ЁШЛАР БИЛАН МУЛОҚОТ ТАШКИЛ ЭТИЛДИ

Бугун ёшларни ватанпарварлик,миллий анъана ва қадриятларимизга ҳурмат руҳида тарбиялаш, маънавий етук ва жисмонан соғлом баркамол авлодни вояга етказиш, уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш борасида жуда кўп ишлар амалга оширилмоқда. Ўзбекистонда ёшларга оид давлат сиёсатини изчил амалга ошириш, ёш авлодни ҳар томонлама етук ва баркамол, интеллектуал салоҳиятли, ўз қатъий позициясига эга,юртда амалга оширилаётган ислоҳотларга бефарқ бўлмаган, юртнинг эртанги муносиб келажаги учун дахлдорликка тайёр, мақсадга интилувчан, серғайрат, ватанпарвар, садоқатли, комил шахслар қилиб тарбиялаш Ўзбекистонни дунёнинг энг ривожланган давлатлари сафидан ўрин олишининг муҳим омили эканлиги ҳозирги пайтда ҳеч кимга сир эмас.
Термиз давлат муҳандислик ва агротехнологиялар университетида ташкил этилган мулоқот айнан ёшлар камолоти, жамиятда тутган ўрни ва олийгоҳда таҳсил олаётган ёшларнинг давлат хизматига қизиқишни оширишга қаратилганлиги билан аҳамиятли бўлди. Семинар тарзида ташкил этилган тадбирда Сурхондарё вилояти Ўсимликлар карантини ҳимояси бошқармаси бошлиғи ўринбосари Акрам Абсаматов, бошқарма бош мутахассиси, ёшлар етакчиси Сардор Пардаев ва университетнинг устоз ва талабалари иштирок этди. Семинар давомида ўсимликларни ҳимоя қилиш, экспорт маҳсулотларини етиштириш ҳамда карантин тадбирларига алоҳида эътибор қаратилди.
Семинарда Сурхондарё вилояти Ўсимликлар карантини ҳимояси бошқармаси бошлиғи ўринбосари Акрам Абсаматов сўз олиб, иқтисодиётимизга йилига 30-35 миллиард доллар инвестиция, янги йўналишлар, замонавий технологиялар кириб келаётганлиги, минглаб корхоналар ишга тушаётганлиги ҳақида гапириб ўтди. Шунинг ўзидан йилига 250-300 минг атрофида юқори даромадли иш ўринлари пайдо бўлишини таъкидлади. Бу жойлар, энг аввало, ёшларимиз ишли бўлиши учун қўшимча имконият, — деди маърузачи. — Лекин улар замонавий технология ва хорижий тилларни билиши, касбий кўникма ва малакага эга бўлиши зарур.
Семинарда миллий кадрлар захираси давлат секторида раҳбар кадрлар таркибини барқарор таъминлаш ва унинг сифатини яхшилаш, давлат хизматчисининг касбий билимини ошириш ҳамда хизмат лавозими бўйича кўтариш мақсадида шакллантирилиши ҳусусида ҳам алоҳида тўхталиб ўтилди. Таъкидландики, бугунги кунда ушбу йўналишда Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги томонидан илғор хорижий тажриба ва миллий амалиёт уйғунлиги асосида қатор ишлар амалга оширилди. Хусусан, Буюк Британия, Бирлашган Араб Амирликлари, Туркия, Жанубий Корея, Япония каби давлатларнинг тажрибасидан келиб чиқиб, “Давлат фуқаролик хизмати ягона электрон ахборот-таҳлил тизими” дастурий-аппарат комплекси ишлаб чиқилиб, кадрларни саралаб олишнинг замонавий усуллари амалиётга тадбиқ этилмоқда. Юқорида қайд қилинган электрон тизим орқали Миллий кадрлар захираси юритилади ва бошқарилади. Захирага олинган шахс ҳақида тўлиқ маълумотлар, унинг досьесидан тортиб, баҳолаш натижаларигача ушбу электрон тизимдан ўрин олган. Қайд этиш керакки, ёшларимиз Миллий кадрлар захираси тизимини яратишнинг энг муҳим бўғини ҳисобланади. Тадбирдан кўзланган асосий мақсад ёшларнинг касб танлови ва келажак режалари учун катта мотвацион туртки бўлди Зеро, бугунги кунда янги Ўзбекистонда олиб борилаётган очиқлик сиёсати ҳар бир ёшнинг хоҳиш-истагини ўрганишга қаратилган.
Сардор Пардаев
Сурхондарё вилояти Ўсимликлар карантини ҳимояси бошқармаси
бош мутахассиси





