Маданият

Гиёҳвандликка қарши курашиш давр талаби

Барчамизга маълумки  Мамлакатимизда соғлом турмуш тарзини қарор топтириш, халқимиз ҳаёти хавфсизлигини таъминлаш, юртдошларимиз саломатлигини асраб-авайлаш энг устувор вазифалардан бири саналади. Бу борада зарур ташкилий-ҳуқуқий чора-тадбирлар изчиллик билан амалга оширилмоқда.

Гиёҳ­ванд­лик воситаларининг қонунга хилоф равишда айланишига қарши курашиш борасида салмоқли ишлар қилинмоқда. Бу ҳақда тўхталганда, гиёҳвандликка қарши курашиш ва унинг олдини олишга қаратилган мус­таҳкам ҳуқуқий база яратилганини ало­ҳида қайд этиш лозим. Хусусан, «Сурункали алкоголизм, гиёҳ­ванд­лик ва заҳарвандликка мубтало бўлган беморларни мажбурий даволаш тўғ­рисида», «Гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддалар тўғрисида»ги қо­нунлар қабул қилинди. Бу қонунларда жамоат тартибини, бошқа шахсларнинг ҳуқуқ­ларини бузаётган, аҳоли осойишталиги, саломатлиги ва маънавиятига хавф туғдираётган сурункали алкоголизм, гиёҳвандлик ва заҳарвандликка йўлиққан кимсаларга нисбатан мажбурий даволашни қўллаш кўзда тутилган. Шунингдек, ўтган даврда Ўзбекис­тон Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Гиёҳвандлик воситалари тўғ­рисида, Психотроп моддалар тўғ­рисида ҳамда Гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддаларнинг ноқонуний муомаласига қарши курашиш бў­йича конвенцияларини ратификация қилди.

Вазирлар Маҳкамаси ҳу­зурида ташкил этилган Наркотик моддаларни назорат қи­лиш миллий ахборот таҳлил марказининг фаолияти ҳам гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар ва прекурсорларнинг ғайриқонуний муомаласига қарши ҳам миллий, ҳам халқаро даражада курашишни такомиллаштиришга йўналтирилган. Бу борада тегишли таҳлилий ҳужжатлар ва таклифлар тайёрлаш, республика ва унинг ташқарисида гиёҳвандликнинг олдини олиш, наркотик воситалар устидан назорат олиб бориш бўйича маълумотлар базасини йиғиш ва шакллантириш каби кўплаб амалий ишлар қилинди.

Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 270-276-моддаларини ўз ичига олган XIX боб «Гиёҳвандлик воситалари ёки психотроп моддалар билан қонунга хилоф равишда муомала қилишдан иборат жиноятлар» деб номланган. Унга кўра, тақиқланган экинларни етиштириш, гиёҳвандлик воситалари ёки психотроп моддаларни қонунга хилоф равишда эгаллаш, ўтказиш мақсадини кўзлаб тайёрлаш, олиш, сақлаш ва бош­қа ҳаракатларни қилиш, гиёҳвандлик воситаларини истеъмол қилишга жалб қилиш, ишлаб чиқариш ёки улардан фойдаланиш қоидаларини бузиш жиноий жавобгарликка сабаб бўлади.

Гиёҳвандлик воситалари билан боғлиқ жиноятга қўл уриш муқаррар жазо тайинланишига олиб келади.

Айрим шахслар оиласи ва фарзандлари яшаётган юрт тақдирига «ажал» уруғи рахна солаётганини ўйламаган бу баднафс­лар қайси йўл билан бўлса-да, бойиш­ илинжида ҳар қандай разилликка қўл уришдан тап тортишмайди.

Ҳозирда Ўзбекистон Республикаси  ЖКнинг 273-моддаси 5-қисми ва 25,273-моддаси 5-қисми билан айб­дор деб топилаётганларни мисоллар тариқасида айтиб ўтиш мумкин.  Судланувчиларга нисбатан айбланган ҳар бир модда бўйича алоҳида-алоҳида жазо тайинланиб, Жиноят кодексининг 59-моддаси тартибида, та­йинланган жазоларни қисман қўшиш йўли билан узил-кесил 7, 8, 9 йил муддатга озодликдан маҳрум қилишга ҳукм чиқарилди.

Хулоса қилиб айтганда, гиёҳвандлик балоси инсониятни таназзул
бот­қоғи са­ри бошлайдиган энг хавфли иллат эканини унутмайлик. Бу тоифадаги жиноятга қўл урган кимсалар қонуний ва адолатли жазога тортилиши муқаррар. Шу билан бирга, бундай қилмишларнинг олдини олиш нафақат ички ишлар ва ҳу­қуқни муҳофаза қилувчи идоралар ходимлари, балки кенг жамоатчиликнинг эътибор марказида бўлса, бу борада ҳар биримиз келажакни ўйлаб иш қилсак, бу каби жиноятлар барҳам топиши турган гап.

Жиноят ишлари буйича

Шурчи туман суди раиси

Т.Тиловов

Related Articles

Back to top button