Ўзбекистон

Конституция ва одил судлов — қонунийликни таъминлашнинг мустаҳкам кафолати

Ҳуқуқий демократик давлатнинг муҳим белгиларидан бири мустақил суд ҳокимиятининг мавжудлиги ва одил судловни таъминлашдир. Чунки фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари, қонуний манфаатлари ишончли ҳимоя қилиниши жамиятда қонун устуворлигини таъминлашнинг асосий шартларидан ҳисобланади.

Янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституциясида суд ҳокимиятининг мустақиллиги, судьяларнинг фақат Конституция ва қонунларга бўйсуниши, суд ишларини қонун талаблари асосида кўриб чиқиш каби муҳим принциплар мустаҳкамланган.

Конституциянинг 130-моддасига мувофиқ, Ўзбекистон Республикасида одил судлов фақат суд томонидан амалга оширилади. Шунингдек, суд ҳокимияти қонун чиқарувчи ва ижро этувчи ҳокимиятдан, сиёсий партиялардан ҳамда фуқаролик жамиятининг бошқа институтларидан мустақил ҳолда иш юритади.

Конституциянинг 136-моддасида судьялар мустақил эканлиги, фақат Конституция ва қонунга бўйсуниши, уларнинг одил судловни амалга оширишга доир фаолиятига ҳар қандай тарзда аралашишга йўл қўйилмаслиги белгиланган.

Мазкур конституциявий қоидалар суд ишларини холис, адолатли ва қонун талаблари асосида кўриб чиқиш учун муҳим ҳуқуқий кафолат ҳисобланади.

Шу билан бирга, Конституциянинг 55-моддасида ҳар бир шахснинг ўз ҳуқуқ ва эркинликларини суд орқали ҳимоя қилиш ҳуқуқи кафолатланган. Бу фуқароларга давлат органлари ва бошқа ташкилотларнинг қонунга хилоф қарорлари, ҳаракатлари ёки ҳаракатсизлиги устидан судга шикоят қилиш имконини беради.

Одил судловни таъминлашда суд қарорларининг қонунийлиги, асослилиги ва адолатлилиги муҳим аҳамиятга эга. Суд жараёнида ҳар бир шахснинг ҳуқуқлари ҳурмат қилиниши, тарафларга ўз важларини баён этиш ва далилларини тақдим қилиш учун қонунда белгиланган имкониятлар яратилиши лозим.

Мазкур конституциявий талаблар нафақат суд органлари, балки ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва бошқа давлат органлари фаолиятида ҳам қонунийликка қатъий риоя этилишини тақозо этади.

Ҳар бир мансабдор шахс ўз ваколатларини амалга оширишда қонун талабларига амал қилиши, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларига ҳурмат билан муносабатда бўлиши шарт.

Хулоса қилиб айтганда, янги таҳрирдаги Конституцияда суд ҳокимияти мустақиллиги ва одил судловнинг конституциявий кафолатлари мустаҳкамлангани фуқароларнинг ҳуқуқий ҳимоясини таъминлаш, қонун устуворлигини қарор топтириш ҳамда жамиятда адолатни мустаҳкамлашга хизмат қилади.

Жиноят ишлари бўйича

Музработ туман судининг

девонхона мудири                                                                              

Э.Тиловов

Related Articles

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Back to top button