O`zbekiston

Кластер — манфаатдорлик, дегани. Манфаатдорлик бор жойда ўсиш бўлади. Айниқса, қишлоқ хўжалигида

Ўзбекистонда аграр соҳани ислоҳ қилиш, унга бозор механизмлари ва замонавий технологияларни жорий этиш борасида изчил чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Хусусан, кластер усули йўлга қўйилди, бу эса бозор тамойилларига ўтишда, соҳада давлат аралашувини кескин камайтириш, режа ортидан қувиш ва мажбурий меҳнат ҳолатларига бутунлай чек қўйишда муҳим омил бўлмоқда. Охир-оқибат ҳосилдорлик ҳам, даромад ҳам ошмоқда.

Шу жиҳатдан, президент Шавкат Мирзиёев: «Кластер ва манфаатдорлик — Ўзбекистон қишлоқ хўжалигининг келажаги», дегани бежиз эмас. Давлат раҳбари 2020 йили Қишлоқ хўжалиги ходимлари куни муносабати билан деҳқон ва фермерлар, агрокластерлар эгаларига йўллаган табригида «қишлоқ хўжалиги тармоғига… агрокластер тизимининг жорий этилгани қисқа фурсатда ўзининг ижобий самарасини бераётгани»ни эътироф этиб ўтган эди.

Қуйида пахта-тўқимачилик, мева-сабзавотчилик ва ғаллачилик кластерлари мисолида 2018 йилдан буён юз берган ўзгаришларнинг бир қисми билан танишиш мумкин.

Пахта-тўқимачилик кластерлари

2018 йилда мавжуд 16 та пахта-тўқимачилик кластерлари томонидан 157,7 минг гектар (республикадаги пахта экилган жами майдоннинг 14,7 фоизи) майдонда 340,6 минг тонна маҳсулот етиштирилиб, ўртача ҳосилдорлик 21,5 центнерни ташкил этган бўлса, 2019 йилда тармоқдаги кластерлар сони 77 та, улар пахта эккан майдонлар ҳажми 682,4 минг гектарга (жами пахта майдонларининг 66 фоизи), мазкур кластерлар томонидан етиштирилган маҳсулот миқдори эса 1,82 миллион тоннага етди. Ўртача ҳосилдорлик 26,7 центнерни ташкил этиб, 2018 йилга нисбатан 5,2 центнерга кўп бўлди.

Президент Шавкат Мирзиёев 2020 йил декабрида Олий Мажлисга йўллаган Мурожаатномасида «қишлоқ хўжалигидаги ислоҳотлар, ер майдонлари тўлиқ хусуcий кластер ва кооперацияларга берилгани пахтачиликда ҳосилдорликни бир йилда ўртача 10 фоизга ошириш имконини яратгани»ни таъкидлаган эди. Дарҳақиқат, 2020 йилда пахта-тўқимачилик кластерлари сони 97 та етди, улар томонидан республикадаги пахта майдонларининг 89,7 фоизида — 927 минг гектар далаларда 2,79 миллион тонна пахта хом ашёси етиштирилди, бир гектардан ўртача ҳосилдорлик 30,1 центнерни ташкил этиб, 2019 йилга нисбатан 3,4 центнерга, 2018 йилга нисбатан эса 8,6 фоизга кўп бўлди.

Кластерларнинг бундай самарадорлиги, албатта, манфаатдорлик билан боғлиқ, манфаатдорлик бор жойда эса бир қарич ердан ҳам самарали фойдаланишга, бир томчи сувни ҳам увол қилмасликка интилиш бўлади. Бу сўзларни қуйидаги рақамлар тасдиқлади — 2019—2020 йилларда 21 та пахтачилик кластерлари томонидан жами 6 824 гектар, жумладан 2019 йилда 6 та кластерда 2 213 гектар, 2020 йилда 15 та кластерда 4 611 гектар ер майдонлари қайта фойдаланишга киритилди, кластерлар томонидан 1,9 минг километр ирригация-мелиорация тармоқларини тозалаш ва 52 та насос агрегатларини ўрнатиш ишлари амалга оширилди.

Пахтачилик соҳасида кластер тизимини жорий этилиши натижасида пахта етиштирувчиларнинг моддий манфаатдорлиги ва қўшимча рағбатлантиришни 1,5-1,6 баробарга оширишга эришилди. Жумладан, пахта етиштиришда 1 нафар ишчининг ўртача ойлик иш ҳақи 2018 йилда 865,7 минг сўмни ташкил этган бўлса, 2019 йилда 1,4 миллион сўмга (ёки 162 фоизга), 2020 йилда эса 2—2,2 миллион сўмга (ёки 150 фоизга) ошди.

Кластерлар томонидан 2018—2020 йилларда пахта хом ашёси етиштириш ва уни қайта ишлашни ташкил этиш бўйича амалга оширилган лойиҳаларда жами 145,7 мингта, шундан 2018 йилда 10 минг, 2019 йилда 48,5 минг, 2020 йилда 87,2 мингта янги иш ўринлари яратилди. Хусусан, 2020 йилда пахтани қайта ишлаш занжирини яратиш бўйича 18 та кластер томонидан ишга туширилган 774 миллиард сўмлик 29 та инвестиция лойиҳаларида 6 264 та янги иш ўринлари ташкил этилган. Биргина мисол — Қуйи Чирчиқ туманидаги ТCТ Cлустер кластеридаги ҳозирда салкам 9 минг киши меҳнат қилмоқда.

Эътиборга молик томони, пахтачиликда кластер тизими жорий этилган 2018 йилдан бери кластерлар томонидан жами 1,41 миллиард доллар миқдорида инвестициялар жалб қилинди. Хусусан, пахтани дастлабки қайта ишлаш соҳасида 1,16 миллион тонна қувватга эга 27 та лойиҳа учун 115 миллион доллар, 548 минг тонна қувватга эга 41 та ип-калава ишлаб чиқариш лойиҳаси учун 831 миллион доллар, 161 минг тонна қувватга эга 34 та мато ишлаб чиқариш ва бўяш лойиҳасига 231 миллион доллар, 148 минг тонна қувватга эга 23 та трикотаж (тикув) маҳсулотлари лойиҳасига 234 миллион доллар жалб қилинган.

Бугунги кунда фаолият юритаётган кластерларнинг 14 тасида (14,4 фоизида) пахтани қайта ишлашнинг 5 та босқичи, 15 тасида (15 фоизида) 4 та босқичи, 19 тасида (19,6 фоизида) 3 та босқич, 30 тасида (30 фоизида) 2 та босқич ва 8 тасида (8,2 фоизида) 1 та босқич қамраб олинган. Қайд этиш жоиз, 2021 йилда пахта-тўқимачилик кластерлари томонидан пахтани чуқур қайта ишлашни ташкил этиш бўйича умумий қиймати 23,71 триллион сўмлик (шундан 6,0 триллион сўм кластерларнинг ўз маблағи) 225 та инвестиция лойиҳалари амалга оширилиши белгиланган.

Шунингдек, кластерларнинг ўзига 38 минг километр суғориш тармоқлари, 27,8 минг дона гидротехник иншоотлар ва 24 минг километр коллектор-дренаж тармоқлари бириктирилди ҳамда 160 минг гектар пахта майдонларида томчилатиб суғориш технологияси жорий этилади.

Мева-сабзавотчилик кластерлари

Манфаатдорлик устувор бўлгани учун ҳам, мева-сабзавотчилик кластерлари ҳар бир имкониятдан унумли фойдаланиш пайида. Яққол мисол — Наманган вилояти Поп туманидаги «Nuran uz» кластери. Кластер эгалари Испаниядан махсус навли ўрик кўчатларини олиб келиб, уларни 100 гектар майдонга эккан. Қайд этишларича, ушбу навдаги ўриклар гектаридан 70 тоннагача мева беради. Бу — ҳар гектаридан 50 минг долларлик мева экспорт қилиш мумкин, дегани.

Умуман олганда, 2020 йилда Қорақалпоғистон Республикаси ҳамда вилоятларда жами 147 та кластер ташкил этилиб, уларга 116 минг га ер майдонлари ажратиб берилди. Ушбу кластерларда қуввати 927,8 минг бўлган 75 та қайта ишлаш заводлари, 126 минг тонна сиғимга эга 79 та музлаткичли омборхонлар мавжуд бўлиб, жами 1151 та қишлоқ хўжалик техника ва агрегатлар билан таъминланган.

Шунингдек, бу йилда 162,6 миллиард сўмлик 632 дона қишлоқ хўжалиги техника ва ускуналари, жумладан, 62 дона ҳайдов техникаси, 45 дона омоч, 24 дона ер текислагич (11 донаси лазерли ер текислагич), 45 дона минерал ўғит сепиш мосламаси, 54 дона дон экиш сеялкалари, 51 дона штангали пуркагичлар, 33 дона транспорт трактори, 20 дона дон ўриш комбайнлари, 22 дона экскаватор 183 дона борона ва 49 дона бошқа турдаги техника ва тиркамалар сотиб олинади.

Юқорида келтирилган рақамлар — қишлоқ хўжалигидаги янги тизим шарофати билан қўлга киритилган ютуқларнинг кичик бир қисми, холос.

Related Articles

Back to top button