ХУСУСИЙ ҚУРИЛИШ НАЗОРАТИ—СИФАТ ВА ИШОНЧ КАФОЛАТИ

Ўзбекистонда қурилиш соҳасини тартибга солиш ва уни янада шаффоф, хавфсиз ҳамда самарали қилиш йўлида навбатдаги муҳим қадам ташланди. Вазирлар Маҳкамасининг 2026 йил 13 апрелдаги 167-сон қарори билан якка тартибдаги уй-жойлар ва кичик ҳажмдаги нотурар бино-иншоотларни қуриш ҳамда реконструкция қилиш жараёнларида хусусий қурилиш назоратини амалга ошириш тартиби аниқ белгилаб берилди.
Мазкур янги тартиб қурилиш соҳасида сифатни ошириш, камчиликлар ва қонунбузилишларнинг олдини олиш, энг муҳими, фуқаролар манфаатларини ишончли ҳимоя қилишга қаратилгани билан алоҳида аҳамиятга эга. Эндиликда қурилиш жараёнлари фақатгина давлат назорати билан чекланиб қолмай, балки хусусий сектор иштирокида ҳам тизимли равишда кузатиб борилади.
Янги қоидаларга мувофиқ, хусусий қурилиш назорати лицензияга эга бўлган ва айнан шу объектнинг лойиҳа-смета ҳужжатларини ишлаб чиққан лойиҳа ташкилоти томонидан амалга оширилади. Бу эса назорат жараёнида юқори профессионаллик ва масъулиятни таъминлайди.
Чунки лойиҳани ишлаб чиққан мутахассис унинг ҳар бир жиҳатини чуқур билади ва амалдаги бажарилишини аниқ баҳолай олади.
Қурилиш ишлари якунланганидан сўнг, лойиҳаловчи томонидан «Шаффоф қурилиш» ахборот тизими орқали махсус хулоса шакллантирилиши ва буюртмачига тақдим этилиши ҳам тизимнинг рақамлашув даражаси ошганини кўрсатади. Бу орқали барча жараёнлар электрон шаклда қайд этилиб, инсон омили таъсири камайтирилади.
Янги тартибга кўра, хусусий қурилиш назорати ўтказилмаган ёки ижобий хулоса мавжуд бўлмаган объектларни фойдаланишга қабул қилиш қатъиян тақиқланади. Бу эса қурилиш сифатига бўлган талабларни янада кучайтиради ва хавфсизлик масалаларини биринчи ўринга олиб чиқади. Шу билан бирга, объектни фойдаланишга топшириш учун рухсатнома бериш ваколати тегишли туман ва шаҳар бўлимлари зиммасига юклатилгани орқали назоратнинг институционал механизми мустаҳкамланади.
Эътиборли жиҳати шундаки, хусусий қурилиш назорати буюртмачининг ихтиёри билан амалга оширилади. Бу эса мулкдорга ўз объекти устидан қўшимча назорат ўрнатиш, сифатни мустақил баҳолаш ва келгусидаги муаммоларнинг олдини олиш имконини беради. Бундай ёндашув қурилиш соҳасида масъулиятлилик маданиятини шакллантиришга хизмат қилади.
Низомда хусусий қурилиш назоратининг турлари, унинг асосий принциплари, қурилиш босқичлари ҳамда назорат натижалари бўйича хулоса олиш тартиби каби муҳим жиҳатлар ҳам атрофлича ёритилган. Бу эса барча иштирокчилар учун аниқ қоидалар ва тушунарли механизмларни белгилаб беради.
Умуман олганда, мазкур қарор қурилиш соҳасида янги даврни бошлаб беради. Сифатли, хавфсиз ва замонавий биноларни барпо этиш, фуқароларнинг ишончини ошириш ва соҳада шаффофликни таъминлашда хусусий қурилиш назорати муҳим ўрин тутади. Бу ислоҳотлар орқали мамлакатимизда қурилиш маданияти янги босқичга кўтарилиб, барқарор тараққиётга хизмат қилади.
Фуқаролик ишлари бўйича
Сариосиё туманлараро судининг судяси
Туранов Қаҳрамон Холназарович




