги меҳмонхона ва оилавий меҳмон уйлари ташкил этилиб, жами ўринлар сони 22 мингтага етказилади. Аҳолига юқори технологик тиббий хизматлар кўрсатиш кўлами кенгайтирилиб, Самарқанд минтақанинг “тиббиёт хаби”га айлантирилади.

— Халқимизнинг мана шундай буюк қудратига таяниб, ягона ва улуғ мақсад йўлида бирлашиб, иншоллоҳ, биз Самарқандни яна қайтадан Ер юзининг сайқалига айлантирамиз, — деди Шавкат Мирзиёев. — Ўзининг шонли тарихида буюк шаҳарлар, буюк давлат ва цивилизациялар яратган халқимиз бунга ҳар томонлама қодир, ҳар томонлама муносиб.

Учрашувда сўзга чиққанлар дастур юзасидан ўз фикрларини билдириб, фуқароларни Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида фаол иштирок этишга чақирди.

Related Articles

Back to top button