O`zbekiston

Ҳукумат комиссияси сурхондарёлик тадбиркорлар муаммоларини тинглади

Шеробод туманида Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари – Инвестициялар ва ташқи савдо вазири Сардор Умурзоқов бошчилигидаги вазирликлар, идоралар, тармоқ бирлашмалари ва тижорат банклари вакилларидан иборат Экспорт ва инвестицияларни ривожлантириш масалалари бўйича ҳукумат комиссиясининг сурхондарёлик тадбиркорлар ҳамда экспортчилар учун очиқ мулоқоти ташкил этилди.

Сурхондарё вилояти ҳокими Тўра Боболов, секторлар, масалага алоқадор бошқарма ва ташкилотлар, тижорат банклари раҳбарлари иштирок этган тадбирда асосий эътибор тадбиркорлар ва экспортчиларнинг муаммоларини аниқлаш, ҳал қилиш, шунингдек, ҳудудда тадбиркорликни ривожлантириш бўйича янги таклиф ва ташаббусларни ўрганишга қаратилди.

– Ўтган ойда ҳам вилоятда худди шундай учрашув ўтказиб, тадбиркорларнинг муаммоларини тинглаган эдик, – деди Республика Бош вазирининг ўринбосари С.Умурзоқов. – Натижаси қандай бўлди? Чуқур таҳлил қилдик. Кўриб чиқилган 351 мурожаатнинг 60 фоизи ўз ечимини топган. Муддат талаб этадиган қолган масалаларнинг аксарияти ҳал этилиш арафасида. Лекин, имконият бўлса ҳам айримлари бажарилмаган. Мутасадди раҳбарлар билиб қўйинглар, тадбиркорнинг масаласи асоссиз ҳал этилмаса, сизларга чора кўрилади. Сизлар билан бирга уларни тинглаб, ўртага ташлаётган муаммоларини ечиб бермасак, биз кўзланган марраларга эриша олмаймиз. Буни тўғри тушунинглар. Тадбиркорлардан эса ҳис-ҳаяжонга берилмай муаммони қисқа-лўнда ўртага ташлашни сўрайман. Вақтимиз етарли. Барчангизни тинглаб, масалани биргаликда ечиш йўлларини излаймиз.

Очиқ мулоқотда мутасадди раҳбарларга тадбиркорлар ўртага ташлаётган шу каби масалалар ечимларини тезкор амалга ошириш ва уларни келгусида ҳам қўллаб-қувватлаш учун бевосита алоқаларни йўлга қўйиш тавсия этилди. Мамлакатимизда раҳбарларнинг ишбилармонлар билан бевосита юзма-юз очиқ мулоқоти йўлга қўйилгани ҳудудларнинг мавжуд “ўсиш нуқталари”дан фойдаланиб, тадбиркорликни ривожлантириш, иқтисодий салоҳиятини ошириш ва одамларнинг турмуш даражасини юксалтиришда, шунингдек, юзага келаётган муаммоларни аниқлаб, тезкор ҳал этишда энг самарали воситаси эканини кенг намоён этмоқда. Тадбиркорларни янги лойиҳаларни амалга ошириб, халқ фаровонлиги, юрт ободлигини таъминлаш йўлида хизмат қилишга ундамоқда.

Мазкур мулоқотда тадбиркорларнинг қурилиш материаллари, енгил саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш, замонавий меҳмонхона қуриш ва хизмат кўрсатишнинг бошқа турларини ривожлантириш, қишлоқ хўжалиги ҳамда чорва маҳсулотлари етиштириш каби йўналишларда иш бошлаётганини айтиб, дуч келган муаммоларини ечишга ёрдам сўрагани ҳам бунга яққол далилдир.

“Музработ эссе” масъулияти чекланган жамияти Музработ туманида ўтган йили 1,5 миллион долларлик асфальт-бетон ишлаб чиқариш ва 500 минг долларлик пишиқ ғишт ишлаб чиқариш лойиҳаларини амалга оширган. Хорижлик шериклари билан цемент ишлаб чиқариш бўйича ҳам қиймати 20 миллион долларлик лойиҳа тайёрлаган. Беш юз кишини иш билан таъминлайдиган бу лойиҳани амалга ошириш учун 14 миллион доллар кредит сўради.

– Тижорат банкига барча ҳужжатлар топширилган, – дейди тадбиркор С.Жўраев. – Масаланинг ечими чўзилиб кетаётгани учун Ҳукумат комиссиясига мурожаат этдик. Бу муаммомиз республика ва вилоят мутасаддилари иштирокида ҳар тарафлама муҳокама этилиб, тез кунларда маблағ ажратилиши маълум қилинганидан хурсанд бўлдик. Корхонамиз ишга тушса кунига икки минг тонна цемент ишлаб чиқариш қувватига эга бўлади. Бюджетга йилига 14 миллиард сўм маблағ тушиши таъминланади.

Юзма-юз мулоқот чоғида шерободлик тадбиркор Р.Кўчкиновнинг Сариосиё туманида қиймати 90 миллион Еврога тенг тўқимачилик комплекси қуриш ташаббуси ҳам қўллаб-қувватланди. 1000 кишининг бандлиги таъминланадиган замонавий корхона учун ер майдони, кредит маблағи ажратиш бўйича мутасаддиларга тегишли топшириқлар берилди.

Очиқ мулоқот якунида тадбиркорларнинг мурожаатлари юзасидан масъул раҳбарларга масалаларни ҳал этиш бўйича аниқ муддат ва амалга ошириш механизмлари кўрсатилган амалий чора-тадбирлар дастурини шакллантириш топширилди. Барча масалаларнинг ечими қатъий назоратга олинди.

Холмўмин МАМАТРАЙИМОВ, ЎзА

Related Articles

Back to top button