Касбим-фахрим

Қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг экспорт салоҳиятини оширишга қаратилган семинар бўлиб ўтди

Бутун дунёда озиқ-овқат хавфсизлиги долзарб муаммога айланган бугунги кунда мамлакатимизда қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг экспорт салоҳиятини янада ошириш, мавжуд ер ресурсларидан самарали фойдаланиш, маҳсулотларни қайта ишлаш, сақлаш ва экспорт қилиш ҳамда кооперация тизимини жорий этиш жараёнларини ўзаро интеграция қилишга қаратилган кенг кўламли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Денов туманида Вилоят Ўсимликлар карантини ва ҳимояси бошқармаси ташаббуси билан ташкил этилган мазкур семинарда ҳам ушбу масалаларга алоҳида эътибор қаратилди.

Унда Сурхондарё вилоят Ўсимликлар карантини ва ҳимояси бошқармаси бош мутахассиси Абдулатиф Менглиев, соҳа масъуллари, ҳудудларда фаолият юритаётган ўсимликлар карантини давлат инспекторлари, шунингдек, фермер ва деҳқон хўжаликлари вакиллари иштирок этди. Тадбирда Президентимизнинг “Қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг экспорт салоҳиятини ошириш ҳамда қайта ишлаш занжирини ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида амалга оширилаётган ишлар ҳамда келгусида бажарилиши лозим бўлган вазифалар хусусида атрофлича сўз юритилди.

Семинарда Абдулатиф  Менглиев сўз олиб,  Президентимизнинг “Қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг экспорт салоҳиятини ошириш ҳамда қайта ишлаш занжирини ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорида фермерлар ва қишлоқ хўжалиги соҳаси ходимлари учун белгиланган имтиёзлар, яратилган қулайликлар ҳамда улардан самарали фойдаланиш имкониятлари юзасидан батафсил маълумотлар берди. Таъкидландики, 2025–2026 йилларда мева-сабзавот маҳсулотларини аҳоли томорқалари, деҳқон ва фермер хўжаликларидан йиғиб, саралаб, замонавий қадоқлаб шартнома асосида реализация қилган қишлоқ хўжалиги кооперативларига қадоқ харажатларининг 25 фоизи, бироқ ҳар бир қадоқ учун 3 минг сўмдан кўп бўлмаган миқдорда қоплаб берилади. Бунда: қишлоқ хўжалиги кооперативларининг мева-сабзавот маҳсулотларини йиғувчи ва тайёрловчи аъзолари маҳсулотларни сифатли тайёрлаш ва экспортга чиқариш бўйича “Edukarantin.uz” ахборот тизими орқали ўқиб, сертификатга эга бўлиши лозим;

сертификатга эга бўлган қишлоқ хўжалиги кооперативлари ва улар аъзоларининг “Agroko‘makchi” мобиль иловасида “яшил”, “сариқ” ва “қизил” тоифалар бўйича рейтинг тизими юритилади.

Жараёнда дунё миқёсида қишлоқ хўжалиги экин майдонларида етиштирилаётган ҳосилнинг 35 фоизи зараркунанда организмлар ва ўсимлик касалликлари тарқалиши оқибатида йўқотилаётгани таъкидланди. Бу каби салбий ҳолатларнинг олдини олиш, фитосанитария хавфсизлигини таъминлаш борасида мамлакатимизда амалга оширилаётган тизимли ишлар ҳақида атрофлича маълумот берилди. Шунингдек, ўсимликлар карантини давлат инспекторларига ўз ҳудудларида фаолият юритаётган қишлоқ хўжалиги соҳасида фаолият юритаётган кишилар билан яқин ҳамкорликда ишлаш, профилактик тадбирларни кучайтириш зарурлиги алоҳида қайд этилди.

Шунингдек,  қишлоқ хўжалигида экспорт салоҳиятини ошириш, ҳосилдорликни сақлаб қолиш ва зараркунанда ҳамда касалликларга қарши курашишда билим ва тажриба алмашиш учун муҳим ҳисобланади. Бундай тадбирлар соҳа вакилларининг масъулиятини ошириш, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари сифатини яхшилаш ва мамлакат озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашда муҳим аҳамият касб этади.

Related Articles

Back to top button