Kasbim-faxrim

Ўзбекистонда камбағалликни қисқартириш учун нималарга эътибор қаратилмоқда?

Ўзбекистон учун 2020 йил нафақат пандемия сабабли, балки мамлакат тарихида илк бор камбағаллик тушунчаси давлат раҳбари даражасида эътироф этилиб, мазкур йўналиш ижтимоий-иқтисодий сиёсатнинг асосий кун тартибига айлангани билан алоҳида эътиборга молик. «Дарё» Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги билан ҳамкорликда мамлакатда ушбу йўналишда қилинган ишлар ва истиқболдаги режалар ҳақида ҳикоя қилади.

Камбағалликни қисқартириш воситаларининг асосий стратегик йўналишлари

Ўзбекистонда 2020 йилда камбағалликни қисқартириш воситаларининг қуйидаги асосий стратегик йўналишлари амалиётга жорий этилди.

Биринчидан, Ўзбекистонда камбағалликни қисқартиришнинг институционал асослари яратилиб, камбағалликни қисқартириш масалаларини мувофиқлаштирувчи вазирлик ҳамда ушбу йўналишда илмий-тадқиқот ишларини олиб борувчи илмий марказ ташкил этилди.

Ўтган давр мобайнида мамлакатда бевосита камбағалликни қисқартириш борасида халқаро ташкилотлар (БМТ Тараққиёт дастури, Шанхай ҳамкорлик ташкилоти, ЮНИСЕФ ва бошқалар), молиявий институтлар (Жаҳон банки, Осиё тараққиёт банки) ҳамда ушбу йўналишда илғор тажрибага эга мамлакатлар илмий марказлари (Хитой Камбағалликни қисқартириш халқаро маркази) билан мустаҳкам алоқалар ўрнатилди.

Иккинчидан, пандемия шароитида эҳтиёжманд аҳолини моддий ва номоддий қўллаб-қувватлаш мақсадида жойлардаги тўртта сектор, маҳалла органлари, кенг жамоатчилик вакиллари ҳамда депутатлар билан биргаликда камбағал ва моддий ёрдамга муҳтож оилалар рўйхати — «Темир дафтар» тизими ташкил этилди.

Мазкур тизимнинг шаффофлигини таъминлаш, ижтимоий аҳволи ва турмуш шароити оғирлашган ва сектор раҳбарлари томонидан алоҳида назоратга олинган оилаларни қайд этишга мўлжалланган saxovat.argos.uz дастури ишга туширилиб, оилаларнинг меҳнатга лаёқатли ишсизлари бандлигини таъминлаш орқали уларга даромад манбаи яратишнинг «Вақтинчалик тартиби» тасдиқланди. Мазкур рўйхат қуйидаги мезонлар асосида шакллантирилди:

  • оилада меҳнатга лаёқатсиз ногиронлар ва сурункали касалликка чалинган аъзоларнинг мавжудлиги;
  • оиланинг якка-ёлғиз кексалар, бева ва ўзгалар қарамоғига муҳтож кам таъминланганлардан иборатлиги;
  • беш ва ундан кўп фарзанди бор оилалар;
  • коронавирус пандемияси сабабли қўлланилган карантин чоралари натижасида ўзининг даромад манбаини йўқотган, бироқ «темир дафтар»га киритилмай қолган оилалар;
  • оиланинг ҳақиқатда эҳтиёжманд, ночор ва моддий кўмакка муҳтожлиги.

Республика миқёсида «темир дафтар»га 594,3 минг оила ва уларнинг 2,5 миллион нафар аъзоси, шундан 648,0 минг нафар меҳнатга лаёқатли ишсиз оила аъзолари киритилиб, 2021 йил 1 март ҳолатига 641,3 минг нафарининг (99 фоизи) бандлиги таъминланган.

Уларнинг:

  • 23,2 минг нафари оилавий тадбиркорлик дастурлари доирасида;
  • 6,5 минг нафари ҳунармандчилик асосида;
  • 50,4 минг нафари жамоат ишларида;
  • 294,2 минг нафари ўзини-ўзи банд қилишда;
  • 19,9 минг нафари инвестиция лойиҳаларидаги иш ўринларида;
  • 79,7 минг нафари қишлоқ хўжалигида фойдаланишдан чиққан ерларни ажратиш ва кооперативларга бириктириш ҳисобига;
  • 36,8 минг нафари Давлат инвестиция дастури объектлари ва уй-жой қурилишига қамраб олиш орқали бандлиги таъминланган.

Кам таъминланган оилаларнинг даромад манбаини яратиш орқали республика бўйича 1 март ҳолатига 515,9 минг оила ва уларнинг 2,2 миллион нафар аъзолари «темир дафтар» рўйхатидан чиқарилган.

Президент Шавкат Мирзиёевнинг 2020 йил 30 июлдаги 6038-сон фармони билан «Темир дафтар»даги ҳақиқатда муҳтож, ночор ва эҳтиёжманд оилаларни моддий қўллаб-қувватлаш мақсадида:

  • дастлаб, 2020 йилги Қурбон Ҳайити арафасида «Темир дафтар»га киритилган 182 мингдан ортиқ оилага 154 миллиард сўм моддий ёрдам ажратилди;
  • кейинги босқичда, 2020 йил август ойида жами 280 минг оилага жон бошига 220 минг сўмдан 258 миллиард сўм бир марталик моддий ёрдам ажратилди;
  • тез тиббий ёрдам бригадаларининг 41 мингдан ортиқ ходимларига бир марталик пул мукофотлари учун 141 миллиард сўм маблағ ажратилди.

Шу билан бирга, кекса ёшдаги ҳамда ногиронлиги бўлган шахсларни моддий қўллаб-қувватлаш мақсадида 2020 йил 1 сентябрдан бошлаб пенсиялар, болаликдан ногиронлиги бўлган шахсларга, зарур иш стажига эга бўлмаган кекса ёшдаги ва меҳнатга лаёқатсиз фуқароларга бериладиган нафақалар миқдори 10 фоизга оширилди.

Бундан ташқари, моддий ёрдам ва кўмакка муҳтож, «Темир дафтар»га киритилган оилаларнинг 16 ёшга тўлмаган болаларига, ногирон ва боқувчисини йўқотганлик пенсияси ёки нафақасини олувчи оилаларнинг 16 ёшга тўлмаган жами 845 минг нафардан ортиқ болаларнинг ҳар бирига 500 минг сўмдан жами 422 миллиард сўм бир марталик ёрдам тўловлари тўлаб берилди.

Ҳозирги кунга қадар «Темир дафтар»га киритилган 600 мингга яқин эҳтиёжманд оилаларга жами 1,37 триллион сўмлик тўғридан-тўғри моддий ва номоддий ёрдамлар кўрсатилди.

Бунда жаҳон тажрибасида кенг қўлланиладиган камбағал оилаларнинг доимий даромад манбаини яратиш, инсон капитали сифатини ошириш ҳамда тўғридан-тўғри қўллаб-қувватлаш каби уч воситадан фойдаланилмоқда.

Шу билан бирга, ўтган йилда ижтимоий кўмакка муҳтож ва кам таъминланган оилаларга нафақа ва моддий ёрдам ажратиш қамрови оширилди. Жумладан, бола парвариши учун нафақа ва моддий ёрдам олувчи оилалар сони ўтган йил якунида йил бошига нисбатан икки бараварга, яъни 600 минг нафардан 1,2 миллион нафаргача оширилди.

Учинчидан, Жаҳон банки ва БМТ Тараққиёт дастури каби халқаро ташкилотларнинг таклиф ва тавсиялари асосида аҳолининг минимал истеъмол харажатлари қийматини ҳисоблаш тартибини амалиётга жорий этиш чоралари кўрилмоқда. Мазкур услубиёт Ўзбекистонда аҳолини ижтимоий ҳимоя қилишда муҳим дастаклардан бири бўлиб, ижтимоий стандартларни белгилашда фойдаланилади.

Тўртинчидан, ўрта ва узоқ муддатларда камбағалликни қисқартиришнинг стратегик мақсадларини белгилаш мақсадида, Жаҳон банки ва БМТ Тараққиёт Дастури экспертлари билан бирга «2021—2030 йилларга қадар Ўзбекистонда камбағалликни қисқартириш стратегияси» лойиҳаси ишлаб чиқилиб, умумхалқ муҳокамасига қўйилди.

Ҳужжатда республикада камбағалликни қисқартириш учун комплекс ёндашилиб, қуйидаги устувор йўналишлар доирасида чора-тадбирларни амалга ошириш назарда тутилмоқда:

  • эҳтиёжманд аҳолига кўрсатиладиган ёрдам ва хизматлар турини кўпайтириш ҳамда сифатини яхшилаш орқали мавжуд тизимни янада такомиллаштириш;
  • аҳоли эҳтиёжманд қатламини ижтимоий муҳофаза қилишнинг янги усул ва механизмларини доимий такомиллаштириб бориш орқали камбағаллик даражасини янада қисқартириш;
  • аҳоли эҳтиёжманд қатламининг сифатли ва узлуксиз таълим олиш имкониятларини ошириш орқали инсон капиталини ривожлантириш ҳамда соғлиқни сақлаш хизматларидан тўлиқ фойдаланишига эришиш;
  • ҳудудлар ва иқтисодиёт тармоқларида фойдаланилмаётган янги ресурсларни ишга тушириш орқали камбағал аҳоли, айниқса аёллар ва ёшлар бандлигини оширишнинг замонавий механизмларини жорий этиш;
  • ҳукумат томонидан давлат ва нодавлат ташкилотларининг бевосита камбағалликни қисқартириш борасидаги фаолияти ҳамда амалга ошириладиган чора-тадбирлар самарадорлигини таъминлаш;
  • ҳудудларда камбағал аҳолининг уй-жой шароитларини яхшилаш, коммунал хизматлар, муҳандислик инфратузилма объектларидан фойдаланиш даражасини ошириш.

Камбағалликни қисқартириш бўйича истиқболдаги устувор вазифалар

2021 йилги Давлат дастурида иқтисодиётни ривожлантириш, шу жумладан камбағалликни қисқартириш ва узоқ муддатли барқарор иқтисодий ўсиш пойдеворини яратишнинг устувор йўналишлари белгиланган. Жумладан:

а) ишсиз аъзолари бор бўлган ҳамда «Темир дафтар», «Аёллар дафтари» ва «Ёшлар дафтари»га киритилган оилаларга деҳқончилик билан шуғулланиш имкониятларини кенгайтириш учун 2021 йил 1 июлдан бошлаб:

  • деҳқончилик билан шуғулланиш учун янги ўзлаштирилган, лалми, фойдаланилмаётган ер майдонларидан 10 сотихдан 1 гектаргача ер ажратилиши;
  • ажратилган ер майдонлари суғориш тизими (артезиан қудуқлар, томчилатиб суғориш ва бошқалар) ҳамда электр энергияси билан таъминланиши;
  • берилган ерларни ўзлаштириш учун (ер ҳайдаш, уруғ-кўчат харид қилиш ва бошқалар) субсидия ажратилиши белгилаб берилган.

Шу билан бирга, 2021 йил 1 апрелга қадар ҳар бир туманнинг имконияти ва ривожланиш йўналишидан келиб чиқиб эҳтиёжманд оилаларга деҳқончилик билан шуғулланиш учун кўмаклашиш тизимини йўлга қўйиш вазифаси кўзда тутилган эди.

б) Яна бир муҳим жиҳат шундан иборатки, тадбиркорлик ва ўзини ўзи банд қилиш фаолиятини бошламоқчи бўлган ишсиз, шу жумладан «Темир дафтар», «Аёллар дафтари» ва «Ёшлар дафтари»га киритилган фуқароларга фаолиятини бошлаш учун керак бўлган асбоб-ускуна, меҳнат қуроллари харид қилиш учун 7 миллион сўмгача субсидиялар ажратилиши амалиёти йўлга қўйилиб, бу орқали мазкур аҳоли қатламлари бизнес учун дастлабки капитал билан таъминланади.

в) Ўзбекистон тарихида илк маротаба миллий камбағаллик чегараси — Аҳолининг минимал истеъмол харажатларини эълон қилиш амалиёти йўлга қўйилиб, мазкур кўрсаткичдан ижтимоий сиёсатни юритишнинг самарали инструменти сифатида фойдаланилади. Шу билан биргаликда, ижтимоий кафолатларни бир тизимга келтирилиб, улар босқичма-босқич минимал меъёрлар даражасига етказилади.

г) Камбағалликни қисқартириш борасида ҳудудлардаги ҳақиқий ҳолатга баҳо бериш, амалга оширилаётган ишлар ижросини назорат қилиш тизимини такомиллаштириш бўйича 2020 йилда бошланган ишлар мантиқан давом эттирилади. Хусусан, ҳар бир туман ва шаҳар ҳокими ўз ҳудудида камбағалликни қисқартириш бўйича манзилли дастурни ишлаб чиқиб, унинг ижроси бўйича ҳар чоракда маҳаллий Кенгашлар ҳамда оммавий ахборот воситалари орқали халққа ҳисобот бериб бориш тизими жорий этилади. Алоҳида таъкидлаб ўтиш жоизки, камбағалликни қисқартириш бўйича амалга оширилган ишлар самарасини Давлат хизматини ривожлантириш агентлигининг ҳокимлар фаолиятига баҳо бериш рейтингига интеграция қилинади.

д) Ишсиз фуқаролар, камбағал оила аъзоларига уларнинг бандлигини таъминлаш ва ижтимоий қўллаб-қувватлаш мақсадида берилаётган моддий ёрдам ва субсидиялар самарадорлигини ошириш мақсадида мутлақо янгича тизим — ижтимоий шартнома тизими жорий йилдан бошлаб амалиётга тадбиқ этилади. Мазкур тизим орқали:

  • ишсиз, ижтимоий ҳимояга муҳтож фуқароларга бандлигини таъминлаш ва моддий кўмак бериш мақсадида ажратилаётган субсидия, грант, нафақа ва бошқа тўловлардан фойдаланиш бўйича фуқаронинг мажбуриятлари белгилаб берилади;
  • фуқаронинг ижтимоий шартнома бўйича ўз мажбуриятларини бажариш устидан мониторинг тизими ўрнатилади ва давлатдан ёрдам олган фуқаронинг «шахсий профили» яратилади;
  • ижтимоий шартнома бўйича ўз мажбуриятларини бажарган фуқароларни рағбатлантириш, бажарилмаган ҳолатларда эса уларнинг ижтимоий масъулияти белгиланади;
  • ижтимоий шартнома тизими тажриба тариқасида синовдан ўтказилиб, натижалари бўйича республиканинг барча туман (шаҳар)ларида татбиқ этилади.

э) 2021 йилда камбағал ва ишсиз фуқароларни доимий даромад манбаи билан таъминлаш ва меҳнат фаоллигини ошириш мақсадида уларни касб-ҳунар ва тадбиркорликка ўқитиш тизими тўлиқ жорий этилиб, ўқишга жалб қилинган фуқаролар қамрови кенгайтирилади. Ушбу мақсадларда қатор амалий чора-тадбирлар ишлаб чиқилади. Жумладан, унда:

  • 70 минг нафар ишсиз фуқарони 40 турдаги касб-ҳунарга ўқитиш;
  • 39,6 минг ишсиз фуқарони тадбиркорлик кўникмаларига ўқитиш;
  • 50 минг фуқарони ташкиллаштирилган меҳнат миграцияси учун чет тилларига ўқитиш;
  • «Темир дафтар», «Аёллар дафтари», «Ёшлар дафтари»га кирган фуқароларнинг ўқиш харажатларини Бандликка кўмаклашиш жамғармаси, ёшлар ва хотин-қизларнинг ўқиш харажатларини эса Тадбиркорликни ривожлантириш агентлиги (жамғармаси) томонидан қоплаб бериш назарда тутилади.
  • ж) Бундан ташқари, эҳтиёжманд оилаларни уй-жой билан таъминлаш бўйича олиб борилаётган ишлар кўлами янада кенгайтирилиб, чин етим ёшларни уй-жой билан таъминлаш, бошпанасиз, оғир турмуш шароитига тушиб қолган оилалар ва шахсларни вақтинчалик ёки умрбод мулк ҳуқуқи берилмаган ҳолда турар-жой билан таъминлаш учун маҳаллий ҳокимликлар томонидан уй-жойларни сотиб олиш тартиби жорий этилади.

Related Articles

Close