Ўзбекистон

Муҳтожларга пул кўринишида ёрдам бериш ғояси дискредитация қилинмаслиги керак

Тўрт ойдан бери иқтисодчилар, сиёсатчилар ўртасида муҳокама қилиб келинган нарса — аҳолининг қийналиб қолган қатламига пул шаклида ёрдам беришга қарор қилинди. Одамлар, жамоатчилик, экспертлар давлатнинг бу қарорини ижобий кутиб олишди.

Ижтимоий тармоқларда, сайтларда пул тарқатилиши жараёни бўйича муаммоли постлар, видеолар, тушунмовчиликлар ҳақида қуйидаги хулосаларни қилиш мумкин. Биринчидан, ажратилган ёрдам пулларидан умумий ҳисобда 1,7 млн киши наф кўр(а)ди. Расмийларнинг фикрича, 4-5 млн камбағал бор. Яъни ёрдам, истаймизми-йўқми, расмий камбағалларнинг учдан бирини қамраб олмоқда, холос. Табиийки, қолган камбағалларда “мен нега олмадим”, деган адолатли савол бўлади. Улар эътироз билдириши табиий эди. Буни ҳамма тушуниши керак: 2 киши хурсанд бўлса, 3 киши норози бўлади.

Иккинчидан, тарқатишдаги хатолар. Давлат тўрт ойки, камбағаллар рўйхати — “темир дафтар” ҳақида гапиради. Вируснинг асосий хуружига ҳозирлик кўрилмаганидек, “темир дафтар”даги фуқароларни ҳеч қурса банк карталари билан қамраб олиш чоралари кўрилмаган. Шу пайтга қадар бемалол инсон омилини истисно этадиган инфраструктура яратиш мумкин эди. Моддий ёрдам фақат ва фақат пластик карта орқали тарқатилиши керак. Маҳалла камбағални аниқлашда бошқа давлат идоралари билан бирга иштирок этиши мумкин, лекин ёрдамни тарқатишда қатнашмасмаслиги керак. Умуман, инсон омили минималлаштирилиши керак, қуйи бўғиндаги амалдорларнинг виждони, ҳалоллигига ишониш энг охирги чора бўлиши керак. Имкон қадар техник имкониятлар, имкон қадар шаффоф механизмлардан фойдаланиш керак.

Учинчидан, давлат камбағалларга ёрдам олиш учун мурожаат қилиш имкониятини яратиши керак. Бу сайт, телеграм бот ва офлайн тарзда ариза бериш орқали амалга оширилиши мумкин. Қозоқлар, масалан, шу йўлдан боришди. Аризада контакт маълумотлари, реквизитлар ҳамда ёрдамни олиш учун сабабни келтириш мумкин эди. Қозоқларнинг яхши тарафи — улар аллақачон ҳар бир фуқароси билан тўғридан-тўғри муносабат ўрнатган. Ишлиси ҳам, ишсизи ҳам, расмий ишлайдиган ҳам, норасмий ишлайдиган ҳам арзимаган мажбурий тўлов (давлат тиббиёт ва пенсия тизимида иштирок этиш учун) ҳисобига давлат билан боғланган. Пандемиядан чиқариладиган хулоса — барча фуқароларни ортиқча бюрократиясиз, отнинг калласидек тўловларсиз давлат билан боғлаш керак.

Тўртинчи муаммо, назаримизда, аҳоли билан тўғри коммуникация бўлмади. Ёрдам пули ҳақида камбағалларда ўз тасаввури, давлатда ўз режаси бор эди. Улар ўзаро кесишмади. Бундай пайтда ёрдам пули ажратилгани ҳадеб мақталдию, одамларга жайдарича қилиб тушунтирилмади. Қарор бўйича жамоатчилик муҳокамалари керак эди. Ҳар қандай жамоатчилик муҳокамаси фойда келтиради, муаммоларни олдиндан баҳолаш, тегишли хулоса чиқариш учун имконият беради.

Ва охиргиси, давлат ниҳоят ҳар хил велосипедларни кашф қилмасдан камбағалларга ёрдам беришга қарор қилди. Бу катта ва тўғри қадам. Шу ёрдамни тарқатишдаги муаммолар, ижтимоий тармоқлардаги негативлар келажакда бундай ишлардан тўхтатмаслиги керак. Яъни қийналиб қолган аҳолига пул кўринишида ёрдам бериш ғояси дискредитация қилинмаслиги лозим. Хатолар тузатилиши устида ишлаш лозим, ҳар бир қадамни шаффофлаштириб бориш керак. Жамоатчилик иштироки ҳаводек зарур.

Албатта, буларнинг барчаси ИМҲО.

Davletov

Манба Фейсбук ижтимоий тармоғи

Related Articles

Back to top button