Ёшлар келажак бунёдкорлари: рақамлар ва ислоҳотлар нигоҳида

Бугунги кунда Ўзбекистонда ёшларга оид давлат сиёсати устувор йўналишлардан бирига айланган. Мамлакат аҳолисининг қарийб 60 фоизини ёшлар ташкил этиши эса бу соҳадаги ишларни янада тизимли ва мақсадли олиб боришни тақозо этади. Шу маънода, яқинда қабул қилинган Президент фармони ёшлар сиёсатида янги босқични бошлаб берди.
Хусусан Нурафшон шаҳрига “Ёшлар шаҳри” мақомининг берилиши — ёшларга яратилаётган эътиборнинг амалий ифодасидир. Мазкур қарор доирасида шаҳарда янги таълим муассасалари, спорт иншоотлари, замонавий коворкинг марказлари ва ишлаб чиқариш ҳудудларини ташкил этиш режалаштирилган.
Рақамларга мурожаат қиладиган бўлсак, сўнгги йилларда мамлакатимизда ёшлар бандлигини таъминлаш мақсадида минглаб янги иш ўринлари яратилди. Хусусан, 2024–2025 йиллар давомида юз минглаб ёшлар доимий иш билан таъминлангани қайд этилмоқда. Шунингдек, “Ёшлар дафтари” орқали ижтимоий ҳимояга муҳтож ёшларга моддий ёрдам ва имтиёзлар берилмоқда.
Нурафшон шаҳрида фаолият юритаётган тадбиркор Шерзод Каримовнинг таъкидлашича:
— “Охирги икки йилда ёшлар учун кредит ва субсидия олиш имкониятлари анча осонлашди. Биз ҳам шу имкониятлардан фойдаланиб, корхонамизни кенгайтирдик ва яна 15 нафар ёшни иш билан таъминладик.”
Ёшлар тадбиркорлиги соҳасида ҳам ижобий ўзгаришлар кузатилмоқда. Давлат томонидан ажратилаётган имтиёзли кредитлар, грантлар ва ўқув дастурлари орқали минглаб ёшлар ўз бизнесини бошламоқда. Масалан, кичик бизнес субъектларининг маълум қисми айнан ёшлар ҳиссасига тўғри келаётгани бу соҳадаги ўсишни кўрсатади.
Шу билан бирга, ёшлар ўртасидаги муҳожирлик масаласи ҳам долзарб бўлиб қолмоқда. Айрим маълумотларга кўра, меҳнат миграциясидаги фуқароларнинг катта қисмини айнан ёшлар ташкил этади. Бу эса ички меҳнат бозорида янада кўпроқ имкониятлар яратиш зарурлигини кўрсатади.
Бу ҳақда ёшлардан бири Муҳаммаджон шундай дейди:
— “Чет элда ишлаб тажриба орттириш мумкин, лекин барибир ўз юртимда муносиб иш топишни истайман. Агар имкониятлар кўп бўлса, албатта қайтамиз.”
Ёшлар маънавиятини юксалтириш, хусусан китобхонлик маданиятини ошириш ҳам муҳим вазифалардан бири саналади. Сўнгги йилларда кутубхоналар сони оширилиб, улар замонавий ахборот ресурслари билан таъминланмоқда. Турли китоб ярмаркалари, танловлар ва маънавий-маърифий тадбирлар орқали ёшларни китобга қизиқтириш ишлари олиб борилмоқда.
Нурафшон ахборот-кутубхона маркази рахбари Юсупов Бахтиёр бу борада шундай дейди:
— “Сўнгги пайтларда ёшлар орасида китобхонликка қизиқиш ортмоқда. Айниқса, замонавий ва мотивацион адабиётларга талаб юқори.”
Таълим соҳасида ҳам ислоҳотлар кенг кўламда амалга оширилмоқда. Янги мактаблар, университетлар ташкил этилиб, хорижий таълим дастурлари жорий этилмоқда. Бу эса ёшларнинг рақобатбардошлигини оширишга хизмат қилмоқда.
Албатта, муаммолар ҳам йўқ эмас. Ёшлар ўртасида вақтни самарали тақсимлай олмаслик, интернетдан нотўғри фойдаланиш, аниқ мақсаднинг йўқлиги каби ҳолатлар ҳам учраб туради. Мутахассислар бу борада тарғибот ва тарбия ишларини кучайтириш зарурлигини таъкидламоқда.
Хулоса қилиб айтганда, ёшлар — жамиятнинг энг катта салоҳиятидир. Рақамлар ва амалга оширилаётган ислоҳотлар шуни кўрсатмоқдаки, уларни қўллаб-қувватлашга катта эътибор қаратилмоқда. Эндиги вазифа — бу имкониятлардан унумли фойдаланиб, ҳақиқий маънода келажак бунёдкорларига айланишдир.
Ўзбекистон Давлат жаҳон тиллари университети талабаси
Турахужаева Шейма




