Kasbim-faxrim
Дала четларидан тўғри фойдаланиш — бу қўшимча даромад манбаи

Жарқўрғон ва Шерабодда туманларида ташкил этилган семинарда дала четларидан унумли фойдаланиш ва бу борада қонунчиликдаги қўшимча ва ўзгартиришлар хусусида сўз борди. Унда Сурхондарё вилояти Ўсимликлар карантини ва ҳимояси бошқармаси бошлиғи Усмон Туропов иштирок этди. Тадбирда дала четлари ва бўш ер майдонларида озиқ-овқат ва дуккакли экинлар экишни йўлга қўйиш долзарблиги таъкидланиб, бу борадаги қонунчиликдаги янгиликлар йиғилганларнинг эътибор марказида бўлди. 2026 йил 13 апрелдаги ЎРҚ-1128-сон қонун билан айрим қонун ҳужжатларига қўшимча ва ўзгартиришлар киритилганлиги ҳақида тўлиқ тушунчалар берилди.
Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга киритилган қўшимчаларга кўра, иккиламчи ижарага олган ижарачилар томонидан қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ер участкаларининг дала четларидаги канал, суғориш ва коллектор-дренаж тармоқлари атрофидаги қонунчиликка мувофиқ қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш белгиланган майдонларида ва муддатларда мақбул экин экилмагани БҲМнинг 1 бараваридан 3 бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлиши белгиланганлиги айтилди. Шунингдек, Солиқ кодексига киритилган қўшимчаларга кўра, Ўсимликлар карантини ва ҳимояси агентлиги юқорида келтирилган майдонларда ҳар йили 1 майгача мақбул экин экилмаган ер участкаси ва уларнинг мулкдорлари (эгалари) тўғрисидаги ахборотни давлат солиқ органларига реал вақт режимида, электрон шаклда тақдим этиши шартлиги кўзда тутилганлиги, мазкур ахборотга асосан ер участкасининг мақбул экин экилмаган қисми учун жорий йилги ер солиғи ставкаси 3 баравар миқдорда оширилган ҳолда ҳисобланиши белгиланганлиги ҳам тушунтирилди.
Маълумки, кўп ҳолларда эътибордан четда қоладиган дала четларидан унумли фойдаланиш аслида катта имконият манбаи ҳисобланади. Ана шундай ҳудудларда мош, нўхат, ловия каби дуккакли экинларни экиш орқали қўшимча даромад олиш мумкин. Қолаверса, бу экинлар тупроқни ҳам бойитиб, кейинги экинлар учун яхши шароит яратади Шу боисдан ҳам жараёнда аҳолини арзон ва сифатли озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлашда бундай ерлардан самарали фойдаланиш муҳим аҳамият касб этиши таъкидланди.
Маълумот ўрнида келтирилдики, Сурхондарё вилояти Ўсимликлар карантини ва ҳимояси бошқармаси томонидан кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда. Хусусан, жорий йилда вилоятда 1549 гектар майдонда, шундан 932 гектар дала четларидаги майдонларда, 617 гектар каналлар суғориш ва коллектор-дренаж тармоқлари атрофидаги майдонларда қишлоқ хўжалиги экинлари экиш режалаштирган. Жумладан 434 гектарига сабзавот, 405 гектарига полиз, 507 гектарига дон ва дуккаклилар, 27 гектарига мойли ва 176 гектарига бошқа экинлар экиш режалаштирилганлиги ҳамда угунги кунда дала четларига қишлоқ хўжалиги экинларини экиш ишлари давом эттирилаётганлиги айтиб ўтилди.
Семинарда иштирок этган фермерлар, деҳқонлар ва тадбиркорлар ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олдилар. Тадбир доирасида тадбиркорлар учун яратилган имкониятлар ҳам тушунтирилди. Жумладан, бошқарма бошлиғи томонидан бу борада имтиёзли кредитлар ажратилиши, солиқ енгилликлари, субсидиялардан фойдаланиш тартиби ҳақида батафсил маълумот берилди. Бу имкониятлардан фойдаланиб, ҳар бир фермер ёки тадбиркор ўз фаолиятини янада кенгайтириши мумкинлиги айтилди. Бундай семинарлар фермер ва тадбиркорларга янги имкониятлар хабардор этиб, ердан янада самарали фойдаланишга хизмат қилади. Бир сўз билан айтганда дала четларидан тўғри фойдаланиш — бу қўшимча даромад, унумдор ер ва тўкин дастурхон демакдир.
Усмон Туропов
Сурхондарё вилояти Ўсимликлар карантини ва ҳимояси
бошқармаси бошлиғи






