Kasbim-faxrim

Нега 149 нафар масъул маъмурий жавобгарликка тортилди

Фуқароларга осон ва тезкор давлат хизматларини кўрсатиш, бу борада учраётган муаммоларга ечим топиш, жараёнда юз бериши мумкин бўлган коррупцион ҳолатларга барҳам бериш – бугуннинг асосий вазифаларидан саналади. Зеро, ҳар бир соҳада хизмат кўрсатишнинг аниқ вақти ва тартиби белгилаб берилган. Масалан, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 25.03.2020 йилдаги 182-сонли қарори билан тасдиқланган “Уй-жой сотиб олиш учун фуқароларга субсидия тўлаш тартиби тўғрисида”ги Низомнинг 15-бандида “Давлат хизматлари марказлари, комиссия ҳамда масъул ташкилотлар ўртасида ахборот алмашинуви электрон рақамли имзони мажбурий тартибда қўллаш орқали фақат идоралараро ўзаро электрон боғланиш ёрдамида амалга оширилади. Масъул ташкилотлар ўн иш кунида ариза берувчининг ижтимоий мезонларга мувофиқлигини у томонидан тақдим этилган ҳужжатлар асосида ўрганиб чиқиб, ЯИДХП га онлайн электрон шаклда маълумотларни тасдиқлайди” деб ва 34-бандда «Комиссия талабгорларни аниқлаш бўйича тақдим этилган ҳужжатлар, масъул ташкилотларнинг баҳолаш натижаларини олган кундан бошлаб 7 иш куни ичида уларнинг ушбу Низом талабларига мувофиқлигини ўрганиб чиқади.

Комиссия тақдим этилган ҳужжатлар ва маълумотлар асосида ҳамда ижтимоий мезонлар бўйича баҳолаш натижаларига кўра ариза берувчига ипотека кредитлари бўйича субсидия бериш ёки беришни рад этиш тўғрисида қарор қабул қилади» деб қайд этилган.

Бу шу кеча кундузда кўплаб юртдошларимиз дуч келаётган биргина хизматдан фойдаланиш тартиби. Аслида барча йўналишларда давлат хизматлари кўрсатиш регламентлари Вазирлар Маҳкамасининг қарори билан тасдиқланган. Бироқ, шунга қарамай ҳамон масъул ташкилотлар томонидан қоидаларни менсимаслик, қасддан бузиш, ёки эътиборсиз муносабатда бўлиш ҳолатлари учраб турибди. Шу каби фуқаролар мурожаатига бефарқ муносабатда бўлган масъул ходимларга эса, ўз вақтида Давлат хизматлари агентлиги Сурхондарё вилояти бошқармаси томонидан тегишли тартибда чора кўрилмоқда.

Шу ўринда рақамларга мурожаат қиладиган бўлсак, жорий йилнинг ўтган ойи давомида давлат хизматларини кўрсатиш тартибини бузишга оид жами 1467 та қонунбузилишлар аниқланган. Аниқланган қонунбузилиши ҳолатлари бўйича ушбу идораларга 6 та тақдимнома, 19 та огоҳнома киритилиб, 149 нафар айбдор шахсларга нисбатан маъмурий баённомалар расмийлаштирилган.

Дарвоқе, расмийлаштирилган маъмурий баённомаларнинг 37 таси юқорида келтириб ўтилган субсидия олиш юзасидан юборилган сўровларга ўз муддатида жавоб бермаган масъулларга нисбатан қўлланилган.
Бир сўз билан фуқароларга давлат хизматлари кўрсатиш жараёнидаги қонунбузилиш ҳолатларига барҳам бериш, юртдошларимизни кўрсатилаётган хизматлардан мамнунлик туйишларига шароит яратиш Давлат хизматлари агентлиги Сурхондарё вилоят бошқармасининг ҳам асосий вазифаси саналади. Шуни унутмаслик керакки, давлат хизматлари кўрсатишга доир ҳар қандай эътиборсизлик бюрократик тўсиқ ва сансоларликларга йўл қўйганларга жазо муқаррар.

Зиёдулла Ортиқов
ДХА Сурхондарё вилоят бошқармаси бош маслаҳатчиси

Related Articles

Back to top button