МАСТ ҲОЛДА ТРАНСПОРТ ВОСИТАСИНИ БОШҚАРИШ — ИНСОН ҲАЁТИГА ХАВФДИР

Йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш, инсон ҳаёти ва соғлиғини муҳофаза қилиш ҳар бир фуқаронинг қонун олдидаги масъулияти билан чамбарчас боғлиқ. Айниқса, спиртли ичимлик истеъмол қилган ҳолда транспорт воситасини бошқариш нафақат ҳайдовчининг ўзи, балки йўл ҳаракатида иштирок этаётган бошқа шахсларнинг ҳаёти ва саломатлиги учун ҳам жиддий хавф туғдиради.
Суд амалиётида учраб турган бундай ҳолатлар ҳар бир ҳайдовчидан юксак масъулият, интизом ва қонун талабларига қатъий риоя этишни талаб қилади.
Жумладан, судда кўриб чиқилган С.Хуррамовга (исм фамилияси ўзгартирилган) оид маъмурий ҳуқуқбузарлик иши ҳам маст ҳолда транспорт воситасини бошқариш билан боғлиқ ҳолатларни ҳуқуқий жиҳатдан холис ва ҳар томонлама баҳолаш муҳимлигини кўрсатади.
Иш материалларига кўра, 2026 йил 21 сентябрь куни С.Хуррамов «Дамас-2» русумли, давлат рақами 75 E 002 ВA бўлган транспорт воситасини спиртли ичимлик истеъмол қилган ҳолда бошқарганликда айбланган. Ҳолат юзасидан расмийлаштирилган ҳужжатлар, баданкамера тасвирлари, алкотестер натижаси, дастлабки тушунтиришлар ҳамда гувоҳларнинг кўрсатувлари суд мажлисида текширилган
Суд муҳокамасида иш учун аҳамиятли бўлган ҳар бир далилга алоҳида эътибор қаратилди. Зеро, маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишни кўриб чиқишда фақат баённома ёки мансабдор шахснинг хулосаси билан чекланиш мумкин эмас. Ҳуқуқбузарликнинг ҳақиқий ҳолатларини аниқлаш, далилларнинг ишончлилигини текшириш, уларни ўзаро таққослаш ва ҳуқуқбузарнинг важларига ҳуқуқий баҳо бериш одил судловнинг муҳим талабларидандир.
С.Хуррамов судда ўзининг маст ҳолда транспорт воситасини бошқарганлигини инкор этиб, айбсиз деб топишни сўраган. Бироқ суд учун фақат шахснинг кейинчалик билдирган инкор позицияси эмас, балки иш бўйича тўпланган барча далилларнинг мазмуни, уларнинг ўзаро мувофиқлиги ва ишнинг ҳақиқий ҳолатларини тасдиқлаш даражаси муҳим аҳамият касб этади.
Шунингдек, шахснинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари тушунтирилганлиги, процессуал ҳаракатларнинг қонун талабларига мувофиқ амалга оширилганлиги ҳам ишни қонуний ҳал этишда эътиборга олинадиган муҳим жиҳатлардан ҳисобланади.
Суднинг вазифаси кимнингдир фикрини маъқуллаш ёки рад этишдан иборат эмас. Асосий вазифа — иш ҳолатларини холисона ўрганиш, тарафларнинг важларини тинглаш, далилларни қонун асосида баҳолаш ва қонуний ҳамда асослантирилган қарор қабул қилишдир.
Мазкур тоифадаги ишлар яна бир муҳим ҳақиқатни эслатади: спиртли ичимлик истеъмол қилгандан кейин транспорт воситасини бошқаришни оддий хатти-ҳаракат сифатида баҳолаб бўлмайди. Ҳайдовчининг биргина масъулиятсиз қарори оғир оқибатларга, инсон умрига зомин бўлишга ёки оилалар ҳаётида тузатиб бўлмас фожиаларга сабаб бўлиши мумкин.
Қонун талабларига риоя этиш фақат жазодан қўрқиш билан эмас, балки бошқаларнинг ҳаёти, саломатлиги ва хавфсизлигига ҳурмат билан қарашдан бошланади. Ҳар бир ҳайдовчи рульга ўтиришдан олдин ўзининг нафақат шахсий ҳаракати, балки жамият олдидаги масъулиятини ҳам англаши лозим.
Хулоса қилиб айтганда, маст ҳолда транспорт воситасини бошқаришга қарши курашиш фақат ҳуқуқбузарга нисбатан чора кўриш билан чекланмайди. Бу борада ҳуқуқий тарғиботни кучайтириш, аҳоли ўртасида қонунга ҳурмат туйғусини шакллантириш ва ҳар бир фуқарода йўл ҳаракати хавфсизлиги учун шахсий масъулиятни ошириш муҳимдир.
Чунки йўлдаги хавфсизлик — ҳар биримизнинг ҳаётимиз, яқинларимиз тақдири ва жамият осойишталигининг кафолатидир.
Жиноят ишлари бўйича
Шўрчи туман судининг тергов судьяси
Ш.Қодиров



