Аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш соҳасида икки ярим ойда 13,5 мингдан ортиқ давлат хизматлари кўрсатилди
Тасаввур қилинг, дафн маросими учун нафақа олиш мақсадида ўзи шундоқ ҳам азада бўлган одам ҳали у, ҳали бу идора эшигида сарғайиб юриши қанчалар хунук манзара. Йиллар давомида юртдошларимизни ўйлантирган бу муаммога ҳам барҳам берилди. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 23 майдаги “Аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш соҳасида давлат хизматлари кўрсатишнинг айрим маъмурий регламентларини тасдиқлаш тўғрисида”ги 327-сонли қарори билан Давлат хизматлари марказлари орқали кўрсатиладиган хизмат турлари яна тўрттага ошди.
Хусусан, 2020 йилнинг 1 июнь кунидан фарзанд туғилганда бериладиган бир марталик нафақани тайинлаш, дафн маросими учун нафақа тайинлаш, пенсия ва нафақа олувчилар рўйхатида мавжудлиги ҳақида маълумотнома бериш, пенсия ҳамда нафақа миқдори тўғрисида маълумотнома бериш бўйича давлат хизматлари марказлари томонидан аҳолига тақдим этила бошланди. Ушбу вазифанинг ҳам Давлат хизматлари марказларига ўтказилиши шубҳасиз ушбу тизим халқимизга тезкор ва шаффоф хизмат кўрсатиб келаётгани одамларнинг ушбу тизимга бўлган ишончи ортиб бораётганидан далолат.
– Яқинда учунчи бор она бўлдим. Авваллари фарзанд туғилганда бериладиган бир марталик нафақа, яъни суюнчи пулини олиш учун неча кун қатнаб ҳужжат тахлардикда, ундан кейин пулни 2-3 ойда олардик. Бу гал негадир унақа бўлмади, турмуш ўртоғим фарзандимга туғилганлик ҳақидаги гувоҳномани олгани Термиз шаҳар ФҲДЁ бўлимига боргандилар, ўша жойдаги опалар, биринчи қаватда жойлашган ДХМга тушиб бир йўла суюнчи пулига ҳам ҳужжатларни топшириб кетинг, дейишибди. Хўжайиним, тушсам ҳеч ким ҳужжат нусхасини, уни-буни олиб келинг ҳам демасдан қўлимдан паспорт, никоҳ гувоҳномаси, боланинг туғилганлиги ҳақидаги гувоҳнома ва ФҲДЁдан берилган маълумотларни олиб компютерга киритишдида, булди, ака, 2-3 кунда Сизга телефон қилишади, деб жавоб беришди, дедилар. Айтганларидек, 5-6 кунда телефон қилиб банкка боришимиз кераклигини, суюнчи пули чиққанини маълум қилишди, – дейди Нилуфар Тожиева.
Давлат хизматлари агентлиги Сурхондарё вилоят бошқармасининг туман, шаҳар давлат хизматлари марказлари томонидан 1 июндан шу кунга қадар фарзанд туғилганда бериладиган бир марталик нафақани тайинлаш хизмати бўйича 6 минг 374 та, дафн маросими учун нафақа тайинлаш хизмати бўйича 1 минг 567 та, пенсия ва нафақа олувчилар рўйхатида мавжудлиги ҳақида ҳамда пенсия ва нафақа миқдори тўғрисида маълумотнома бериш хизматлари бўйича 5 минг 751 та давлат хизматлари кўрсатилган. Дарҳақиқат, ўтган ушбу қисқа давр мобайнида ҳосил бўлган бу рақамлар мазкур хизматларга бўлган эҳтиёжнинг қай даражада юқори эканлигидан далолат. Бугунги пандемия шароитида аксарият ташкилот ва идораларда ходимлар масофадан ишлашга ўтган бўлса, айримлари ўз ҳисобидан таътилга чиққан бир пайтда ушбу хизматлардан фойдаланиш учун фуқаролар анчагина сарсон бўлишлари мумкин эди. Давлат хизматлари марказлари эса, карантин талабларига амал қилган ҳолда ўз фаолиятини давом эттириб биргина Сурхондарё вилоятининг ўзида юқоридаги хизмат турлари юзасидан 13 минг 692 та хизматлар ўз вақтида кўрсатилди. Бу шунча одамнинг мушкули осон, оғири енгил бўлганидан далолат.
Бекзод Шаметов
Давлат хизматлари агентлиги Сурхондарё вилоят бошқармаси бош маслаҳатчиси