Hodisalar

Ҳужжатлардаги гранулалар қиймати 11 миллиард сўмдан ортиқ кийим-кечаклар бўлиб чиқди

Юртимизда коронавирус пандемиясига қарши кураш олиб борилаётган синовли кунларда кўплаб тадбиркорларимиз қонуний асосда фаолият кўрсатиш билан бирга, хайр-саховат ишларини ҳам амалга ошириб, элнинг дуосини олишмоқда.

Аммо, ачинарлиси шундаки, гуруч курмаксиз бўлмаганидек, ўз манфаатини халқ манфаатидан устун кўрувчи айрим шахслар ҳам борки, улар имкон қадар қонунга чап бериб, давлат бюджетига ундириладиган божхона тўловларидан қочишга уринишмоқда. Бу каби қинғирликларга эса божхона органлари томонидан ўз вақтида чек қўйилмоқда.

Яқинда, Давлат божхона қўмитаси Контрабанда ва божхона қонунчилиги бузилишига қарши курашиш бошқармаси ходимлари Тошкент шаҳар божхона бошқармаси Контрабанда ва божхона қонунчилиги бузилишига қарши курашиш бўлими ходимлари билан ҳамкорликда божхона тўловларидан қочиш мақсадида юртимизга олиб кирилаётган товар-моддий бойликлар расмийлаштирувига тақдим этилган ҳужжатларга маълумотларни нотўғри киритиш билан боғлиқ навбатдаги қонунбузилиш ҳолатларини фош этишди.

Хусусан, Фарғона вилоятида фаолият кўрсатувчи маъсулияти чекланган жамиятлардан бирига хориждан олиб келинаётган юк контейнери “Чуқурсой техник идора” темир йўл чегара божхона постидаги инспекцион кўрик мажмуаси орқали кўздан кечирилганида, юкларнинг тасвирлари билан унга тегишли ҳужжатлардаги маълумотлар ўртасида тафовут борлиги маълум бўлди.

Ваҳоланки, мазкур контейнерларда ҳужжатларга мувофиқ “Гранулаланган полипропилен” товарлари бўлиши керак эди. Аммо, кўрик жараёнида бутунлай бошқа манзара намоён бўлди. Қарангки, мазкур контейнерлар аёллар ва эркаклар кийимлари билан лиқ тўла эканлиги фош бўлди.

Ушбу 737 400 дона аёллар ва эркаклар кийимларининг умумий қиймати эса 11,06 миллиард сўмни ташкил этиши ҳамда дастлабки ҳисоб-китобларга кўра қонунбузарлар бу ҳаракати билан салкам 4,5 млрд. сўм миқдоридаги божхона тўловларини четлаб ўтишга уринишганлиги маълум бўлди.

Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан божхона органлари томонидан суриштирув ҳаракатлари давом эттирилмоқда.

Related Articles

Back to top button